Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Қуръони каримнинг маъноси ҳам, сўзлари ҳам Аллоҳ таоло томонидандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи араблардан унга ўхшаш калом келтиришни талаб қилган, улар бунга қодир бўлмаганлар ва қиёматгача ҳам қодир бўлмайдилар. Ҳадиси қудсийда эса бу хусусият йўқ. Унинг мўъжизалиги йўқ ва Аллоҳ таоло араблардан унга ўхшаш нарса келтиришни талаб қилмаган.

2. Қуръони карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийларини, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий Китобнинг ўзига хос сифатларидан биридир.

3. Қуръони карим фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берилади. Ҳадиси қудсий эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берилади.

4. Қуръони каримнинг барчаси, ҳар бир ҳарфигача тавотур ила ривоят қилинган. Унинг барчаси қатъий собит бўлган. Ҳадиси қудсийларнинг кўпи мутавотир бўлмай, оҳод хабарлардир. Баъзи ҳадиси қудсийлар саҳиҳ, бошқалари ҳасан, яна бошқаси заиф бўлиши мумкин.

5. Қуръони каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳдан, десалар, бошқалар Аллоҳдан эмас, дейдилар.

«Шарҳу Арбаъин ан-Нававия» китобида Қуръони карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқ борасида қуйидагилар айтилган:

«Қуръон ҳадиси қудсийдан қуйидагилар билан фарқланади:

– Қуръони каримни Жаброил алайҳиссалом келтириши шарт. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ.

– Қуръони каримнинг маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Ҳадиси қудсийнинг маъносини ривоят қилса бўлади.

– Қуръони каримнинг лафзи Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳ таолодан бўлиши шарт эмас.

– Қуръони каримни таҳорат билангина ушлаш мумкин. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ.

– Қуръони карим қироати намозда фарздир. Ҳадиси қудсийни намозда ўқиб бўлмайди. Агар қасддан ўқилса, намоз бузилади.

– Қуръони каримнинг ҳар бир калимаси тиловатига ўн савоб берилади. Ҳадиси қудсийда бундай эмас.

– Қуръони каримнинг бир ҳарфини инкор қилган одам кофир бўлади. Ҳадиси қудсийни инкор қилган ёки санади тўғри эмас, деган одам эса кофир бўлмайди.

– Қуръони карим тавотур ила собит бўлган. Ҳадиси қудсий ундай эмас».

Қўшимча тарзда айтиб ўтиш керак бўлган нарсалардан бири шуки, ҳадиси қудсийлар оз бўлиб, уларнинг сони мингтача. Ўша ададнинг ичида саҳиҳи ҳам бор, заифи ҳам бор.

Ҳадиси набавий.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари иккига бўлинади:

1. Аллоҳ таолодан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинганлари.

Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим оятларидан бошқа ваҳийларни ҳам келтириб турганлари маълум ва машҳур. Ана шу қисм ваҳийлар Суннат сифатида ворид бўлган. Бу хилдаги Суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга етказганлар. У зотнинг етказишдан бошқа ҳеч қандай дахллари бўлмаган. Бунга мисол тариқасида имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба «Аёл киши ўз аммаси ёки холаси устига никоҳланмас» деган ҳадисни келтирадилар. Бу ҳадис ваҳий бўлиб, унинг маъносини Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етказганлар. У зот ҳам ўз навбатларида мусулмон умматига етказганлар ва ҳаётга татбиқ қилганлар. Мазкур ҳадис ворид бўлганидан бошлаб ҳамма мусулмонлар учун амма ёки хола устига уларнинг қиз жиянини кундош қилиб олиш ҳаром бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу ҳукмдан фалончи истисно», деб айта олмаганлар.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинган эмас, балки у зотнинг ўзлари ижтиҳод этганлари.

Бундай нарсаларнинг асосий қоидаларини ва мақсадларини Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баён қилиб берганидан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўз ижтиҳодлари ила баён қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ижтиҳодлари ҳам ваҳий ўрнида бўлган. Агар хато бўлса, Аллоҳ таоло тўғрилаб қўйган. Бу қисмдаги Суннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи тасарруфотлар қилишга ҳақлари бўлган.

Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак мусулмонлар учун ипак кийим кийиш ҳаром эканини баён этганларидан кейин, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўзларининг хасталиклари ипак кийишни тақозо этишини айтиб, у зотдан изн сўраганларида, у кишига ипак кийим кийишга рухсат берганлар. Агар бу ҳукм Жаброил алайҳиссалом келтирган ваҳий бўлганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўзларича рухсат бермаган, балки бошқа ҳолатлардаги каби Аллоҳ таолодан бирор хабар келишини кутган бўлар эдилар.

Ҳадис китобларимизда келтирилган ривоятларнинг аксарияти ушбу қисмга – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликни етказиш юзасидан содир бўлган икки хил Суннатга тааллуқлидир. Ислом шариатининг аҳкомларига тегишли барча нарсалар – ибодат, эътиқод, охират, одоб-ахлоқ, солиҳ амалга тарғиб қилиш, ёмонликлардан қайтариш каби ишлар шулар жумласига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳашр сураси, 7-оятида: «Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар», деганда, айнан шу турдаги Суннатни қасд қилгандир.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг маъноси Аллоҳ тарафидан, лафзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидандир.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here