“Ҳамма ўйлаган ниятларимга эришсам, истаган нарсам муҳайё бўлса ва бой бўлсам бахтли бўламанми”?
Юқоридаги савол ақлли одамларнинг кўпчилигини ўйлантирган. Зотан, бахт ва бахтли бўлиш ҳақида ҳамма ҳам фикр юритавермайди, ҳозирги замонда.
Шундай қоида мавжуд: “Бирор нарсага эришишни қаттиқ истаганингда, ўша нарсага сендан аввал эришган инсон бахтлими-йўқми, шуни билиш керак”.
Ҳақиқатдан ҳам, одам ҳамма тилагига эришса, автоматик равишда бахтли бўлиб қоладими? Ҳамма нияти сўзсиз, пайдар-пай амалга ошаверса, ҳаёт зерикарли бўлиб кетмасмикан?
Масалан, биз ўтган асрларда яшаган одамларга нисбатан бахтли яшашамиз учун кўплаб асослар мавжуд. Масалан, ҳозир ўтмишга нисбатан тиббиёт яхши ривожланган, тахлим олиш осонроқ, инсон учун кўп нарсалар муҳайё қилинган. Айни пайтда кам ишлаймиз. Ўртаҳол одамлар боболари ва бувилари орзу қила олмаган нарсаларга эришадилар: шинам уйлар, машиналар, кўп вақт ва кучни тежайдиган маиший мосламалардан фойдаланадилар, хорижга саёҳат қиладилар. Бўш вақтни ўтказишга ёрдам берадиган гаджетлар, компютер, телевидение ва бошқа воситалар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Илгари даволаб бўлмайдиган сурункали касалликларни ҳозир ажойиб дорилар билан даволамоқдалар.
Демак, бизнинг бахтлилик даражамиз ҳам аввалгиларга нисбатан ортдими? Жуда қийин савол…
Ривожланган мамлакатларнинг олимлари ушбу масала устида илмий тадқиқотлар ўтказиб, негадир бир-биридан тушкун хулосаларга келишмоқда. Масалан, сўнгги 25 йилда америкаликлар ўзларини унчалик бахтли эмас, деб ҳисоблай бошлаганлар. Европа Иттифоқида ҳам вазият худди шундай. Ваҳоланки, ўтган даврда уларнинг турмуш фаровонлиги бир неча баробарга ўсган. Тадқиқот натижалари шундан далолат берадики, ҳаёт сифатининг жиддий яхшиланиши одамларни бахтлироқ қила олмади. “Ҳатто Америкадаги 100 нафар энг бадавлат кишилар сирасига кирувчи бойваччаларни ўртаҳол фуқародан бахтли, дейиш мушкул”, — деб ёзишади олимлар.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, мол-дунёга эришганлар фақат вақтинча хурсанд бўладилар. Кейин эса… Қисқаси, бойлик бамисоли оловга ўхшайди: гарчи унинг мутлақо йўқлиги бир кулфат саналса-да, бу унсур мавжудлиги чинакам бахт-саодатли ҳаёт бўлишини кафолатлай олмайди.
Инсон ҳаётда нималаргадир эришишга доимо ҳаракат қилиб яшамоғи керак. Бу ҳаракат тўхтагани заҳоти, қалбда қандайдир бўшлиқ ҳис этилади. Гоҳо тайёр имконлар инсонни чеклайди. Эринчоқлик пайдо бўлади. Мақсадсизлик турли иллатларга йўл очади. Ҳаётда маъно ва мақсад бўлмаса, яшашнинг мутлақо қизиғи қолмайди.
Бир неча йил аввал газетада италиялик 34 ёшли миллионернинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида ёзишганди. Ўша кимса, Европадаги энг бой-бадавлат сулолалардан бирининг фарзанди экан. У ўлими олдидан ёзган хатида, шундай деган: “Менинг ҳаётда интиладиган мақсадим қолмади”. Қаранг, ҳамма нарсаси бору, лекин мақсади йўқ! Энг катта фожеа мана шу, аслида.
Баъзан ҳаётда бойлик туфайли шундай даҳшатли муаммолар ҳам келиб чиқадики, уларнинг олдида камбағалнинг йўқсиллиги роҳатижон бўлиб туюлади…
Бойлик ҳақида уламоларнинг фикрлари ҳам турлича. Баъзилар: “Ислом бойликни қоралайди, ҳадисларнинг аксарига қара, бойлик зарарли эканлиги айтилган, шунинг учун иложи борича инсон камбагал бўлиши керак!” деган сўзларни айтишса, бошқа тоифа кишилар эса: “Ислом тарихида жуда кўп бадавлат кишилар ўтган, жаннатга тушишини тириклигидаёк эшитган унта сахобийнинг ярмидан кўпи бой кишилар бўлган, нима учун ислом бойликни қоралар экан, қайтанга, мусулмонлар қанча бой бўлишса, шунча яхши”, деган гапларни айтишади.
Юқоридаги ҳолатларни ўрганиб чиқиб, уламолар бу масалада ҳам ўртада турмоқ афзал эканига ижмоъ қилишган. Яъни, ислом бойликни қораламайди, мусулмонлар ичида бой-бадавлат кишилар кўпайгани яхши, дейди, бироқ бойлик инсоннинг охирати учун зарарли бўлса, ундан хатарлироқ нарса йўқлигини ҳам баён этади. Чунки, Росули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини диққат билан ўқиган кимса пайғамбар алайҳиссалом дуо қилсалар, фақирликдан паноҳ сўраганликларини кўради ва шу билан биргаликда, охиратда фойда бермайдиган бойликдан ҳам қочганликларини кузатади. Демак, сарваримизнинг ўзлари ҳам бу борада ўртада турганлар. У зоти шарифнинг мавқелари шундай бўлганки, мўмин кимсага бойлик фойдали бўлса, у бой бўлгани, зарар бўлса, фақир ўтгани хайрли деб таълим берганлар. Бунга ҳаётий далиллар жуда кўп.
Демак, бой бўлиш ҳам камбағал бўлиш ҳам бахтли бўлишга таъсир кўрсатмас экан. Негаки, бойлик ҳам камбағаллик ҳам инсонларга синов учун берилган. Яъни, инсон қўлига мол-дунё тушганида ва аксинча камбағаллик келганида ҳам Аллоҳ таолони зикр этишда ва унга итоат қилишда бардавом бўлиш ёки тарк этишига қараб унга бахт берилади.
Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Исро сураси 20- оятида шундай марҳамат қилади:
“(Эй Муҳаммад, бу дунёда одамларнинг) барчаларига – мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингиз неъматидан ато этамиз. Парвардигорингиз неъмати (ҳеч кимдан) ман қилинмайди”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ ўртангизда хулқингизни тақсимлаганидек, ризқларингизни ҳам тақсимлаган. Аллоҳ дунёни Ўзи суйган бандасига ҳам, ёмон кўрганига ҳам бераверади. Аммо динни фақат яхши кўрган бандасига беради. Аллоҳ кимга динни берган экан, У зот уни яхши кўрибди” (Аҳмад, Ҳоким, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади заиф ).
Хулоса шуки, ҳеч қайси замонда ва маконда БАХТ бойлик ёки камбағаллик билан ўлчанмаган ва хосланмаган. Бахтли яшаш учун биргина қоида бор: Аллоҳ таолонинг буюрганлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшаш!
Зеро, бойлик ҳам, фақирлик ҳам Аллоҳдан!
Шеробод туман бош имом хатиби У.Буронов