Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ниҳоят даражада меҳрибон бўлган зотдурки, Ўзининг каломи ва Пайғамбарининг суннати орқали бизларга ҳалолу ҳаромни, гуноҳу савобни очиқ-ойдин баён қилиб берган. Шунингдек, ҳалол пок яшаган инсонларга улкан савобларни, гуноҳкор кимсаларга эса жазо борлигини ҳам айтган. Гуноҳлар икки ҳил бўлиб, баъзилари сағира, яъни кичик гуноҳлар дейилса, яна баъзилари эса кабира, яъни катта гуноҳлар дейилади. Қуръони каримнинг: “Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади” (Ҳуд сураси, 114-оят) оятига биноан, сағира гуноҳлар банданинг ўқиган намозлари, зикру тасбиҳлари ҳамда солиҳ амаллари туфайли ўчирилиб туради. Аммо, кабира гуноҳларнинг кечирилиши учун астойдил тавба қилиб, қилинган гуноҳ учун афсус надомат чекмоқ ҳамда иккинчи бор бу гуноҳни такрорламасликка азму қарор қилмоқ шарт қилинади. Кабира гуноҳдан тавба қилмай вафот этган кишининг охиратда бўладиган ҳолати Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилинади, ҳохласа кечиради, ҳохламаса гуноҳига яраша азоб беради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида ана шундай кабира гуноҳларнинг бир нечтасини санаб ўтганлар:.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалокатга элтувчи еттита гуноҳдан сақланинглар!”, — дедилар. Саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, улар қайсилар? – деб сўрашди. У Зот: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик қилиш, етимнинг молини ейиш, ёв босган вақтда орқага қочиш ҳамда иффатли, мўмина, бузуқлик нималигини билмайдиган аёлни фоҳишаликда айблаш”, — деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳадисда зикри келган амалларни қилган киши инсониятга ҳар томонлама, ҳам моддий ва ҳам маънавий зарар етказиши мумкинлигини инобатга олиб, уларни кабира гуноҳлар деб аталди. Айниқса, ёв босганда орқага қочиш, бу — инсон ўзи туғилиб ўсган ватанининг ҳимоясидан қочиш демакдир. Ватан, оила, дин, ҳалол меҳнат билан топилган мол-мулк ҳамда обрў-иззат инсон учун энг қадрли нарсалар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни ҳимоя қилиш муқаддас бурчдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида мазкур нарсаларни душмандан ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлганлар шаҳид бўлишларини айтганлар. Ватан мудофаасидан ўзини олиб қочиб, уни душманлар босиб олишига рози бўлиб қараб туриш эса, гуноҳи кабиралардандир.

“Хиёнат” сўзи луғатда бирор нарсага нисбатан зиммадаги мажбуриятни адо этмаслик, ўртадаги келишув ёки аҳдномани бузмоқлик деган маъноларда ишлатилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ватанга хиёнат деганда, инсон ўз юртига нисбатан зиммасидаги фуқаролик бурчини адо этмаслиги, унинг тинчлиги ва равнақига ҳисса қўшмаслиги, аксинча тинчлигини бузишга ҳаракат қилиши тушунилади. Демак, шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг зиммасида, унинг имконияти даражасида адо этиши лозим бўлган бурчлари мавжуддир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳижрат қилиб борган ватанлари бўлмиш Мадинаи мунавварани Ҳарам деб эълон қилиб, у ер халқининг тинчини бузишдан, ҳатто ҳайвонларининг ҳам ҳуркитилишидан, дарахтларининг шохини ҳам синдиришдан қайтарганлар.

Инсоннинг ўз юртига ва ўз халқига хиёнат қилиши оғир гуноҳдир. Баъзи бир кимсалар юртини ҳимоя қилиш у ёқда турсин, ҳатто мўмин-мусулмонлар орасида турли ихтилофларни чиқариб, уларни бир-бирларига қарши қилиб қўядилар. Юртнинг тинч, халқнинг осуда ҳаётини кўра олмай, ҳар хил фитна-фасодларни қўзғайдилар. Ўтган йилларда Тошкент, Бухоро ва Андижонда содир этилган машъум воқеъалар барчамизнинг эсимизда. Ўшанда бир тўда хоинлар ўз ватандошларини ўзлари ўққа тутишгача бориб етдилар. Шунингдек, баданларига портловчи моддаларни боғлаб олиб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юборган кимсаларни ҳам том маънодаги ватан хоинлари деб аташ мумкин. Албатта, соғлом ақлли, соф виждонли ҳар қандай инсон буни эътироф этади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон бўлишини муяссар айласин.

 

Роббимқул Уринов

Денов тумани “Имом Бухорий”

жомеь масжиди имом-ноиби

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here