Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Соиб Абдий айтади: «Солиҳ Муррий бизнинг олдимизга кирган эди, «Қаердан келяпсан, эй Абу Бишр?» дедим. Солиҳ шундай деди: «Уйимдан келяпман. Бу ерга келгунча кўп жойлардан ўтдим. Бир уйнинг олдидан ўтсам, уй менга: «Эй Солиҳ, мендан ибрат ол. Фалончи-фалончилар менинг бағримда яшашди, кейин риҳлат қилиб кетишди. Яна бошқа фалончилар ҳам менинг бағримда ҳаёт кечирди. Улар ҳам риҳлат қилишди», деди. Йўлимда давом этиб, яна бир уйнинг олдидан ўтдим. Ўша уй ҳам аввалгисига ўхшаб, «Эй Солиҳ, мендан ибрат ол, фалончи-фалончилар менинг бағримда яшади, кейин риҳлат қилиб кетишди. Яна бошқа фалончилар ҳам менинг бағримда ҳаёт кечирди. Улар ҳам риҳлат қилишди», деб нидо қилди». Солиҳ Муррий шу тарзда олдимизга келгунча ўтган уйларни бирма-бир тилга олди».
«Солиҳлар гулшани» китобидан
ЎМИ Сурхондарё вилоят Матбуот хизмати