Рўзанинг фойдалари

Рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда кўп. Жумладан;

 — Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Яъни инсон ихтиёрий оч қолиб, Аллоҳдан қўрқади ва доимо у Зотни ҳис этиб туради.

 — Рўза туфайли инсон ўз соғлигини тиклайди. Бир вақтлар рўза инсон соғлиги учун зарар деб одамларнинг рўзаларини мажбурлаб очтирилган. Энди эса мутахассислар ихтиёрий равишда оч қолиш энг яхши иш деб баҳоламоқдалар. Рўза тутиш нафақат соғлиқни сақлаш, балки турли хил беморликни даволашда ҳам асқотади. Баданда тўпланиб қолган ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади.

 — Рўза ҳавойи нафсни синдиради. Ҳавойи нафс инсонни ҳеч қачон яхшиликка буюрмаган. Рўза инсонни ҳавойи нафсини жиловлаб олади.

 — Рўза шайтонга қаҳр кўрсатади. Яъни шайтон инсон боласини турли хил яхшиликлардан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонлик йўлига юрса, шайтон хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳни амрини бажарса, у шайтон хафа бўлади, қаҳрга қолади. Рўза ибодатини қилган инсон албатта ёмон йўллардан қайтади.

 — Рўза рўзадорни қалбини мусаффо қилади. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолони кўриб турганини ҳис қилиб яшайди. Аллоҳ таолони доимий ҳис этиб туриш инсонни қалбини мусаффо қилади.

 — Рўза сабаб инсон гуноҳлари мағфират қилинади.

 — Рўза ўз соҳибини рўзаси туфайли фаришталар сифати билан сифатлантиради.Чунки емаслик, ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик фаришталарга хос нарсадир.

 — Рўза ўз соҳибини сабр бардошли бўлиш сифати билан сифатлантиради. Сабр сифати ҳар бир инсон учун ўта зарурдир.

Рўзадорга раҳм шафқат сифати мустаҳкамланади. Яъни дунё лаззатларидан бебаҳра қолиб юрган, оч, бева, бечора, етим камбағалларга раҳм шафқатли бўлишга ундайди.

Ушбу фойдалар рўзанинг рўзадорга бу дунёдаги фойдалари охиратдаги эса бунданда кўпдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ” — дедилар (Имом Муслим ривояти). Шуниг учун рўзадор инсон тилини доимо ёлғон ва беҳуда гaп сўзлардан тийиши керак.

Рўза бандани Роббисига яқинлаштирувчи, раҳматига эриштирувчи, азобидан узоқлаштирувчи беқиёс ибодатдир.

Аллоҳ таоло рўза тутувчиларни жаннатга кириши учун алоҳида йўл, алоҳида эшик яратиб қўйгандир. Ҳар бир мусулмон ўтган кунларида йўл қўйган хато-камчиликларини, келаётган кунларда такрорламасликка астойдил ҳаракат қилса, бугунги кунида кечаги кунидан кўпроқ манфаат ҳосил қилишга уринса, бу унинг рўзаси мақбул эканидан далолатдир.

Олтинсой тумани “Сўфи Оллоҳёр” жомеъ масжид имом хатиби:  К. Азимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here