Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг салот ва саломи бўлсин) бундай марҳамат қилганлар. “Уч нарсага қасам ичаман: Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди. Кимга бирон зулм етганида сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат шарафини оширади. Ким тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади. (Имом Термизий)”
Ушбу ҳадисда иккита хайрли ишга чақирилиб, битта иллатдан қайтариляпти. Биринчиси: “Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди” Бундай дейиш билан Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг салот ва саломи бўлсин) биз умматларини садақа қилишга тарғиб этмоқдалар. Бирон киши “молим камайиб қолади деган хаёл билан хайру садақа қилишдан тўхтамасин. Садақа қилган билан сарват камаймайди, аксинча, зиёда бўлади ва барака киради. Моддий имкониятга эга бўлган киши садақа қилиш, муҳтожларга ёрдам беришдан сира қўрқмаслиги, балки хайру эҳсон билан улкан савобларни қўлга киритишга ошиқмоғи зарур.
Иккинчи: “Кимга бирон зулм етганида сабр қилса , Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади. Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг салот ва саломи бўлсин) бу билан бизларни кечиримли бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Кимнинг жонига ёки молига ёхуд обрўсига бирон кимса жабр ситам қилса, у киши ўч олишга, ҳаққини ундиришга қодир бўлса ҳам, сабр билан кечирса Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади. Чунки кечиримлилик Аллоҳ таолога хуш келадиган амаллардан ҳисобланади. Учинчи: Банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади. Муқаддас динимиз тиланчилик қилишдан қайтаради. Айниқса қўл-оёғи бутун, меҳнатга лаёқатли кимсанинг тиланчилик қилиши қаттиқ қораланади. Билагида кучи бўла туриб, тиланчиликни ўзига касб қилиб олган одам ҳеч қачон рўшнолик кўрмайди. Чунки Аллоҳ таоло унга фақирлик, камбағаллик эшигини очиб қўяди. Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг салот ва саломи бўлсин) ҳадисларига амал қилувчи бандалар бўлишлигимизни насиб айласин!
Сариосиё туман “Имом Низомиддин
Сангардакий” жоме масжиди имом-хатиби О. Исмоилов