Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

 إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّ يَٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا

 «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг» (Аҳзоб, 56). Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда. Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади. Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир. Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан. Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.

Пайғамбаримиз ﷺ га БИР ДОНА саловат айтишнинг фазилати ҳадисларда:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга саловот айтишни кўпайтиринглар, чунки у гувоҳликка ўтадиган кундир, малоикалар ҳам гувоҳлик берурлар. Агар бирор кимса менга саловат айтса, уни менга кўрсатилади, ҳаттоки ундан фориғ бўлгунига қадар”, дедилар. (Ибн Ҳузайма Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга саловот (айтишни) ни кўпайтиринглар, чунки сизларни менга йўллаган саловотларингиз ўз гуноҳларингиз учун мағфират бўлур. Менга эса даража ва василани талаб қилинглар. Бас албатта менинг василам, Роббимнинг ҳузурида, сизлар учун шафоат бўлур”, дедилар. (Ибн Асокир Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривояти.)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор банда менга саловот айтар экан, фаришталар ҳам унга саловот айтишади. Гарчи у оз бўлсин, ҳоҳ кўп бўлсин”, дедилар. (Ҳоким , Ибн Ҳузайма ва Зиёларнинг Омир бин Робийъа розияллоҳу анҳудан ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен кимни ҳузурида зикр қилинсам , бас менга саловот айтсин! Бас ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн бор саловот айтади”, дедилар. (Насоий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган) .

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга саловот айтинглар, чунки менга йўллаган саловотингиз, ўзингиз учун закотдир (яни покликдир)”, дедилар. (Ибн Мурдавайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган) .

Саловатлар

* Соллаллоҳу ъалайка йа Расулуллоҳ.

* Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммад.

* Аллоҳумма солли ва саллим ъала набиййина Муҳаммад.

* Аллоҳумма солли ва саллим ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала аалиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Денов туман «Нурил Ислом» жоме масжиди имом хатиби А.Ҳамидов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here