Эй, одам фарзанди, бирор гуноҳ ишга қўл урмасдан бурун ҳамиша бўлгуси жазо ва азобларимни эсла. Ҳадиси қудсий
Қачонки ишлар ўз аҳлидан бошқа кишилар қўлига ўтказилса, қиёматни кутаверинг.
Ҳадис
Диний мутаассиблар диндан фойдаланган ҳолда кишиларга ҳужум қиладиган катта йўлдаги қароқчилардир. Ғазолий
Зуғум билан айтилган сўз шу даражага етказадики, қадимий хонадонларни вайрон қилиб юборади1. (1 Зуннун Арғуннинг ўғли Шаҳоббекнинг Бобурга кўрсатган қайсарлик ва тескари ҳаракатлари натижасида ўттиз-қирқ йилда тўпланган рўзғорининг барбод бўлганлигига келтирилган форс тилидаги ҳикмат) Бобур
Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади.
Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир.
Изоҳ: Бу ердаги «сизлардан» сўзидан араб тили қоидаси бўйича икки хил маъно олиш мумкин. Яъни сизлардан бир жамоат чиқиб, яхшиликка даъват қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар ишлари билан шуғуллансин, деб ҳам тушуниш мумкин. Бу тафсирга кўра, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланиш фарзи кифоя саналиб, умматнинг ҳаммаси эмас, балки маълум бир қисми – уламолар шуғулланса, шунинг ўзи кифоя қилиб, бошқаларнинг зиммасидан бу вазифа соқит бўлади. Яна, Имом Бағавий (ваф. 516 ҳ. каби бу оятдан «Сизлар ҳаммангиз мазкур ишларни қиладиган уммат бўлингиз», деган маънони олиш ҳам жоиз. Муфассирларнинг аксарияти шу иккинчи тафсирни қўллаб-қувватлаганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу иккинчи тафсирга биноан, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланишни фарзи айн, яъни ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир, деб билганлар. Жумладан, Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ҳам «Таъвилоту аҳлис-сунна» номли тафсир китобларида «Моида» сурасининг 79-оятлари ва бир неча ҳадиси шарифлардан далил келтириб, амри маъруф, наҳйи мункар ишларини қилиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн қилинган, деб таъкидлаганлар.
Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир. Оли Имрон, 103-105
Сизларга васиятим шуки, саҳобаларимга, сўнг улардан кейингиларга эргашинглар. Ундан сўнг ёлғончилик кенг тарқалади. Ҳатто, одамлар сўралмаса ҳам қасам ичиб, ёлғон гувоҳликка ўтаверадилар. Огоҳ бўлгинки, қайси бир эркак бир (бегона) аёл билан хилватда бўлса, уларнинг учинчиси Шайтондир. Доимо кўпчилик билан бирга бўлинглар. Бўлиниб кетишдан сақланинглар. Шайтон ёлғиз одам билан биргадир. Икки кишидан эса узоқлашур. Кимки жаннатнинг ўртасига тушишни хоҳласа, жамоат билан бирга бўлсин. Кимки ўзининг яхши ишидан қувонса, ёмон ишидан хафа бўлса, демак, у ҳақиқий мўминдир. Ҳадис
Ҳозирги вақтда дунёнинг геоополитик, иктисодий ва ижтимоий, ахборот коммуникация манзарасида чукур ўзгаришлар рўй бераётган, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, фикрга карши фикр, ғояга қарши ғоя, жахолатга қарши маърифат билан курашиш хар қачонгидан кўра мухим ахамият касб этмоқда. Маълумки, хар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимизни она ватанга муҳаббат, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун уларнинг қалбига йул топа олишимиз зарур. Бошкача айтганда мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Токи ёшларимиз миллий ўзлигини англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар булиб етишсин. Ана шунда жоҳил ақидапарастларнинг даъвати ҳам, аҳлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган биз учун мутлақо бегона ғоялар ўз таъсирини ўтказа олмайди.
Мустакил юртимиз парвози хакида гап кетганда, истиклолнинг бир қаноти тинчлик булса, яна бир қаноти фаровонлик эканлигини хис киламиз. Бизнинг юртимизда тинчлик, бунёдкорлик, бахт-иқбол йўлида меҳнат қилаётган халқимиз фаровонлигини кўролмайдиганлар, юртимиздаги тинчликка дарз кетишини хохловчиларга қарши ҳамиша огоҳ, хушёр ва сергак туришимиз лозим. Дунёни мафкура ва ахборотлар хуружи ларзага солиб турибди. Бирор ерда бирор воқеа юз берса, ўша воқеани ўз манфаати йўлида тескари шарҳлаб, воқеликка ўз сиёсати нуқтаи назаридан ёндашаётган, жамоатчилик фикрини чалғитишга уринаётган диний экстремистик гурухлардан эҳтиёт бўлишимиз керак. Терроризмга чегара йўқ. Бундай иллатларга қарши кураш тўғрисида доимий равишда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқ даркор.
Сариосиё тумани бош имом хатиби А.Алимов