Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”!!!
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилни Ўзбекистонда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилишни таклиф этдилар.«Инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир”, – дедилар давлатимиз раҳбари. Инсон қадрини улуғлаш деганда, нафақат бугунги ватандош ва замондошларимиз, балки, Ўзбекистонимиз тараққиёти учун ўз вақтида кўплаб хизматларни бажарган давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, ўз соҳасининг етук билимдонларини ҳам улуғлаш назарда тутилади. Тезлик билан ўтаётган йилларнинг ҳар бирини номланиши белгиланган давр мобайнида барча соҳаларга таълуқли бўлиб, ҳар бир соҳалардаги ривожланиши, янгиликлари ҳамда мавжуд камчиликларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинди. Бу бежизга эмас, албатта. Барчамизга маълумки 2020 йилда каронавирус пандемияси туфайли юзага келган қийинчиликлар, дардлар, яқин инсонларини йўқотишлар бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Аллоҳ барчамизни синовидан ўтказди. Маҳалла ҳар бир ҳудудда, ҳаттоки энг чекка қишлоқларда ҳам фуқароларнинг яқин кўмакчисига айланди.Қатъий карантин талаблари йўлга қўйилган ўтган даврда махалла орқали фуқароларга зарур ёрдам берилди. Мавсумий даромадидан айрилган, ижтимоий таъминотга муҳтож кўплаб инсонларга саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар кўмаги билан ёрдам қўли чўзилди. Маҳалла фуқароларнинг биринчи мурожаат қиладиган, кўмак сўраб борадиган манзилига айланди. Ўз ўрнида оилаларда бўлаётган турли ҳолатлар, фуқароларнинг дарду ташвиши, муаммосини ечишда жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»нинг 3-бандида маҳалланинг «фаол» моделини жорий этиш, уни аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш ҳамда ҳудудни ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш кўзда тутилган.Яхшиликлар, хайрли ишлар бардавом бўлиб, инсон қадри улуғланган юрт доимо тараққий этади. Халқи ҳамжиҳатликда, меҳр-мурувватда умргузаронлик қилади. Шу боис, мамлакатимиздаги бош ислоҳотларда инсон шаъни, унинг қадр-қимматига катта эътибор берилмоқда
Давлатимиз рахбарининг айтган сўзларида «Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Шу боис, бундан буён ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятимизнинг бош мезонига айланади. Бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз» деб ишонч билан айтдилар. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатни янада обод қилиш, замонавий уй-жойлар, жумладан, барча ҳудудларимизда “Янги Ўзбекистон массивлари”ни қуриш асосий вазифалардан бири бўлади.
«Ишонтириб айтаманки, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз»-дедилар юрт бошимиз.
Президентимизнинг «Аҳоли даромадларини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини оширишга қаратилган муҳим ишларни давом эттирамиз. Ижтимоий соҳалар, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантиришга барча ресурслар жалб этилади. Муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийларини, азиз аёлларимиз ҳамда ёшларимизни қўллаб-қувватлаш, кўмакка муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор берамиз», – деб яна “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”, дея таъкидладилар.
