Қиёмат куни Аллоҳни кўриш бахтига эришиш (Бу фойдаларнинг энг каттасидир).
Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳу дедилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир пайт у зот тўлин ой кечаси бўлгани учун ойга назар солдилар ва: “Сизлар худди мана шу ойни кўрганингиздек Роббингизни кўрасизлар. Уни кўришда уюшиб, қисилиб қолмайсизлар. Агар қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз ўқишни кўпайтира олсаларингиз, шундай қилинглар” дедилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.
Бомдод намозига ўз вақтида туришга ёрдам берадиган ишлардан бири хуфтондан кейин кўп ўтирмай уйқуга ётишдир. Эрта ётиш кишини тетик бўлиб уйғонишига ва масжидга бора олишига ёрдам беради.
Орамизда Аллоҳнинг ҳимоясида, паноҳида, зиммасида бўлишни истаганлар борми?!
Орамизда қиёмат куни ўзи учун тўлиқ нур бўлишини истаганлар борми?!
Орамизда нифоқдан қутулиб, чин мўминлар қаторига ёзилишни истаганлар борми?!
Қалбида Аллоҳни кўриш шавқи ва севгиси бўлганлар борми?!
Аллоҳ таолонинг ушбу “У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи, Парвардигорларига боқувчидир” (Қиёмат, 22-23) оятида зикр қилинганлардан бўлишни хоҳлаганлар борми?!
Ким юқорида саналган фойдаларни қўлга киритиб, шу орқали дангасаликдан, уйқу ғафлатидан қутулмоқчи?!
Бу фоний дунёдаги оз фурсатни ғанимат билиб, охират саодатига эриштирадиган амалларни қилиб олмоқчилар борми?!
Бир олим “Агар сен бугунги умматнинг салоҳияти, иймону ихлоси қай даражада эканлигини билмоқчи бўлсанг, масжидларда бомдод намозида неча саф одам намоз ўқиётганига боқ!” деган экан.
Агар сен нафсингни тергасанг ва муаззин “Ассолату хойрун минан навм” (Намоз уйқудан яхшироқ) деб нидо қилганда масжидга шошилсанг, у ерда ихлос билан бомдод намозини адо этсанг, таъриф қилиб бўлмас лаззату ҳаловатни ҳис этасан. Бир марта ўша ҳаловатни ҳис этганингдан кейин ҳеч қачон тонгги намозга ухлаб қолмайсан. Одамлар орасидаги бомдодга энг ҳарис, унга энг кўп аҳамият берувчи, унга кўп рағбат қилувчи, уни энг кўп яхши кўрувчи инсонга айланасан.
Эй Аллоҳим, Сени зикр қилишимиз, Сенга шукр қилишимиз ва ибодатингни гўзал тарзда адо этишимиз учун бизга ёрдам бер! Бизларни яхшиликлар сари шошиладиганлардан қилгин! Гўзал хулқ ва солиҳ амаллар устида мусобақалашадиганлардан қилгин! Барчамизга бомдод намозини ва бошқа фарз намозларни ўз вақтида, масжидларда, жамоат билан адо этишни насиб эт ва буни бизларга осон айла, омин!
Бойсун тумани «Назарий» жомеъ масжиди имом-хатиби И. Менглиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here