Бир мазҳабда амал қилиш шарт эмас, ҳарким ўзи қурон ҳадисдан ўқиб амал қилсин деб мужтаҳидлик даъво қилаётганлар инсоф қилсинлар ва уларга ишониб юрганлар билиб қўйсинлар.
Имом Раббоний Мужаддиди алфи соний ҳазратларининг баёнларича, Қуръоннинг маъноси уч навъдир.
Аввалги навъи буки, ҳар ким арабий лафз ва луғатларни, наҳв ва сарфини, шунингдек, хос ва умумий маъноларни, далолат ун-насс, ишорат ун-насс, иборат ун-насс, иқтизо ун-насс (оят ва ҳадисдаги далиллар далолатини ишоратини, тақозосини билмоқ), шунга ўхшаш каби навъларни тўла билган, англаган, таълим олган, кимса маъноларига тушиниб олур.
Иккинчиси шуки, унинг маъноларини ижтиҳод даражасига етган ва истихрож шартларига тўла амал қилган кимсаларгина Қуръон маъноларини англаб чиқара олур.
Учинчиси шуки, уни ижтиҳод қуввати билан билиб бўлмас. Фақатгина ваҳйи илоҳий билан билса бўлур. Бунга фақат Пайғамбар алайҳиссалом эришган холос
Демак, Қуръон маъноларини ҳар ким ҳам била олмайди, тушинолмайди. Балки, Пайғамбар алайҳиссалом, мужтаҳиди киромлар, олими раббонийларгина била олурлар.
Энди мужтаҳид масаласида гап шундайки; Ижтиҳодга усул китобларида кўп шартлар қўйилган. Мужтаҳид фараз қилинган киши Қуръоннинг маъносини, лафзларини, хос ва умумий ифодаларни, ҳукмларнинг қисмларини, оятларнинг нузул сабабларини, носих ва мансухларини (ҳукми бекор бўлган ёки бекор қилувчи оятлар), умуман жузъий тарафларини тўла англаган бўлсин. Шунингдек, у Ҳадис навъларини, чунончи мутавотир, машҳур, марфуъ, мақтуъ, мавзуъ, мавқуф каби истилоҳларни, рижоли ҳадисларни (ҳадис ровийларини), туруқи ривоятлар (ривоят қилиш услублари ва йўллари)ни чуқур билиб, Қуръонга олим бўлгандек олим бўлсин. Яна ижмоъ йўлларини, хилларини, сабабларини тўла англаб, уларнинг ҳаммасидан хабардор бўлсин. Қиёс йўлларини, шартларини, мақбул қиёсни, мардуд қиёсни билсин. Қиладиган қиёси ижмоъга мухолиф ҳам бўлмасин. Бу шартлар ҳар кимда мавжуд бўлса, у кимса мужтаҳиддир. Ундай одамнинг қайси замонда бўлишининг фарқи йўқ. Тиласа, ҳаракат қилса ва Худо муяссар қилса ҳозир ҳам мужтаҳид бўлиши мумкиндир. Зотан, ҳар бир замон, ҳар бир аср мужтаҳиддан холи эмасдир. Лекин бу замонда ижтиҳод қилсалар, ўша ижтиҳод бирла собит бўлган ҳукм, аввалги ижмоъларга хилоф бўлмаслиги лозимдир. Энди бир ўйлаб кўрайликчи, юқорида айтилган илм ва салоҳият кимда бор?….
Демак, ҳамма ҳам Қуръон ва ҳадисдан бир ҳукмни, хоҳ у эътиқодий бўлсин, хоҳ амалий бўлсин, хоҳ ахлоқий бўлсин бирор ҳукмни чиқара билмас. Ҳар кимга бу муяссар бўлмас. Ҳар ким ўзига зарур бўлган ҳукмларда Қуръон ва ҳадисга мурожаат қила билмас. Бу ҳақиқат очиқ ва равшан маълумдир!
Шуларнинг мулоҳазасидан бўлса керак, ўтган мужтаҳидларимиз эътиқод масъалаларида бўлсин, амалиёт масъалаларида бўлсин Қуръон ва ҳадисдан ҳукмларни Аллоҳнинг ъинояти ила истихрож қилиб қўйдилар. Балки, ҳар бир бобни ўз жойида тартиб бериб, “Ҳар қандай ёзув дафтарда зое бўлмас” ҳикматига мувофиқ китобат қайдига киритиб кетдилар. Мотуридиййа, Ашъариййа эътиқодлари, “Ҳидоя”, “Канз уд-дақоиқ”, Мухтасар ул-Виқоя”, “Баҳр ур-роиқ” каби китобларимиз ана шу Қуръон ва ҳадислардан олинган сўзлардир. Биз мусулмонлар эса бу сўзларни, бу масъалаларни Қуръон ва ҳадисга мувофиқ деб амал қиламиз.

Бойсун туман «Саид Баҳромхон» масжиди имом хатиби Ў.Алимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here