Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир! Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам ўзлари туғилиб ўсган шаҳар Маккаи мукаррама ҳақида шундай деганлар:
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Менга қандай ҳам севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, сендан бошқа жойда яшамаган бўлардим!” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир! Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Севимли Ватанда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, авваламбор – ўзи, аҳли-аёли, яқинлари ва жамиятга фойдали бир инсон бўлишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун ўзига юклатилган вазифани чиройли адо қилиши даркор. Биз бир пайтнинг ўзида ҳам фарзанд, ҳам ота, ҳам фуқаро, ҳам турли идора ва ташкилотларда ходиммиз. Мана шу мажбуриятларимизни масъулият билан бажариб, ўзаро бир-биримизни қўллаб-қуватлаб, атрофимиздагиларга имкон қадар ёрдам беришимиз керак. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Одамларнинг Аллоҳга энг севимлиси – бошқаларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир” (Имом Табароний ривояти).
Аллоҳ таоло биз, бандаларини, Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд этган экан, ўз навбатида ана шу неъматларининг қадрига етиб, шукрини адо этиб боришимизга буюради. Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз – зиммамиздаги бурчдир. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг шариатига амал қилиб, Ўзи буюрганидек имон-эътиқодда ва тақвода ҳаёт кечириб борсак, Аллоҳ таоло икки дунёда ҳам мукофотларни ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).
Бу оятда катта ибрат бордир. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то Қиёматгача дунёга келиб-кетувчи барча бандаларга ҳам тегишлидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”, – деб марҳамат қилган. (Зуҳо сураси, 11-оят).
Ушбу оятнинг ҳукмига биноан ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган хайрли ишлар, эришилган ютуқларимизни яна бир карра эслаб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, эришилган неъматларни зикр қилиш ҳам шукронаи неъмат ҳисобланади.
Маълумки, юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ҳам оқилона тарзда кўрсатиб бермоқдалар. Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қаторида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган кишиларни ҳам алоҳида имтиёз асосида уй-жойлар билан таъминлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир.
Юртимизда таълим соҳасига, хусусан, ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, ойлик маошларини оширилишига, уларга уй-жой олиш имкониятларини яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз-ўзидан бу келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларимизнинг таълим-тарбиясини юқори даражага олиб чиқишга асос бўлади. Зеро, ҳар бир ўзини ҳурмат қилган халқ бугунги кунини ўйлаши билан бирга, келажаги ҳақида ҳам қайғуради. Агар биздан фарзандларимизга обод юрт мерос қолишини истасак, ёшларимизга, уларнинг тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз керак.
Охирги йиллар давомида диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу имкониятлар мавжуд бўлгани мўмин-мусулмонларимиз қалбида мамнуният пайдо қилди. Барча соҳаларда
эътибор кучайган сари юртимиз ривожланиб, обод бўлиб боради. Ҳамма нарсадан қимматли булган ,юртимиз мустақиллигини Аллоҳ таоло бундан ҳам мустаҳкам айлаб, мустақил юртда униб-ўсаётган фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб, ўз ватани ва халқига фидоий, юрт корига ярайдиган авлодлар бўлиб етишишларини насиб айласин!
О.Исмоилов
Сариосиё туман Имом Низомиддин Сангардакий жоме масжиди имом хатиби