Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муҳаддислар
Биз Имом Бухорий ҳазратлари энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун ҳам, кўпроқ у зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам худди шундай йўл тутишган. Аслида бу ишнинг бошида фитналар давригача яшаб қолган саҳобаи киромлар туришган. Аввало ўша покиза зотлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Суннатларини асл ҳолича сақлаб қолишга ҳаракат этиб, бу ишга бел боғлаган тобеъинларга беқиёс ёрдам берганлар.
Инсоният тарихида ўзининг кенг кўламлилиги, ихлосанлиги, поклиги, аниқлиги ва бошқа жиҳатлари билан мисли кўрилмаган бу илмий ҳаракатга Аллоҳ таоло улкан самаралар берди. Бу самаралар фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун дунё учун ҳам фойдали экани кундан-кунга равшанлашиб бормоқда.
Мазкур улкан ва муборак илмий ҳаракатнинг бош натижаси шу бўлдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари расмий равишда ёзилиб, ҳужжат сифатида тўпланиб қолди. Бу ишнинг бошловчиси халифа Умар ибн Абдулазиз бўлди ва у киши турли жойларга одам юбориб: «Мен уламоларнинг орамиздан кетишлари ва илм дарсларининг камайишидан қўрқмоқдаман. Қараб, суриштириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзиб олинглар», деб буюрди. Шундай қилиб, биринчи китобни буюк тобеъин Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (124-ҳижрий санада вафот этган) ёздилар. Бу китоб содда бўлиб, саҳобалардан эшитиб, ёзиб олинган ҳадислар тўпламидан иборат эди. Шундан сўнг ҳадис китоблари ёзиш расм бўлди ва кенг миқёсдаги илмий ҳаракатга айланди.
Маккадаги ҳадисларни Ибн Журайж ва Ибн Исҳоқ, Мадинадагиларини Саъид ибн Абу Аъруба, ар-Робийъ ибн Субайҳ ва Имом Моликлар, Басрадагиларини Ҳаммод ибн Салама, Куфадагиларини Суфён ас-Саврий, Шомдагиларини Абу Амр ал-Авзоъий, Хуросондагиларини Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий, Ямандагиларини Муъаммар, Раъйдагиларини Жобир ибн Абдул Ҳамид ва бошқалар тўплашди.
Учинчи ҳижрий аср ҳадис илмининг олтин асри бўлди. Айнан шу асрда бу илм равнақ топиб, энг машҳур китоблар ёзиб қолинди.
Дастлаб уламолар «Муснад» китоблари ёзишди. Бу турдаги китобларда саҳобаи киромларнинг номлари тилга олиниб, аввал битталари қанча ҳадис ривоят қилган бўлсалар, барчаси бирин-кетин келтирилади. Кейин иккинчи саҳобийга ўтилиб, у киши ривоят қилган ҳадислар келтирилади. «Муснад» тариқасида биринчи бўлиб, Абдуллоҳ ибн Мусо ал-Абсий, Мусаддад ал-Басрий, Асад ибн Мусо ва Наъийм ибн Ҳаммод ал-Хузоъийлар китоб тасниф қилдилар. Кейин эса Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Усмон ибн Абу Шайба ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал каби муҳаддислар ўз «Муснад» китобларини туздилар. «Муснад» китоблари ичида энг машҳур ва кенг тарқалгани Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг «Муснад»ларидир.
Сўнгра Имом Бухорий ўзларининг машҳур «Жомеъ ус-Саҳиҳ» китобларини ёздилар. Бу китоб фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлагани учун шундай ном билан аталгандир. Шу боисдан ҳам бу китоб Қуръондан кейинги энг тўғри китоб саналади, Имом Бухорий эса мўминларнинг ҳадисдаги амири ҳисобланадилар. Энг саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига жамлаган бу китоб ҳанузгача қадрланиб келмоқда. Аввалги вақтларнинг ўзидаёқ унга саксондан ортиқ шарҳ ёзилган.
Имом Бухорий ҳазратларидан кейин худди шу услубда шогирдлари Имом Муслим «Саҳиҳ» китоби тузди. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари иккинчи ўринда туради.
Худди шу асрда «Сунан» номи билан шуҳрат топган ҳадис китобларини таълиф этиш одат тусига кирди. Бу услубдаги китобларда ҳадислар фиқҳ боблари асосида келтирилади. Мисол учун, «Таҳорат китоби»га таҳоратга тегишли ҳадислар жамланган. «Китобус солат»да эса намозга оид ҳадислар келтирилган ва ҳоказо.
Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ва Имом Ибн Можаларнинг «Сунан» китоблари ана шу услубдаги китобларнинг энг машҳурларидир. Ушбу тўрт китоб Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Жомеъ ус-Саҳиҳ»ларига қўшилиб, «Сиҳоҳу ситта», яъни «Олти саҳиҳ китоб» номини олган. Ҳадис китоблари ичида энг кучли ва энг мўътабарлари мана шу олти китоб ҳисобланади. Буларнинг даражалари ҳақида, иншааллоҳ, келгусида батафсил сўз юритгаймиз.
