Кибрнинг сабаблари: – Илм. Бундай одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санайди, ўзгалар насиҳатини қабул қилмайди. – насл-насаб. Мутакаббир кимса ота-боболарининг олий насаби билан фахрланади, “бундайроқ” одамларни оѐқ учида кўрсатади. – мол-дунѐ. Бой одам данғиллама иморати, фаровон турмуши, қимматбаҳо кийими, машинаси билан ғурурга кетади, ўзини катта олади, камбағалларга паст назар билан қарайди. – чирой. Бундай кимсалар ўзининг ҳуснига ишониб, “Бошқалардан устунман”, деб ўйлайди. Ваҳоланки, ташқи кўриниш одамнинг ҳурматини белгилайдиган мезон эмас. Аллоҳ банданинг чиройига, кийган кийимига эмас, қалбига, қилаѐтган амалига қарайди. Кибрнинг оқибатлари: – Мутакаббир кимса Аллоҳнинг назаридан қолади. – кибр бандани ажр-савобдан маҳрум этади. – кеккайган кимса ҳурмат-эътиборини йўқотади. – бундай одамнинг ғам-андуҳдан боши чиқмайди. – мутакаббир ҳечам хато қилмасликка зўр бериб тиришади. Агар хатога йўл қўйса, одамлар олдида обрўси тушиб кетишидан қўрқади. Бу ҳолат унга оғир руҳий босим юклайди. – қалбида заррача кибр бор одам жаннатга кирмайди. – манман одамнинг оқибати яхши бўлмайди. – мутакаббир охиратда хор бўлади. – кибр жамият ҳаѐтини издан чиқаради. Мутакаббирлар яшайдиган жойда руҳий-маънавий инқироз юз беради. Кибрнинг давоси: – Инсон, энг аввало Парвардигорини танисин, Унинг нақадар улуғлигини, ўзининг ожизлигини билсин. – кибр қандай аянчли оқибатларга олиб боришини: мутакаббир шахс дунѐда ҳам, охиратда ҳам маломатга қолишини унутмасин. – инсон ташқи тарафга қараб хулоса чиқармасин. Балки у менсимаѐтган одам ундан афзалдир. Балки бойлиги камроқ, мансаб-мартабаси уникидан пастроқ кўринган инсон Аллоҳга яқиндир. – инсон куч-қувват, бойлик, мартаба, насл-насаб, чирой ўткинчи эканини, бу нарсалар қадр- қиймат ўлчови бўлолмаслигини яхши англаб етсин, камтарликни ўзига лозим тутсин.
Ангор тумани бош имом хатиби Э. Гулмуродов