الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي جَعَلَ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةَ الأنْبِيَاءِ وَرَفَعَ دَرَجَاتِهِمْ وهَيَّاَ لِخِدْمَتِهِم ملائكةً خاصةًّ شُغْلُهُمُ الْوَحِيدُ هُوَ طَلَبُ الاسْتِغْفَارِ لِمُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ
وَالصَّلاةُ وَالسَّلامُ عَلَى مَنْ رَغَّبَ أمَّتَهُ إلَى طَلَبِ الْعِلْمِ و بَيَّنَ فَضْلَهُمْ حَيْثُ قَالَ: «فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِى عَلَى أَدْنَاكُمْ»
وعلى آله وأصحابه أجمعين!
Олимларни пайғамбарларга меросхўр қилиб, уларнинг даражасини илм ила юксалтирган, олимлар ҳаққига истиғфор сўрашдан бошқа вазифаси бўлмаган фаришталарни яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар;
Умматини илм талаб қилишга тарғиб қилиб, «Олимнинг обиддан устунлиги ва фазли, мен билан оддий умматимнинг фазличалик», дея олимларнинг қадрини баён қилиб кетган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин!
У зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин!
Азизлар, олимлар ва илм аҳли бу дунёнинг устуни ҳисобланади. Агар ер юзида олимлар яъни Аллоҳнинг дўстлари қолмаса қиёмат қоим бўлади.
Шунинг учун арабларда
مَوْتُ الْعَالِمِ مَوْتُ الْعَالَمِ
«Олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир», деган машҳур ибора бор.
Олимлар олам аҳлининг йўлини ёритиб турадиган маънавият юлдузларидир. Ер юзида пайғамбарлик мақомидан кейинги ўринда турадиган энг олий мақом –муаллимлик мақоми. Аслида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг буюк мўъжизаси ҳам муаллимлик мўъжизаси бўлган.
Борди-ю, дин ғамида юрган олимлар бўлмаса, кишилик жамияти ўрмонга айланади ва ёввойи сурув қоидаси ҳукм суради.
Бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида ер юзидан битта олимнинг камайиши катта мусибат эканини баён қилиб бундай деганлар:
مَوْتُ الْعَالِمِ ثُلْمَةٌ فِي الإِسْلامِ لا تُسَدُّ مَا اخْتَلَفَ اللَّيْلُ وَالنَّهَارُ
«Бир олимнинг вафоти исломдаги катта ёриқ бўлиб, уни куну туннинг ўзгариши ҳам тўлдира олмайди».
Бир олим етишиши учун қанча одам хизмат қилади?
Бир олим яралиши учун камида 30-40 кишининг хизмати керак бўлади. Ота-онаси, ака-укалари, мударрис-устозлари…
Ота-она фарзандини олим қилиш учун унинг хизматидан кечади. Топганини фарзандининг олим бўлиши йўлида сарфлайди. Ака-ука ва бошқа қариндошлар ҳам баъзи ҳақларидан кечади. Устоз-мударрислар борини бериб болани илмли қилади.
Ниҳоят олим миллатнинг чироғи бўлиб порлайди. Агар улар орамизда бўлмаса, кундузимиз ҳам қоронғу бўлиб қолади.
Ўзига хос таълим услуби
Замонавий таълим тизими тарбиянинг болани ўз эркига қўйиш, унинг мустақил фикр юритиб, фикрни равон баён этишни ўргатиш услубига катта эҳтиёж сезмоқда. Модомики, биз болаларимизни Бухорий ва Насафийдан етук олим қилмоқчи эканмиз, у ҳолда уларни фикрлаш ва фикр билдиришдан тўсмаслигимиз керак.
Буюк саҳобалардан Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бир куни Қурайш улуғлари йиғилиб ўтирган бир мажлис олдидан ўтиб қолдилар. Қарасалар, уларнинг орасида ёш болалар йўқ. Бу ҳолни кўриб:
«مَا لَكُمْ قَدْ طَرَحْتُمْ هَذِهِ الأغْلِمَةَ؟ لَا تَفْعَلُوا! أَوْسِعُوا لَهُمْ فِي الْمَجْلِسِ، وَأَسْمِعُوهُمْ الْحَدِيثَ، وَأَفْهِمُوهُمْ إيَّاهُ؛ فَإنَّهُمْ صِغَارُ قَوْمٍ أوْشَكُوا أنْ يَكُونُوا كِبَارَ قَوْمٍ».
«Сизга нима бўлди! Ёш болаларни мажлисдан нега четлатдингиз? Бундай қилманглар! Улар келиб қўшилиш учун мажлисингизни кенг қилинг. Суҳбатингизни эшиттириб, уни тушунтиринг. Улар гарчи ҳозир кичик бўлса ҳам яқинда катта бўлиб қолади», дедилар.
Саҳобалар болаларни шу йўсинда тарбиялаб эркин фикрлаш ва фикрини равон ифода этишга ўргатар эдилар.