Инсон қадр топса, унда яратувчанлик, изланиш, ўз устида ишлаш ва ҳаётдан розилик кайфияти баланд бўлади. Шу боис, мамлакатимизда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инсон қачон бахтли яшайди, ҳаётидан рози бўлади? Қачонки, ўз уйига эга бўлса, тайинли иши, доимий даромад манбаи бўлса, оиласи билан тинч-хотиржам яшаса, фарзандлари замонавий мактабларда таълим олса, сифатли тиббий хизматдан фойдаланса, ҳаётий манфаатлари, орзу-умидлари рўёбга чиқиб, чинакам яшаш завқини туйса. Шунинг учун мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш, ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этиш, айниқса, инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилди. Оила жамиятнинг асосий бўғини бўлса, маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларнинг аҳилликда турмуш кечиришини таъминлаб келган. Айниқса, ўзбек халқининг яхши ва ёмон куни, дард ва ташвиши, муаммоларию кечинмалари ана шу қўрғонда кечади. Оила махалладан бошланади деб бежиз айтишмаган. Маҳалла бу маърифат ва тарбия маскани. Фуқароларнинг дардини, ғамини, муаммосини эшитиб уларни муаммоларини ҳал қилиб берадиган маҳалла фуқаролар йиғини бўлади. Маҳаллада яшаётган нуроний отахону, онахонлар, хожи ота-ю, хожи оналар, ибрат ўчоғи бўлмиш кексаларнинг панду насихатлари ёшларга жуда керакдир. Маҳаллада — оилаларнинг бир-бирига меҳр оқибатли бўлишлиги, ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этадиган табаррук даргоҳ- бу маҳалладир.Ўзбекистонимизда фуқароларимиз тинчлик ва хотиржамликда муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти кун сайин ортиб бормоқда. Шу мақсадда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти йўлга қўйилди. Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари иш бошлади. Шулар билан бирга Маҳалларда бириктирилган отинойиларга ҳам жуда катта маъсулият юклатилган яъни Отинойи маҳаллалардаги МФЙ хотин-қизлар ўринбосарлари билан фаолият юритишади. Минг афсуски, маҳаллаларда оилавий, қайнона-келин, қуда-андалар, оилавий ажрим сингари муаммолар учраб туради. Айниқса, бидьат хурофот,аёллар ўртасидаги жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш, ахлоқсизлик, ичкиликбозлик, одам савдоси сингари жирканч ва мудҳиш ишларнинг пайини қирқишда маҳалланинг ўрни катта бўлиб, биз отинойилар ҳам уларга яқиндан кўмакдош бўламиз. Маҳаллада яшаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш шароитидан хабардор бўлган ҳолда ҳар бир кишининг хулқ-атворига қараб тўғри муомала қилиш, айниқса, миллий урф-одатларимизни ёшларнинг онгига сингдириш, диний ақидапарастликка карши курашиш, оммавий маданиятнинг зарарли оқибатлари ҳақида тушунчалар бериб боришади.. Мана шундай савобли ишларда отинойилар ҳар бир кишини ота-она, оила, фарзанд, қавму-қариндошлар ўртасида тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва муҳаббат руҳида яшашга чорлайди. Маҳалладаги етим-есир, кексалар,ногиронлар,боқувчисини йўқотганлар,ижтимоий химояга мухтож оиллар холидан хабар олишади.Ислом инсон қадрини ҳамма вақт, ҳар ерда улуғлашни буюрган, унинг шарафини олий даражага кўтарган. Динимизда инсон азиз ва мукаррам зот сифатида улуғланади ҳамда киши ҳаётининг руҳий ва маънавий жиҳатдан комилликка етишишига катта эътибор беради. Аллоҳ таоло: “Инсонни азиз ва мукаррам қилдик”, деб марҳамат қилади. Ҳақиқат шундаки инсон азиз ва мукаррамдир. Аллохга шукурлар бўлсинки инсоннинг оёғига куч, белига қувват, кўзига нур, ақл фаросат, фарзанд ўғил-қиз, набира неъматларини берганига Роббига ҳамду санолар айтишимиз керакдир. Сиҳат-саломатлик, тинч-фаровон турмушимиз бор, юртимиз тинч, жаннатмакон юртда яшаб умргузаронлик қилмоқдамиз. Аллоҳ таоло Ўз неъматларини беришдан мақсад ҳар бир инсон ато этилган беҳисоб неъматларга шукр қилсин, бу нарсаларнинг қадрига етиб, фақат хайрли ва фойдали ишларга сарф этсин, деган маъно жамланган. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина унинг даражаси юқори бўлади. Шундай экан Юртбошимиз ўз ҳалқини севгани учун 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” йили деб таклиф қилганларидан далолатдир.
Албатта биз отинойилар ҳам юртимиз равнақи учун маҳалаларнинг ободлиги учун ўз хиссамизни қўшамиз.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Косимова.