Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида буюк аллома Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди деб хабар бермоқда uza.uz.
photo5314396097902390591.jpg
2019 йилнинг декабрь ойида Франкфурт-Майн шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳамда “Ҳумо” Ўзбек-Олмон маданий жамияти томонидан “Ўзбек тили ва маданияти” ўқув курслари йўлга қўйилган эди. Бу ерда ҳафтанинг ҳар якшанба кунлари мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар учун дарслар ўтилмоқда.
Навоийхонлик кечаси ана шу ўқув курслари доирасида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакиллиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Германиянинг турли шаҳарларидан келган 80 нафарга яқин ватандошимиз, уларнинг фарзандлари, немис маданияти ва жамоатчилиги вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбирда ўзбек тилида саводхонлигини ошираётган ёшлар ва тадбир иштирокчиларига Навоий даҳоси, унинг ҳаётий маслаклари ва ижод йўли ҳақида маълумот берилди. Буюк бобомиз асарларидан намуналар ўқилди. Айниқса, ёшлар ўртасидаги ғазалхонлик танлови барчага манзур бўлди.
photo5316880590454238348.jpg
Кечада отаси асли ўзбекистонлик бўлган “Арабески” мусиқа гуруҳи солисти Михаэла Роуз ҳам қатнашиб, ўзбек тилидан илк сабоқларини олди. Жаҳонга машҳур гуруҳ вакили ўзбекона дастурхон тузаш одати, миллий таомимиз – паловнинг тайёрланиши билан танишди.
Ўзбекларнинг меҳмондўстлиги-ю, ўз тарихи, маданияти, урф-одатлари ва тилига бўлган юксак эҳтиромидан таъсирланган германиялик машҳур қўшиқчи ўз эҳтиросларини яширолмай қуйидагиларни айтиб ўтди.
– Навоий таваллуди муносабати билан уюштирилган тантанали маросимда иштирок этаётганимдан мамнунман, – деди Михаэла Роуз. – Томирларимда оқаётган қон мени Ўзбекистон, унинг маданияти ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлаб туради. Бундан бир неча йил олдин отамнинг асли ўзбекистонлик эканини билганимдан буён бу юртга бориш, қариндошларим билан кўришиб, улар билан доимий алоқани йўлга қўйиш орзуси билан яшамоқдаман. Ҳозирги кунда энг муҳими иккинчи она тилим – ўзбек тилини ўрганиб, ўзбекларнинг яшаш тарзи, миллий анъаналари билан яқиндан танишмоқчиман. Шу боис Ўзбекистонга бориш, иккинчи ватаним билан яқиндан танишиш, ушбу юртни нафақат Германия, шунингдек, бутун дунёда кенг танитиш йўлида концерт ва бошқа тадбирлар кўринишидаги турли лойиҳаларни режалаштираяпман.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан иштирокчилар ва барча болажонларга эсдалик совғалари топширилди.

ЎМИ Сурхондарё вилоят Матбуот хизмати

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here