Ҳозирги даврда диний экстремизм ва халқаро терроризмнинг миқдор жиҳатидан ўсиши уларни глобал хавфсизликка йўналтирилган жиддий таҳдидга айлантирди. Диний-экстремистик ва террористик гуруҳлар глобализация жараёнлари ва йирик геосиёсий давлатлар орасидаги манфаатлар тўқнашувидан, шунингдек, илмий-техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда, терроризм ва экстремизмга қарши кенг кўламли кураш олиб борилаётган муҳитга мослашиб олди.
Диний шиорлар остида сиёсий ҳокимиятга интилаётган диний экстремистик ташкилотлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ўтказмоқда.
Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш ва ўз ғояларини муросасизлик ва мутаассиблик билан тарғиб қилишдир. Марказий Осиёда диний экстремистлар минтақа халқлари учун анъанавий бўлган ҳанафий мазхаби ва мотуридия ақидасини рад этиб, сиёсийлаштирилган ислом ғояларини сингдиришга уринмоқда.
Терроризм – муайян сиёсий мақсадларда, жамиятда беқарорлик келтириб чиќариш ва, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш учун зўравонлик ишлатиш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитиш. У яширин (конспиратив) руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида қўлланилади. Мусулмон мамлакатларида террорчи уюшмалар оммавий бўла олмагани учун аҳолининг кенг қатламлари номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.
Ислом дунёсидаги дастлабки террорчилик ҳаракатини қўллаган жамоа сифатида 657 йили вужудга келган «хорижийлар» оқимини кўрсатиш мумкин. Ушбу гуруҳ «катта гуноҳ» (кабира) қилганлар имондан чиқади ва уларга қарши уруш (жиҳод) олиб бориш керак, деб эълон қилган ва ўзларининг сиёсий ва ѓоявий раќибларига ўта муросасиз муносабатда бўлган.
Ислом тарихи давомида амалдаги сиёсий ҳокимият ва уни қўллаб қувватловчиларни кофирликда айблаб, мутаассиб диний шиорлар билан сиёсий ҳокимиятга интилган қатор ақидапараст оқим ва жамоалар вужудга келган амда фаолият юритган.
Жумладан, Салафия жамият ҳаётини Қуръон ва сунна қатъий мослаштирган ҳолда янгилашга қаратилган диний-сиёсий моҳиятга эга ҳаракатдир. “Салафийлик” (арабчада “аждодлар” маъносини беради) ислом тарихининг турли даврларида ижтимоий ҳаётни дастлабки мусулмонлар (ас-салаф ас-солић) турмуш тарзига монанд равишда ўзгартиришга даъват қилувчи ислом уламоларининг умумий номланиши ҳисобланади.
Дастлабки салафийлар Ахмад ибн Ханбалийнинг диний-фалсафий мактаби тарафдорлари бўлган. “Салафийлик”нинг ривожланишига Ахмад ибн Таймия (1263-1328) катта ҳисса қўшган. У гўёки асрлар давомида исломга турли бидъатлар кириб қолгани, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзини Қуръон ва суннага асосланган ҳолда қатъий тартибга солиш кераклиги ҳақидаги ғояни илгари сурди. Ўз фатволаридан бирида у “давлатни шариат асосида бошқармаётган ћукмдорга жиҳод эълон қилиш мумкинлигини” ёқлаб чиққан.
Ахмад Ибн Таймия таълимотининг мафкуравий ва услубий тамойиллари кейинчалик турли ақидапараст гуруҳлар, хусусан, салафия “ваҳҳобийлик” асосчиси Муҳаммад Абдулваҳҳоб (18 аср), “ихвончилик” ҳаракати етакчиларининг (20 аср), мафкураларига асос бўлиб хизмат қилди.
Салафийлар ислом жамият қурилиши ва давлатчиликнинг асоси бўлиши керак деб ҳисоблайди ҳамда ҳокимият тепасига “ҳақиқий мусулмонлар”ни чиқариш учун фаол ҳаракат қилишни ташвиқот қилади. Мазкур мақсад йўлида ҳозирги “салафийлик” етакчилари қуйидагиларни мақсад қилмоқда:
— одамлар онгидан миллий қадрият ва урф одатларни чиқариб ташлаш;
— эркак ва аёллар томонидан шариат аҳкомлари кўр-кўрона амал қилинишини таъминлаш, амал қилмаганларга қаттиқ жазо қўллаш;
— муқаддас жойларни зиёрат этишни таъқиқлаш;
— давлат қонунларини Қуръон ва сунна талабларига мувофиќлаштириш.
“Салафийлик” Саудия Арабистони, Миср, Судан, Жазоир каби мамлакатларда кенг тарқалган. Айни чоғда, қўшни Тожикистонда ҳам салафийлик ҳаракати тарафдорларининг сони бир неча минг кишига етганини таъкидлаш лозим. Замон бугунги кун кишисидан доим ҳушёрлик ва огохликни талаб этади. Зеро хушёрлик- жамият тараққиётининг муҳим омилидир.
Кумкургон туман «Мухторхон хожи» жоме масжиди имом хатиби
Зокирхон Омонов