Имрон ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло бандасига бирор неъмат берган бўлса, албатта, ўша неъматнинг асарини унда кўришни яхши кўради” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).

Ҳадисдан мўмин киши неъматга шукр қилиб, ибрат маъносида изҳор этиши Аллоҳга маҳбуб экани келиб чиқади. Бошқа бир ҳадисда зебу зийнат ва кийим-кечакка меҳр қўйишдан қайтарилган. Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар еб-ичиш ва кийинишда соддаликни одат қилганлар. Ҳатто Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу одамлар орасида ямоқ кийимда юрар эдилар.

Хўш, буни қандай тушуниш керак? Зийнат ва янги кийимни тарк этишдаги тарғиб кибр ва фахрланишдан тийилиш учундир. Чунки инсон табиатида янги кийим, зебу зийнат билан ғурурланиш ҳисси мавжуд. Қолаверса, бу ҳиссиётни бошқаларнинг хушомади алангалатиб юборади. Одатда инсонлар нинг аксари, айниқса, ёшлар шундай эканига гувоҳ бўламиз: улар кийиниш, юриштуриш ва модада ажнабийларга тақлид қилишни жуда яхши кўришади…

Аммо янгисига қурби ета туриб, эски кийим-бошда юриш дуруст эмас. Чунки бу зиқналик ва қурумсоқлик аломатидир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло саховатпеша мўминни, у қандай кийинишидан қатъи назар, яхши кўради (яъни у ҳар қанча янги, гўзал ва яхши либос кийса ҳам зарари йўқ)” (Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига биноан банда ўзига берилган неъматни намоён қилгани яхши. Аммо бунда кибр ва фархланиш каби иллатларга берилмаслиги лозим.

Неъматга қараб уни зоҳир қилиш ҳам турлича бўлади. Дунёвий неъматларни эслаб, Аллоҳ таолога шукру сано айтиш ва хайрли ўринларга сарфлаш лозим. Ўша неъматдан дарак бериб турадиган янги ва яхши кийимларни кийса бўлади. Бироқ бунда ўта муболаға қилиб юбормайди. Нарсалари ва либосларини покиза сақлашга ҳамда имкон қадар янгироғини кийишга ҳаракат қилиш лозим. Молиявий аҳволи яхши бўлган киши кийимларнинг энг сифатлиси ва муносибини ихтиёр қилсин. Албатта, бу борада либосларнинг шариат андозасига мувофиқ келиши жуда муҳим. Бундай киши либосларини яроқсиз бўлиб қолгунича кийиши шарт эмас. Балки бир муддат кийгач, уни бошқасига ҳадя қилиб, ўзи янгисини олиб кийса, савоб иш бўлади. Зеро, бу билан ҳам ўзидаги неъматни изҳор қилган, ҳам бир мўминнинг кўнглини кўтарган бўлади. Покизаликка хизмат қиладиган совун, шамьпун ҳамда хушбўй таратиб турадиган атир каби воситаларнинг ҳам энг яхшиларини ишлатиши мақсадга мувофиқ.

Инсонга илм берилган бўлса, унинг изҳори илмига амал қилиш, хулқини сайқаллаш, олий ишларга интилиш, бошқаларга ҳам илм ўргатиш ва бунда тавозели бўлиш билан юзага чиқади.

Ҳадисдан Аллоҳ таоло бандасини янги ва чиройли либос кийгани учун эмас, балки ўзидаги неъматни шукр ила зоҳир қилгани учун яхши кўриши маълум бўлади. Демак, кишининг мол-давлат соҳиби экани хайр-эҳсонлар қилиш билан чекланиб қолмас экан. Балки у хайру саховат билан бирга кўркам қиёфа ва хулқда ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши мақсадга мувофиқ. Қолаверса, бу иш кимдан ёрдам сўрашни билмай турган ҳожатманд кишиларга асқотиб қолиши мумкин. Бироқ, имконияти етмаса-да, кийинишда муболаға қиладиганлар ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам алдаган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолога хуш келмайди.

Мансур ЎРОЛОВ,
Тошкент шаҳридаги «Нўғайқўрғон» жоме масжиди имом ноиби

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 2-сонидан.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here