Ҳаётимизда содир бўладиган кўплаб воқеаларни тафаккур   қилиб кўриш ва улардан керакли хулосалар чиқариш мумкин.  Аёл – бу тафаккур қилишга ундовчи жумбоқ. Дунёвий нарсаларнинг бари унга дахлдор. У ҳам қувонч, ҳам қайғудир. Ҳамма нарса аёл кишининг ҳаёт йўлида ўзини қандай тутишига ва ушбу ҳаёт синовида нималарга эътибор беришига боғлиқ. Бироқ у бугунги кунда биз кўп дуч келаётган талоқ каби ҳолатнинг сабабчиси бўлиши мумкинми? Қандай қилиб талоқдан ҳимояланиб, оилавий ўчоқни асраб қолиш мумкин? Бу ҳар қандай аёл учун мушкул масала. Кимдир сабр, ақл ва Аллоҳнинг улуғ инъоми бўлмиш имон билан бундай фожиадан сақланган бўлса, кимдир ўзини жиловлай олмагани ва ўзига ниҳоятда катта баҳо бергани учун ҳамон жазосини тортмоқда. Бу Аллоҳ Таоло томонидан берилган синов экани ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Биз ўзганинг дардини, изтиробини тушунишни ўрганишимиз керак. Ўзгаларнинг қилган амали модомики шариат доирасидан чиқмаган экан, уни тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Ахир ҳар қандай одам уни тушунишларини, унга раҳм қилишларини хоҳлайди ва ўзгалардан ёрдам кутади, ҳеч бўлмаса юпатувчи сўзлар кутади. Нега бизлар ўзимиз сезмаган ҳолда худбинга айланамиз.

Ахир оилавий бахт аёл кишига боғлиқ-ку! Аёл уйга кўтаринки руҳ бағишлаб, уй ишларига бош бўлади. Ахир биз салбий нарсаларни уйга олиб кирмаслигимиз, ичимиздаги “Мен”имизни енгишимиз мумкин-ку. Аёлларда доим “Нега менга бундай бўлди?” деган савол туғилади. Лекин, аёллар ҳеч ўзига ўзи “Нега эрлар хотинларини ташлаб, бошқаларга кетиб қолади, нега болалар қулоқ солмайди?” деган савол берармикан? Ҳамма бахтсизликларнинг сабаби эса ўзимизда. Шунчаки шайтон нафсимизга ҳукмини ўтказаётганини тан олишни истамаймиз. Ҳаётимиздаги қадрли нарсаларни йўқотмаслик учун нималар қиляпмиз, муаммоларни қандай ҳал қилмоқчимиз? Ўзимиз кўпинча эрларимизни ўзгалар қучоғига ҳайдаймиз. Қандай дейсизми? Талабларимиз, жанжалларимиз билан, ақлга эмас одатларга риоя қилишимиз билан. Натижада эрларимиз бошқа аёлдан ҳаловат топади. Биз аёллар жон жаҳдимиз билан ғазаб, ҳасад, хасислик, эришиб бўлмас бойликка интилиш каби иллатларимизни енгишга ҳаракат қилишимиз ва аксинча, Яратган бизга инъом этган фитратимиздаги фазилатларимизни намойиш этишимиз керак. Фақат шунда солиҳалардан бўламиз. Фақат шунда яқинларимизнинг муҳаббатига, атрофдагиларнинг ҳурматига сазовор бўламиз. Аллоҳ ҳаётнинг турли рангларини инъом қилиб, ўзимизга керакли рангни танлаб олишимизга имкон берган. У яхшини ёмондан, нурни зулматдан фарқлаш имкониятини берган. Танлаш биздан. Албатта, эрларимиз очиқ кўнгил билан кутиб олинадиган жойга боришади, қаерда имон кўп бўлса, қаерда уларни тушунишса, қаерда муносабат яхши бўлса ўша ерга ошиқишади. Аёллар ўртасида мусобақа бўлиши керак: ким яхшироқ, ким сабрлироқ, кимда имон ва сабр зиёдароқ.

Аёллар оилавий ҳаётга ва эрига боғлиқ ҳар нарсада яхши бўлишга ҳаракат қилишлари лозим. Ўз изтиробларини енга билишлари керак. Ҳеч нарса абадий эмас. Бир кун келиб ҳаёт болдан ҳам тотли бўлиб кетади. Ҳамма ғам-андуҳлар ортда қолади. Ташвишларимизни кўрмагандек бўлиб кетамиз. Имонимиз қанчалик зиёда бўлса дунёвий ташвишларга шунчалик осон сабр қиламиз. Аллоҳ биз билан биргалигига, бизга ҳар жабҳада ҳомийлик қилишига ишониш, чин дилдан имон келтириш керак. Агар ўзгалар билан баҳам кўришни ўрганмасак, ўзимизга раво кўрганимизни бошқаларга ҳам раво кўрмасак ҳеч қачон бахтли бўлмаймиз. Умр қисқа. Ушбу қисқа вақт мобайнида Аллоҳнинг амрларига бўйсуниб, шариат қонунларига риоя қилишга улгуришимиз керак.

ЎМИ Сурхондарё вилоят вакилининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, Х.Қосимова

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here