Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир киши вафот этиб, икки ўғлига арзимас бойлик мерос бўлиб қолди. Кичик ўғил ўз улушини олиб, тижорат қилди, Аллоҳ учун холис иш юритди. У жуда кўп садақа қилар, одамлардан ҳеч нарсани қизғанмас эди. Шунинг учун унинг савдоси гуриллаб, моли кўпайиб, бойиб кетди. Унинг душманлари ҳам йўқ эди, чунки мол-мулки ҳасад таъсир қилмайдиган даражада ҳимояланган эди.

Катта ўғил эса гуноҳ йўлидан юрди. Улушини ичкиликка, зинога сарфлаб, тез кунда фақир бўлиб қолди. Укаси унга яхшилик қилиб, етарли даражада егулик ва кийим-бош бериб турди. Аммо нонкўр аканинг қалбида укасига нисбатан ҳасад пайдо бўлди. У укасининг бойлигини йўқ қилишни, унинг ўзи каби фақир бўлишини истади. Шундай қилса, гўё қалби таскин топиб, камбағаллиги учун одамлардан уялмас эди. У разил мақсадини амалга оширишга киришиб, кўзи борлиги билан танилган, кўпчиликни ўз ҳасади билан ҳалок қилган бир кишининг олдига борди. Ундан укасининг молига кўз теккизиб беришини  сўради. Бунинг эвазига укасининг моли касодга учраган пайтда унга пул берадиган бўлди. Ака ҳасадгўй одамга: «Тайёрлан, укамнинг тижорат карвони яқинлашиб қолди», деди. Карвон улардан бир милча узоқда эди. Ҳасадгўй унга: «Кўзинг мунча ўткир? Шунча узоқдаги нарсаниям кўряпсанми? Қанийди, менинг кўзим ҳам сенчалик кўрса эди», деди. Шу заҳоти аканинг боши қаттиқ оғрий бошлади, кўз олди қоронғилашди-ю, кўр бўлиб қолди. Укасининг тижорат карвони эса ҳеч бир талафотсиз ўтиб кетди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here