Закот-молиявий ибодат
Муҳтарам азизлар! Аллоҳга шукрким, Рамазон ойини сизу биз тинчлик, хотиржамликда ва осойишталикда ўтказмоқдамиз. Аллоҳ таоло бандаларига Ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилган бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилишимиз лозим. Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод ила ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади. Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади” – деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.
Маълумки, Ислом дининг асосларидан бири бу – Закот ибодатидир. Ҳақ таоло марҳамат қилиб айтадики:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ …
(سورة البقرة/43)
яъни: “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз…”.
Закот молиявий ибодат бўлиб луғатда “поклаш” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Закот Қуръони каримда йигирма етти бора намоз билан бирга қайд этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигига далолатдир.
Закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилло ва кумуш, пул, мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз с.а.в. томонларидан қатъий белгилаб берилган.
Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,125 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни қирқдан бири демакдир.
Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисоб бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт.
Чорва моллари жумласига туя, қора мол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони бешта бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан битта қўй закот учун ажратилади. Қора молнинг нисоби 30 та бўлиб, ундан битта бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони 40 тага етганида нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади. Чорва молларидан закот вожиб бўлиши учун тилла ва кумуш учун айтилган шартлар бўлиши, яъни бир йил давомида кўпайиши, бундан ташқари чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт. Аммо, ем-хашакни 6 ойдан ортиқ ташиб келиб боқилган бўлса, закот вожиб бўлмайди. Агар тижорат ниятида боқилаётган бўлса қиймати ҳисобланиб закоти чиқарилади. Деҳқончилик агар лалми ер маҳсулоти бўлса, ундан ушур (яъни ўндан бир), суғориладиган ердан чиққан маҳсулот бўлса, ушурнинг ярми (яъни йигирмадан бир) қисми миқдорида закот чиқарилади. Ушур – ҳосил териб олинган вақтда берилади.
Бундан ташқари нақд пул ва тижорат молларидан ҳам закот берилади. Уларнинг нисоби эса тилло ва кумушнинг нисобига қиёсан белгиланади. Яъни, тилло ва кумушнинг қиймати аниқланиб, шуларга таққосланади.
Албатта, закотни қабул бўлишлигида муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда закот бериладиган ўринларни аниқ баён қилиб берган.
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
(سورة التّوبة/60)
яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. Бу саккизта ўриндан ғайридинлар, қулларга беришнинг ҳукми бекор қилинган.
Маълумки, закот улуғ ибодат бўлиши билан бирга, унда буюк инсоний фазилатлар мужассам, закот бериш туфайли киши руҳий, ахлоқий камолотга эришади. Бунинг учун закот берувчида ихлос ва самимият бўлса бас.
Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Закот берсам бўлди, мен фарзни адо этган бўламан, деб хоҳлаган шахсга бериб юбориш динимиз кўрсатмаларига мутлақо зиддир. Чунки номуносиб шахсларга берилган маблағингиз, гарчи у ҳалол йўл билан топилган бойлик бўлса ҳам ношаръий ишларга йўналтирилиб, закот берувчи гуноҳкор бандалар қаторига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳалолидан топган бойлигингиздан ажратилган закотни бева-бечора, етим-есир, камбағал, муҳтож оилаларга шунингдек, юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган ёрдамга муҳтож талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам берилса, ҳам фарзни адо этган бўламиз, ҳам улкан савобларга эришамиз.
Закот берувчи одам ўзининг бераётган закотини чин қалбдан, хурсанд ҳолда ва рози бўлган ҳолда адо этиши лозим бўлади. Закотни олувчи инсон ҳам бўйнини эгиб эмас, балки азизу мукаррамлик ҳолда Аллоҳ берган ҳақни олаяпман деб олиши ва уни олаётган вақтда “бу менинг ҳаққим” деб билиши керак бўлади. Аллоҳ таоло Инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратди. Унга ақл ва идрок берди. Ақидаси соф, қалби пок, жисми тоза бўлишини илоҳий таълимотлар орқали билдирди, ҳатто топаётган мол-дунёси ҳам пок ва баракали бўлиши учун унга закотни фарз қилди. Бу ҳам закотнинг ҳикматларидан биридир. Дарҳақиқат, қайси жамият бўлса ҳам унда кам таъминланган тоифалар топилади. Унда ижтимоий адолатни барпо этишда закотнинг ўрни шубҳасиз муҳимдир. Буни барча тадбиркор, ишбилармон ва ишлаб чиқариш корхона эгалари ва бошқалар яхши билишлари зарур. Закот бериш ва олиш жамиятда инсонларга бунёдкорлик руҳини вужудга келтиради. Улардан ҳаёт қийинчиликларини, изтироб ва машаққатни кетказади, бузғунчилик, ҳасадни йўқотади. Жамият аъзолари ўртасида ўзаро меҳрибонлик, раҳм-шавқат, тенглик, адолат ва муҳаббат вужудга келади. Закот олган кишиларда харид қуввати ошади, зера уларда қўлларидаги маблағга бир нарса сотиб олиш имконияти вужудга келади. Демак, закот жамиятдаги молиявий ҳолатларга ижобий таъсир кўрсатади. Кўплаб иқтисодий, моддий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўлида хизмат қилади.
Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар:
» مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ «
(رواه مسلم)
яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди”. Закотнинг ҳикматидан бири, унда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, руҳий покланиб, саховат ва мурувват фазилатларига эга бўлади. Аллоҳ таоло Жаноб Пайғамбаримиз с.а.в.га буюриб:
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا …
(سورة التّوبة/103)
яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг…”, — деб марҳамат қилган.
Қолаверса, закот берилган мол ҳар қандай офат ва талофотлардан омон бўлади. Пайғамбаримиз (сав) бу ҳақида шундай марҳамат қиладилар:
حَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَ دَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَ أَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ
(رواه الطبرانى)
яъни: “Сизлар молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таборак ва таолонинг бизга берган мол дунёсидан белгиланган закотни бериш, албатта унинг ўсиши ва баракотли бўлишида аосий омил бўлиш билан бирга, закотни олувчиларга ҳам катта манфаат бордир. Ушбу фурсатдан фойидаланиб, эътиборларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг жорий йилдаги закот, фитр садақа ва фидя бўйича қабул қилинган қарорини ҳавола этамиз:
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2017 йил (ҳижрий 1438 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1гр. тиллонинг бугунги кунда бозордаги ўртача нархи 185.000 (бир юз саксон беш минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, 85 гр. тилло ҳисобидан закот нисоби 15.725.000 (Ўн беш миллион етти юз йигирма беш минг) сўм эканлиги ва мазкур сумманинг қирқдан бир ҳиссаси, яъни 393.125 (уч юз тўқсон уч минг бир юз йигирма беш) сўм закот чиқариш тўғрисидаги хулосаси маъқуллансин!
- Бу йилги Фитр садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 кг. буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгилансин! (Масалан, 2017 йилда Тошкент шаҳар бозорида 1 кг. буғдойнинг нархи ўртача 3.000 сўм бўлса, демак 2 кг. буғдой нархи 6.000 сўм бўлади).
- Бу йилги фидя миқдори доимий узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12.000 (ўн икки минг) сўм деб белгилансин!
Аллоҳ таоло барчаларимизни муборак ойда эзгу амалларни кўпроқ қилишга муяссар қилсин! Омин!
Manba: muslim.uz