Бизнинг камчилигимиз эса болаларимиз фикр билдирганда, сенга ким қўйибди, бор ўйинингни ўйна, деб уларни уришиб беришимиз, уларнинг гапларини мутлақо эътиборсиз қолдиришимиздир.
Умар розияллоҳу анҳунинг бошларига ечими чигал масала тушиб қолса, ёш болаларни чақириб улардан маслаҳат олар ва уларнинг соф фитратидан ва ўткир фикридан фойдаланар эдилар.
Илм – чинакам фидойиликдир
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг «Муватто» деган асари бор. Унга ёзилган шарҳлар ичида энг машҳури 17 жилдлик «Авжазул масолик» деган катта китоб. Ана ўша китобни ёзаётганда, муаллифнинг гарданида қарзи бўлган экан. Мана, бу зотларнинг ғами нима бўлган: гарданида тўлаши керак бўлган қарзи бор. Лекин шу нарса ҳам уларни охират ғамида яшаш, китоб ёзишдан тўсиб қўймаган.
Ҳа азизлар, бурунги улуғларнинг асосий мақсади илм олиш ва илм ўргатиш бўлган. Биз эса яхши яшаш, ейиш-ичиш, кийиш, уй-жой, мошинага, ҳашамга ружу қўйдик.
Кўпчилик шундай фикрлагани сабабли илм аҳли ва диндор қатлам орасида ҳам яхши ва саодатли ҳаётни юқорида санаб ўтилган маиший нарсалар билан рўёбга чиқади, деб ўйлайдиганлар пайдо бўлди.
Уйимизга совчи юборган боланинг диёнати, илми, тақвосидан олдин нима иш қилиши, қанча пул топиши, оилали бўлгандан кейин алоҳида яшайдими… ана шуларни сўрайдиган бўлдик.
Агар биз бу тушунчамизни ўзгартирмасак, илгариги алломаларимизга ўхшаб охиратни биринчи ўринга қўймасак, биздан бухорийлар ва насафийлар чиқиши қийин бўлади.
Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ «Софаҳот мин собрил уламо» деган асарида олимларнинг илм йўлида чеккан машаққатларини келтирган. Ўша илм аҳллари орасида уйида биргина буйраси қолган, бир ойлаб қозони қайнамаган, йиллаб нонга тўймаган олимлар бор. Ана ўшаларнинг қилган хизмати ва меҳнатининг самарасидан бугун нафақат мусулмонлар, балки бутун дунё халқи баҳраманд бўляпти.
Агар олимларнинг ана шу ҳимматлари бўлмаганида, бугун биз маънавий зулматда қолиб кетган бўлардик.
Мўътабар манбалар боланинг олим бўлиши учун энг катта ташаббус ота-онадан бўлишини кўрсатмоқда. Ота-она ҳимматининг кенглигига қараб, фарзанди илмли, маърифатли бўлади. Қайси олимнинг ҳаётига қараманг, албатта, ё отаси ё онаси ёки иккаласи баробар жидду жаҳд қилиб фарзандига илм ўргатган, улуғ устозлар ҳузурида таълим олишини таъминлаган бўлиб чиқади:
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ беш ёшга тўлганида волидаси тонгда чиройли таҳорат олдириб, покиза кийимлар кийдириб, отаси йўқлиги учун масжидга кетаётган одамларга қўшиб, бомдодни ўқиб келиш учун масжидга жўнатар экан;
Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳнинг отаси Мавлоно Абдулҳалим ўғли учун махсус хона қилиб бериб, хаёли чалғимасин деган ниятда уйнинг тўрттала томонида ҳам таҳоратхона қилиб берган экан;
Мулло Рамазон раҳматуллоҳи алайҳ ўғли Муҳаммад Саидни пухта илм олсин, бошқа ишларга чалғимасин деб оғир ишларни ҳам ўзи қилар экан. Ёрдам бериш учун олдига келган фарзандига: «Ўғлим, сиз китобингизни ўқинг!», деб қайтарар экан. Натижада ўғли бутун дунёга дарс берган Рамазон Бутий бўлиб етишган;
Иброҳим Адҳам раҳматуллоҳи алайҳнинг мана бу сўзларига қулоқ тутинг:
قَالَ لِي أبِي: يَا بُنَيَّ! اُطْلُبِ الْحَدِيثَ؛ فَكُلَّمَا سَمِعْتَ حَدِيثًا وَحَفِظْتَهُ فَلَكَ دِرْهَمٌ. فَطَلَبْتُ الْحَدِيثَ عَلَى هَذَا.
«Мен ёш бола эдим. Отам: «Эй ўғилчам! Ҳадис эшитиб ёдласанг, ҳар бир ҳадис ёдлаганингга бир дирҳам бераман», дедилар. Мен ўша пулга қизиқиб ҳадис ёдлар эдим».
Дарҳақиқат, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:
مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ
«Ота боласига гўзал одобдан кўра афзал ҳадя бермайди», деб марҳамат қилганларининг ҳикмати шу эмасми!
Денов туман Мулло Файзулло жомеъ масжиди имом хатиби С.Асроров