Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турли-туман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақидасини ўзича баён қилар эди. Ким гапга устароқ бўлса, ўша ютиб чиқар эди. Асосан, ақийдалар хурофий гаплар ва тасаввурлардан иборат эди. Шунингдек, ўша вақтда машхур бўлган яхудийлик, насронийлик, мажусийлик каби катта динларнинг ақийдалари ҳам ақл бовар қилмайдиган афсоналар билан тўлиб тошган эди. Арабистон ярим оролида эса, асосан, ширк ақийдаси хукм сурарди. Одамлар ўзлари қўллари билан ясаб олган ҳайкал, буту-санамларни Худо деб эътиқод қилар эдилар. Уларда фаришталар, жинлар ва яна бошқа нарсаларга ҳам ўзига хос бидъат-хурофотдан иборат ақийдалар мавжуд эди.
Ислом келиб, мазкур ақийдаларнинг барчасини ислоҳ эта бошлади. Мусулмонлар ўз ақийдаларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлаётган оят ва ҳадислардан ола бошладилар. Дастлаб уларда бу икки манбадан бошқа нарсаҳақида ўйлаш ҳам йўқ эди. Ҳамма нарса фақат шу икки манбадан келиб чиқар эди.
Қуръони Каримнинг ўзида насоро, яхудий ва мушрикларнинг бузуқ ақийдаларини танқид қилиш ва уларнинг хатоларини баён қилиш борасида бир қанча ояти карималар нозил бўлди.
Мусулмонларнинг ўзларининг орасидаги биринчи ақийдавий тортишувлар хазрати Али каррамаллоҳу важхахунинг аскарлари ичидан ажраб чиққан, ақийда масаласида баъзи бир шубҳали саволлар чиқарган хаворижлар тоифаси билан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўхшаш яқин сафдошлари орасида бўлиб ўтди.
Кечагина Қуръони Карим ваҳадиси шарифда келган нарсаларга ҳеч бўйин товламай эътиқод қилиб юрган кишилар энди янги шароитдаги одамлар билан ақийда масалаларида тортишишга мажбур бўлдилар.
Хазрати Али каррамаллоху важхахунинг ўзлари бир қадарий билан узоқ тортишдилар. Сиффийн жангидан кейин бир қари киши келиб хазрати Али каррамаллоху важхахуга инсон ҳаётидаги жабр ва ихтиёр ҳақида савол берди. Хазрати Али каррамаллоху важхаху унга ўзининг услубида жавоб бердилар ва узоқ тортишдилар.
Хазрати Али Абдуллох ибн Аббос розияллоху анҳуни хаворижлар билан бахс қилиш учун юбордилар. Катта сахобийлардан Абдуллох ибн Масъуд розиялооху анху Язид ибн Умайра билан иймон ва унга тегишли масалаларда узоқ тортишдилар.
Демак, катта сахобийларнинг вақтларидаёқ ақийдавий бахслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Чунки, хазрати Али розияллоху анхунинг даврига келиб турли ақийда ва фалсафа эгалари янги мусулмонлар улароқ Ислом жамиятида ўз маконларини олган эдилар. Уларга оят ёки ҳадис айтиб бир нарсани тушунтириш қийинлашиб қолган эди. Уларнинг ўз тушунчаси ва тафаккур йўналиши бор эди. Уларга ўзига хос муомала қилинмаса бўлмас эди. Шунинг учун хам, имом Бухорий келтирган ривоятда хазрати Али розияллоху анху: “Одамлар билан ўзлари билган нарса ила гаплашинглар. Улар инкор қилган нарсани тарк қилинглар. Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?!”-деган эдилар.
Тобеъинлар даврига келиб ҳолат яна жиддийлашди. Энди баъзи кишилар ақийда масаласида мутахассис бўлиб ажраб чиқа бошладилар. Имом Хасан Басрий бу сохада дарслар ўтар эдилар. Айни Хасан Басрийнинг дарс халқасида иштирок этган кишилардан бири Восил ибн Ато у киши билан гуноҳи кабира қилган кишининг хукми хақида тортишиб беодоблик қилди ва кейинчалик муътазилийлар мазхабига асос солди.
Кейинчалик муътазилийлар ўз фикрларини баён этувчи китоблар ёздилар. Аббосийлар давлати уларни ҳимоясига олгандан сунг фикларини одамларга куч билан ўтказа бошладилар. Уларнинг Қуръони Карим махлуқ ёки махлуқ эмаслиги хақидаги даъволари катта жанжалга сабаб бўлгани хаммага маълум.
Шу билан бир қаторда бошқа фирқа ва тоифалар ҳам кенг тарқалиб кетди. Оқибатда, Ислом оламида турли фикр, фалсафа, эътиқод ва қарашлар тарқалиб, хаммаси соф Исломий ақийдага футур етказиш йўлига ўтиб олдилар.
Бундай ҳолатнинг вужудга келишига бир қанча сабаблар бор эди. Улардан энг кўзга кўринганлари қуйидагилар:
Фатхлар туфайли Ислом ерларининг беҳад кенгайиб кетгани.
Исломга турли динлар вакилларининг киргани.
Исломга яқин ва узоқ юртларнинг аҳолиси киргани.
Динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилиб олганларнинг кўпайганлиги.
Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун харакат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Куръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида хамда Пайғамбар соллаллоху алайхи васалламнинг сахобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга “Ахли сунна ва жамоа” номи берилди.
Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвийл қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Натижада, ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга булди.
Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридий Ахли сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.
Сурхондарё вилояти Олтинсой туман
Олтинсой туман «Хидиршо ота»
жоме масжиди имом-хатиби Абдусалом Султонов