Одоб- тарбия, гўзал ахлоқ, назокатлилик демакдир.Ҳаё- уялиш, Аллоҳдан қўрқиб ёмон ишлардан сакланиш, тортиниш демакдир. Ҳар бир мусулмонда бўлиши керакли энг муҳим нарсалардан бири одоб ва ҳаёдир. Агар одамларда одоб ва ҳаё бўлмаса, Аллоҳдан қўрқиш ва ижтимоий назорат бўлмаса, балки олам тартиблари бузилиб кетарди. Ҳар бир киши қилган хато ва гуноҳларидан уялмаса, одамлардан тортинмаса, Аллоҳдан қўрқмаса, ёмон ва ножўя ишларни тўхтатиб бўлмас эди. У чоғда мамлакатлар ёвуз одамлар қўлига ўтиб, тинчлик ва осойишталик тугар, ҳаётнинг лаззати қолмасди.
Одобли одам бошқалар билан яхши муносабатда бўлиб, катталарни ҳурмат қилади, кичикларга шафқат кўрсатади. Одобли киши ўз обрўсини тўкадиган ҳаракатлардан узоқ бўлади. Мабодо шундай бир ҳаракатни содир этса, уялиб юзи қизаради ва виждони азобланади. Ана шундай ҳиссиётга эга бўлган киши одобли ва ҳурматли инсон саналади. Баъзи кишилар ўзлари билмаган ёки бехабар ҳолда бирон хато иш қилиб қўйсалар, уятдан бошларини кўтаролмай қоладилар. Бошқа бир кишилар эса катта хато қилиб қўйсалар ҳам, асло парво қилмайдилар. Чунки бундай одамлар одобу ҳаёларини, виждон туйғусини йўқотган кишилардир. Ислом дини бўйича одоб ва ҳаё одамларни ножўя ишлардан сақловчи бир қалқон, ҳимоячидир. Ислом динида гуноҳ иш қилиш қораланади. Лекин бир киши қандайдир бир сабаб туфайли айб ва гуноҳ ишни қилишга мажбур бўлса, уни одамларга очиқ кўрсатиб бажариши тўғри бўлмайди. Чунки ножўя ва фойдасиз ишлар одамдан одамга ўтадиган касалликка ўхшайди. Агар бирон киши хатога йўл қўйса, бу билан беихтиёр бошқа кишиларга ўрнак бўлмаслик учун одамлардан уялиб, пинҳон тутиши даркор.
Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифларида: «Уялмаган одам билганини қилсин», -дегандилар. Демак, бошқалардан уялмаган одам ҳар хил ножўя ишларга йўл қўяди, лекин охирида ўз жазосини олади. Бошқа бир ҳадисларида: «Одамлардан уялмаган Аллоҳданҳам уялмас «, — дейдилар.
Уялиш икки турли бўлади: Аллоҳдан уялиш; одамлардан уялиш. Аллоҳдан уялмоқ одамлардан уялишдан афзалроқдир, чунки Аллоҳдан уялиш одамларни ҳар хил ёвузликлардан ва ўсалликлардан қайтаради.
ШЎРЧИ ТУМАНИ “ ТОЛЛИ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО