Ватанимизнинг мустақилликка эришганига, ўттиз йил тўлмоқда. Ер юзида қанча-қанча мамлакатлар бор, бу неъматни йиллаб кутиб яшамоқда. Аллоҳга шукрким бизни бу неъмат билан сийлади.

Сўнги йилларда мамлакатимиз иқтисодий салохиятини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш учун, ҳукуматимиз томонидан самарали ишлар амалга оширилаётганини бутун халқимимз кўриб билиб турибди. Бугун мамлакатимиз иқтисодий ривожланаётган мамлакатлар сафида, аҳоли орасида мулкдорлар сафи кенгайиб, халқимизнинг турмуш хаёти, давлатимизнинг эса обрўси соат сайин, ошиб бормоқда. Парвардигоримиз Қуръонда: «Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз» (Бақара сураси, 172-оят). «Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз.» ояти каримасидан, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилмоқ, ибодат даражасига тенг экани билинади. Шукр қилмоқ билан Аллоҳнинг неъматлари зиёда бўлишини ёдда тутмоғимиз лозим бўлади.

Халқимиз обод ва фаровон яшаши учун, давлатимиз томонидан, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз муҳтарам Шавкат Мирзиёев иқтисодий муаммоларни ҳал этиш йўлларини оқилона тарзда кўрсатиб, барчамизга намуна бўлиб келмоқдалар. Жумладан, аҳолини кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилаларни имтиёзли уй-жой билан таъминлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир.

Ёшларнинг таълим-тарбияси соҳасида, ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг маошларини оширилиши, уй-жой олиш имкониятлари яратиб берилмоқда. Бу кўзимизнинг нури бўлмиш фарзандларимизнинг тарбиясини яхшилашга сабаб бўлади. Ҳар бир халқ бугунини ўйлаши ва келажаги ҳақида ҳам қайғуриши табъий ҳолдир. Ёшларнинг одобли, аҳлоқли, олий маълумотли бўлиши ҳар бир ота-онанинг азалий орзуси.

Диний соҳада, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида, жамият ва юрт ободлиги учун фуқаролар ўртасида адолат ва баъзи адашганларни авф қилиш ниҳоятда муҳим. Ўзга юртларга кетиб қолган, бир қанча ватандошларимизни юртимизга олиб келиниши, чин маънода ҳақиқий қаҳрамонликдир. Қуръони каримда бағрикенглик ва афв этишга кўп даъват қилинган. Афв қилиш – Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидандир. Парвардигоримиз Қуръонда: «Албатта, Аллоҳ авфли ва мағфиратли зотдир». дейилган (Ҳаж сураси, 60-оят). Турли бемазҳабларнинг ҳийла ва найрангига учиб, ўзга юртларга бориб, оғир даврни бошидан ўтказган, ватандошларимизга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, ҳаётга мослашишлари, ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун барча зарур шароит яратилди, яшаш учун уй-жой ва иш билан таъминланди. Бу эришилаётган ютуқларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик ўзига хос ўрин тутади.

Агар Аллоҳни бизга ато қилган неъматларини бирма-бир санасак, санаб унинг адоғига ета олмаймиз. Барча неъматига шукр қилмоғимиз, бизнинг инсоний бурчимиздир. Тинчлик ва осудалик қадрига етайлик! Ҳар бир қарич тўпроғи олтиндан қиммат Ватанимиз гуллаб яшнашлиги йўлида ,бир жон бир тан бўлиб, саъй ҳаракат қилайлик!

Азиз болажонларимизни илм ўрганишига эътиборли бўлайлик, илм-фан тараққий топган юрт қудратли ва обод юрт саналади.

Фаҳриддин Худойназаров
Имом-Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик бўлими илмий ходими

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here