Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўкдаги юлдузлар ердагиларга қандай кўринса, Қуръон ўқиладиган уй осмон аҳлига худди шундай кўринади”, деганлар (Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган).
Тунда самога боқсангиз, милтиллаб турган минглаб юлдузларни кўрасиз. Қуръон тиловат қилинадиган уй осмондагиларга ана ўша юлдузлар ўхшаб кўринади. Чунки Қуръон ўқиладиган уйдан нур таралиб туради.
Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
– Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг уйи кечаси ёришиб кетганини кўрдингизми? – дейилди. Шунда у зот:
– Бақара сурасини ўқиган бўлса керак, – деб марҳамат қилдилар.
Ибн Қайсдан бу ҳақида сўралганда, “Тунда Бақара сурасини ўқигандим”, деб жавоб берди (Абу Убайд ва Ибн Касир иккиси “Фазоилул қуръон”да ривоят қилган. Ибн Касир: “Ривоят санади жаййид”, деган).Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уйларингизни намоз ва Қуръон ўқиш билан мунаввар қилинглар” (Байҳақий “Шуабул имон”да заиф санад билан ривоят қилган).Бизнинг ҳанафий мазҳабида, фарз намозларини масжидда ўқиш таъкидланган суннатдир. Нафл намозларини уйда ўқиган афзал. Сабаби намоз ўқисак, Аллоҳни эсласак, хонадонимиз мунаввар бўлади.Одамлар анча-мунча сарф-харажат қилиб, елиб-югуриб чиройли уйлар қурадилар. Айрим иморатлар бир қарашда кўзингизга данғиллама кўринса-да, бироқ хонадонда файз бўлмайди. Нега? Чунки у ерда Қуръон тиловат қилинмайди, намоз ўқилмайди…Иморат қанча ҳашаматли бўлмасин, Аллоҳнинг Каломи ўқилмаса, ундай жойда файз-барака бўлмайди. Зеро, қуруқ дабдаба билан уйимизга нур кириб қолмайди. Яшаб турган жойимиз нурга тўлсин десак, Қуръон ўқийлик, ибодат қилайлик, зикр айтайлик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон тиловат қилинадиган уйнинг аҳли учун кенглик бўлади, фаришталар ҳозир бўлиб, шайтонлар у ердан узоқлашади. Бундай хонадоннинг яхшиликлари кўпаяди. Қуръон ўқилмайдиган уйнинг аҳли учун танглик бўлади. У ерни фаришталар тарк этади. Ўрнига шайтонлар келади. Шунинг учун яхшиликлари камаяди” (Доримий саҳиҳ санад билан ривоят қилган).Қуръон ўқиладиган хонадонда фаровонлик бўлади. Сабаби у ерга фаришталар киради. Фаришталар бор уйга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади. Уйи тинч, хонадони файзли бўлишини истаган инсон Қуръон тиловат қилади. Зеро, Қуръон ўқилмайдиган уйдан фаришталар чиқиб кетади, ўрнини шайтонлар эгаллайди. Шайтонлар ўрнашиб олган жойда хайр-барака бўлмайди.
Баъзилар, “Ҳар бир уйда биттадан Қуръон бўлиши керак”, деб отасидан қолган Қуръонни матога яхшилаб ўраб-чирмаб, қўл етмайдиган жойга илиб қўяди. Кейин ойда-йилда бир олиб, у ер-бу ерини варақлаган бўлади… Мусҳафни деворга осиб қўйишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Аллоҳнинг Каломини ўқисак, ҳукмларини қунт билан ўргансак, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшасак, ана ўшанда қалбимиз мунаввар, хонадонимиз файзли, икки дунёйимиз обод бўлади, иншааллоҳ!
“Қуръон – қалблар шифоси” китобидан
Сурхондарё вилояти Олтинсой туман
“Саййид Мухиддинхон” жомеъ масжиди мухтасиби Т.Абдулахадов