Тўртинчи ҳижрий аср уламолари ҳам ўзларидан аввал ўтган муҳаддислардан кенг фойдаландилар. Аммо улар учун янгилик ахтаришга ўрин қолмаган эди. Қолса ҳам, жуда оз эди. Шунинг учун тўртинчи ҳижрий аср уламолари кўпроқ аввалги муҳаддисларнинг асарларини тартибга солиш ва жамлашга кўпроқ эътибор бердилар. Бацзи бир ҳадисларни топиб, аниқладилар. Бу асрда шуҳрат топган муҳаддислар ичида Имом ат-Табароний, Имом Дора Қутний, Имом Ибн Ҳиббон ал-Бустий, Имом Ибн Ҳузайма, Имом ат-Таҳовийлар алоҳида зикр қилинадилар.
Булардан кейин келган муҳаддислар ҳам асосан аввалги муҳаддислар тўплаган ҳадисларни турли тўпламларга жамлаш, тартибга солиш ёки уларга шарҳ ёзиш билан шуғулландилар.
Мазкур илмий ҳаракат самараси ўлароқ, «Мусталаҳ ул-ҳадис» илми пайдо бўлди. Бу илм ривоят қилинган хабарнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқловчи илм эди. У тўғри бўлса, қай даражада тўғри, нотўғри бўлса, қай даражада нотўғри эканини атрофлича баён қилиш қоидаларини ўз ичига олган эди. Бу илм туфайли дунёдаги хабар ва ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашнинг энг ишончли услуб ва йўллари ишлаб чиқилди. Ушбу улкан ҳақиқатни барча, ҳатто Ислом душманлари ҳам тан олганлар. Муҳаддисларнинг бу илмга асос солишлари бошқа илмлар ривожига ҳам сабаб бщлди. Тафсирчилар, тарихчилар, фақиҳлар, луғат ва адабиёт олимлари ҳам мана шу илмдан кенг фойдаланишга ўтдилар. Ўз соҳаларида қилинган ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашда муҳаддислар услубидан фойдаландилар.
«Мусталаҳул-ҳадис» илмида китоб ёзган уламолар ичида Абу Маҳмуд ар-Ромаҳрузий биринчилардан ҳисобланади. Сўнгра ал-Ҳоким Абу Абдуллоҳ ан-Нийсобурий «Маърифату улумул-ҳадис» китобини битди. Ал-Хатийб Абу Бакр ал-Бағдодий «ал-Кифоя», Қози Иёз «ал-Илмоъ», Ибн Салоҳ ад-Димашқий «Муқаддимату Ибн Салоҳ», Ибн Касир ад-Димашқий «Ихтисору улумул-ҳадис», Ибн Ҳажар «Нухбатул фикар» номли китоблар ёздилар. Кейинчалик бу соҳада китоблар жуда кўпайиб кетди.
Мазкур илмий ҳаракатнинг учинчи катта самараси – «Илмул жарҳи ва таъдийл»ни пайдо қилувчи шахсларни ўрганиб, уларнинг қай бири ишонч юзасидан мажруҳ, қайси бири адолатли эканини аниқлаш бошланди. У ҳам ўзида кўплаб нарсаларни мужассам этган алоҳида бир илмга айланди. У инсоний илмларга асос бўлганини ҳам айтиб ўтган эдик. Бу илмга қўл урган уламолар ўн минглаб одамларни атрофлича ўрганиб чиқиб, китоблар ёзиб қолдирдилар.
Аслида бировнинг айбини айтиш Исломда ғийбат, гуноҳ ҳисобланади. Аммо ҳадис диннинг асоси эканидан, унинг соф қолиши лозим бўлгани учун ўзининг даражасини бу ишга аралаштирганларнинг айбини баён қилиб кетиш ўз вақтида зарур саналган. Имом Бухорийга «Одамлар сизнинг «Тарих» (Одамлар тарихи) китобингиз учун аччиқлари чиқмоқда, унда бошқаларнинг ғийбати бор, деб ҳисоблашмоқда», дейишганда, Имом Бухорий ҳазратлари «Биз буни ривоят қилдик, ўзимиздан айтганимиз йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Бу одам ўз уруғининг қандай ҳам ёмон одами», деганлар», деб жавоб қилган эканлар.
Дастлаб ровийлар шахси ҳақида, уларнинг ишончли ёки ишончсиз эканлари тўғрисида оғзаки маълумотлар нақл қилиб юрилган бўлса, кейинчалик бу борада ҳам китоб ёзиб қолдириш расм бўлди.
Яҳё ибн Маъийн, Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Саъд, Али ибн ал-Маданий, кейинроқ Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Заръа, Имом Абу Довудлар бу хусусида ўз китобларини ёздилар.