Буюк ватандошимиз имом Ал Бухорий ҳазратларининг “Ал жомеъ ас Саҳиҳ” асарларига кўплаб уламолар шарҳ китоблар ёзишди.
Шулар қаторида Ибни Ҳажар Асқалоний ҳазратлари ҳам “Фатҳул Борий” деган шарҳ ёздилар.
Ибни Ҳажар Асқалоний ҳазратлари Мисрда раис-ул Қузот (Қозилар раиси) эдилар. Кунлардан бир кун Ибни Ҳажар Асқалоний ҳазратлари Миср кўчаларида аравада кетаётган эдилар. Аравани эса отлар тортиб борарди, атрофида ҳазратнинг шогирдлари ва мухлислари юриб боришарди. Йўлда зайтун ёғи сотувчи яҳудий киши, ҳазратнинг отларини жиловини ушлаб тўхтатди. Яҳудийнинг кийимлари кир, йиртиқ ҳолатда эди. Шунда Яҳудий Ибни Ҳажар Асқалоний ҳазратларига савол берди.
Сизларнинг Пайғамбарларингизнинг “Дунё мўъмин учун дўзах, кофир учун жаннат” деган ҳадислари бор. Сиз шу ҳадисга шарҳ ёзгансиз, сиз Мисрда қозилар раиси ва олдингизда анвои неъматлар, мен эса кийимларим кир фақир яҳудийман мана шу ҳолатда бу дунё сизга қандай дўзах бўлади-ю, менга қандай жаннат бўлади.
Ибни Ҳажар Асқалоний ҳазратлари жавоб бердилар.
Агар Аллоҳ таоло менга бу дунёнинг подшоҳлигини берса, эрта қиёматда солиҳ амалларим учун Аллоҳ таоло мени жаннатга киргизса, жаннатнинг неъматларининг олдида, бу дунё салтанати ва неъматлари дўзахга ўхшаб кўринади. Эрта қиёматда сенинг гуноҳ амалларинг учун Аллоҳ таоло сени дўзахга киргизса, дўзахнинг азобининг олдида, бу дунё қийинчиликлари жаннатга ўхшаб кўринади дедилар. Шунда Ибни Ҳажар Асқалоний ҳазратларининг жавобларини эшитиб, яҳудий ашҳаду ан-ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу деб иймон келтирди.
Бойсун туман хамда “Саримозор”
жомеъ масжиди бош имом-хатиби: З.Чориев