Ислом динимиз ақидапарастлик, террор, гиёҳвандлик каби иллатларни қоралайди.
Муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримов: “Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда” деганлар.
Маълумки, сўнги йиллирда ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимса ва тоифалар пайдо бўлди. Улар диндан фойдаланиб, ғараз мақсадларни кўзлаган ҳолда жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамларнинг қони ноҳақ тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ ва диндорлар орасида низо чиқаришга, нифоқ солишга ҳаракат қилишмоқда. Энг ёмони, улар ўз хатти харакатларини асослаш учун муқаддас Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларни ўзларининг ғараз мақсадлари сари таъвил қилишмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар бир кемада кетаётган инсонлар баъзилари кеманинг паст қисмига, баъзилари тепасига жойлашсалар ва пастдагилар биз тепадагиларни сув олгани чиқиб тинчини бузмайлик. Шунинг учун ўзимизга пастдан бир тешик тешиб олайликда ўша тешикдан сув ичайлик дейишса. Ва бу ишга тепадагилар жим қараб туришса ҳаммалари сувга ғарқ бўлишади. Агар тепадагилар пастдагиларни қўлларидан тутиб қолишса ҳаммалари нажот топишади” деган ҳадислари шарифлари бор.
Ислом дини ҳар қандай оғир шароитда ҳам экстремистик, террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга ошириш ва гиёҳванд моддалар каби нарсаларни истеъмол қилишни қоралайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, жазоси ҳам оғирдир. Бошқаларга зарар етказиш эса ўшалардек тенг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Карим Бақара сураси 195 оятида:
“...ва ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!…” деб марҳамат қилган”.
Яъни ҳар қандай инсонни ҳалокатга олиб борадиган гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ўзини ҳалокатга ташлаш кабидир.
Динимизда инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига, ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам адолатли бўлишга риоя қилинади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик, зўравонлик қаттиқ қораланади. ХХ аср якуни инсоният тарихида терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, мутаасиблик каби иллатлар билан алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар хисобланиб, жазога лойиқдир.
Ҳадиси шарифларда инсонларни ҳалокатга олиб борадиган нарсаларни етиштирган, етказиб берган, уни сотган, истеъмол қилган ва қўйинки ушбу ишга озгина ҳисса қўшган ҳар бир инсон гуноҳкор эканлиги айтилган.
Аллоҳ таоло Қуръони карим Нисо сураси 93-оятида:
Яъни: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” деб марҳамат қилган.
Ақоидга кўра гуноҳи кабира қилган мўмин кофир бўлмайди. Лекин тақиқланган гуноҳ ишни ҳалол деб эътиқод қилса ёки фарзлардан бирини инкор этса кофир бўлиб қолади. Оятда ноҳақ одам ўлдиришни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги ҳукм баён этилмоқда. Ва ундай кишини мўмин деб ҳам бўлмайди.
Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур” дейилган.Имом Бухорий ривояти.
Мазкур оятда биринчи навбатда ҳеч ким Аллоҳ яратган инсон ҳаётига қасд қилмаслиги, бегуноҳ одамни ўлдирса жаҳаннамда абадий жазосини тортиши муқаррарлиги қайд этилади.
Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада Қасос сураси 77 оятида:
Яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, – деан.
Бу ояти каримада ҳам инсон биринчи навбатта яратиш, комиллик сари интилиши, шу билан бирга,ўзидан кейинги авлодларига ҳалол касб орқали орттирган обрў эътибори, қолдирган маънавий ва моддий бойликлари, фарзандлари яхши амаллари билан ном қолдириши, бир вақтнинг ўзида инсон ўзи истиқомат қилган юртда бузғунчилик қилмаслиги лозимлиги такидланмоқда.
Имом Муслимнинг ривоятида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўртачалик чегарасидан чиққанлар ҳалокатга учрабдилар” деб уч бор таъкидлаганлар.
Ва яна “Динда чуқур кетишдан сақланинг. Сизлардан олдингилар динда чуқур кетишдан ҳалок бўлганлар”, деганлар.
Бошқа бир ҳадисларида: “Мусулмон учун ўз биродарини қўрқитиш ҳалол эмас” деб марҳамат қилганлар.
Ҳозирги кунда зўравонлик, ақидапарастлик каби тушунчалар терроризм ва экстромизм сифатида аталади.
Машҳур ислом олими Юсуф Қаразовий: “Ислом бегуноҳ кишиларнинг жони, мулки ва номусига нисбатан зулм ишлатишни ман этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида қилган ваъзларида одамларнинг жони, мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз, деб эълон қилган. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишлидир” деганлар.
Юқорида келтирилган далиллардан кўриниб турибдики, Ислом манбаларида зўравонлик, бузғунчиликка эмас, балки инсонпарварлик, осонлик ва енгиллик яратишга аҳамият қаратиди. Ақийдапарастлик, бузғунчилик ҳар хил йўллар билан ўзини ҳалокатга ташлаш бугунги кунда пайдо бўлган долзарб масала эмас, бу муаммога нисбатан тарихан буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, унинг салбий оқибатлари хусусида ҳуқуқий ва фиқҳий баҳо бериб келганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, хозирги даврда Ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда Ислом дини таълимотини соф ҳолда асраб авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайди. Биз эса юртимиздаги тинч, осуда ҳаётни сақлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз деган фикрдамиз.
Денов туман Абу Ҳанифа жомеъ масжиди имом хатиби Д.Давлатов