Ижтимоий тармоқларда Иcҳоқжон домла Бегматов билан боғлиқ гап-сўзлар тарқалди. Домланинг айтган гапларини турлича талқин қилишлар кузатилмоқда. Имом домла жамоатни бирликка чорлаётган бир вақтда бунга қарши кучлар қўлларидан келганича жамоат орасига фитна уруғларини сочишга ҳаракат қилмоқдалар. Aслида Исҳоқжон домла айтган фитначиларнинг аломатлари ҳақидаги гаплар бундан 14 аср олдин хадиси шарифларда Расулимиз алайҳиссалом томонларидан айтилган эди.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али Яманда турганида ёмби тиллони тупроғи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборди. Бас, у Зот уни тўрт киши; Уяйна, ал-Ақраъ, Зайд ал-Хойл ва Aлқамалар орасида тақсим қилдилар. Бунда қурайшликлар ғазабландилар ва: «Нажднинг катталарига бериб бизни тарк қиладими?!» дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, мен буни уларни улфат қилиш учун қилдим», дедилар. Кейин бир серсоқол, икки ёноғи бўртиб чиққан, кўзлари ичига кирган, пешонаси дўнг ва сочи қирилган киши келиб: «Аллоҳдан қўрқ! Эй Муҳаммад!» деди. «Агар мен осийлик қилсам, Аллоҳга ким итоат қилади?! У зот мени ер аҳлига ишонадию, сизлар менга ишонмайсизларми?!» дедилар. Сўнгра ҳалиги одам орқасига қараб кетди. Қавмдан бири уни қатл қилишга изн сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мана шунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нари ўтмайди. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар. Улар Исломдан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Од қавмидек қатл қилардим», дедилар». (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар).
Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган бошқа ҳадисда, келажакда уни жинсидан ҳаворижлар чиқиши айтилган бу одамнинг исми Зул-хувайсира эканлиги ва у Нажднинг Бану Тамим қабиласидан эканлиги айтилган.
Бошқа ривоятда эса шимини тиззасигача қайириб олган деб тасвирлаганлар.
Демак, қуйидаги аломатлар фитначиларнинг белгисидир.
- Қуръонни қироат қилурлар, аммо у ҳалқумларидан нари ўтмас.
- Улар Аллоҳнинг китобига даъват қилурлар, ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ.
- Диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар, сўнгра унга қайтмаслар.
- Аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар.
- Улар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир.
- Улар Нажднинг Буну Тамим қабиласидан бўлган Зулхувайсиранинг авлодларидан чиқадилар.
- Уларнинг белгиси – сочни қирдириш эканлигидир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бундай кимсалар 14 асрдан буён уммат орасидаги бирликка раҳна солиб келмоқдалар. Имом домлаларимизга отилаётган тошлар ҳам аслида жамоатни келишмовчиликлар гирдобига тиқишдан иборатдир. Бунга ўхшаш вазиятларда биз имомларимизнинг сўзларини тўғри ва ўз маъносида тушуниб, ҳиссиётларга берилмасдан, фитначиларнинг ёлғон сўзларига алданмасдан иш кўрмоғимиз даркор.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати