Ўзбекистон азалдан кўп миллатли ва турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаб келган юрт ҳисобланади. Аждодларимиз ҳар доим шу юртда бирга яшаган бошқа дин вакилларига ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишган. Уларнинг ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда ўз аксини топган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 34.2 млн.дан ошиқ аҳолиси истиқомат қилаётган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилади. Юртимиз фуқароларининг 3,5% га яқини православ динига мансуб, қолганларини бошқа конфессия вакиллари ташкил этади.
Айни дамда оммавий ахборот воситаларида Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечираётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.
Афсуски, ёшлар муайян қисми экстремистик оқимларни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда одам ўлдириш, аҳоли корига ярайдиган маиший биноларни вайрон қилиш ва кўнгли тусаган бошқа жиноятларни содир этишни гўёки “жиҳод”, бу разил ишларни амалга ошираётган шахсларни эса “мужоҳид” санайдилар, уларнинг сафига қўшилишни эса мусулмонлар учун фарз ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар.
Халқаро террористик ташкилотларнинг манфур мақсадларидан бири – ўз сафига турли йўллар билан қўшилган ёшларни жанговор тайёргарликдан ўтказиб, Ватан, оила туйғуларини сўндириб, ўз юртига, ўз ватандошларига қарши қўпорувчилик ишлари олиб боришга йўналтиришдир.
Диний экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солади. Жумладан, диний экстремистик оқим таркибига кириб қолган шахс:
— оиласи, қариндош-уруғлари ва яқин инсонларидан маҳрум бўлади;
— жамиятдаги ижтимоий мавқеини йўқотади, чуқур илм олиш, яхши касб эгас бўлиш ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш имкониятларидан айрилади;
— ён-атрофига, воқеа-ҳодисаларга, ўз шахсий муносабатлирисиз, барча жараёнларга фақат бузуқ ақидалар асосида нигоҳ ташлашга мажбур бўлади;
— умри қамоқда ёки ўзга юртларда хор-зор ва саргардонликда ўтади, ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги инсоний мажбуриятларини бажара олмайди.
Ўз навбатида, экстремистик ғоя ва ёт ва носоғлом қарашларнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва тадрижий ривожланишга зарарли таъсири қуйидагиларда акс этади:
— Кишининг экстремистик оқимга аъзо бўлиши унинг қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини – оилаларда парокандаликни юзага келтиради, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;
— жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий-диний, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавиятга катта зарба берилади;
— экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиш орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” сусайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;
— терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади.
2020 йилда дунёнинг 35 дан зиёд мамлакатларида йирик террорчилик ҳаракатларининг ўзида икки минг нафардан ортиқ одам яраланган бўлса, мингдан зиёди ҳалок бўлган.
2018-2019 йилларда 70 га яқин мамлакатда 5 мингдан зиёд террорчилик ҳаракатлари содир этилган. Уларда 30 минг нафардан ортиқ одам зарар кўрган.
Ислом таълимотига кўра, ўз юртига, оиласига хиёнат қилганларнинг икки дунёси ҳам куйиб кетади. Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим”. Имом Таҳовий таъкидлаганлар: “Ғайритабиий одатлар, хилоф, тафриқадан қочамиз. Адолатли, омонатли кишиларни дўст тутамиз. Зулм ва хиёнат аҳлини ёмон кўрамиз”.
Тинчликни сақлаш хушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим. Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки мактабнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчидир.
Яна таъкидлаш жоизки, тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимизнинг мутасадди идоралари томонидан амалга оширилаётган сайъй-ҳаракатларни нафақат тўғри қабул қилишлари, балки эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ва қўлидан келганча уларга ёрдам беришлари лозим. Таҳдидларни олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, диндорларимиз хотиржамликда ибодатларини кўнгилдагидек адо этмоқдалар. Шу сабабдан юртимизга ғаламислик қилишга ҳаракат қилувчи, гўёки диндорларга тайзиқ қилинмоқда деган туҳмат тарқатаётган кимсаларнинг тегирмонига сув қўйиб қўймаслигимиз ҳам лозим. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганларидек: “Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”.
О.Исмоилов.
Сариосиё тумани
“Имом Низомиддин Сангардакий” жомеъ масжиди имом-хатиби