Имом Термизий ўз сафарларини, тахминан, 235/849 йиллардан бошлаган. Чунки у ўзи борган жойлардаги ушбу санагача вафот этган машҳур шайхлардан билвосита ривоят қилади. У зот ривоят қилган шайхларнинг энг эрта вафот этганлари Муҳаммад ибн Амр Саввоқ Балхий (ваф. 236/850), Маҳмуд ибн Ғайлон Марвазий (ваф. 239/853) ва Қутайба ибн Саъид Балхий (ваф. 240/855) каби олимлардир (Нуриддин Итр. “Ал-Имом ат-Термизий”)
Имом Термизийнинг Ироқ ва Ҳижозга сафар қилгани маълум, аммо Миср ва Шомга боргани ҳақида маълумот йўқ, у бу икки диёр олимларидан билвосита ривоят қилади. Имом Заҳабий дейди: “У Хуросон, Ироқ ва Ҳарамайн (Макка ва Мадина)да илм олди, Миср ва Шомга сафар қилмади”( Имом Заҳабий. “Сийару аълом ан-нубало”).
Тадқиқотчилар Аҳмад Муҳаммад Шокир ва Нуриддин Итрга кўра, Имом Термизийнинг Ироқдаги Бағдод шаҳрига киргани ҳам номаълум, агар у Бағдодга кирганида Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан (164-241/780-855) ривоят қилган бўларди. Термизий эса Имом Аҳмаддан ривоят қилмаган. Бағдод илмий муҳити ҳақида маълумот берган Хатиб Бағдодий ҳам Термизийни “Тарихи Бағдод”ида келтирмаган.
Воқеликда эса, Имом Термизий ўз “Сунан”ида 20 дан ортиқ “Бағдодий” нисбасидаги, 10 га яқин бошқа жойдан келиб Бағдодда яшаган олимлардан ҳадис эшитган ва ривоят қилган.Асосийси, Ибн Нуқта (579-629/1183-1231) Ибн Нуқтанинг маълумотига кўра, Имом Термизий бағдодлик ёки унда яшаган 38 кишидан (улар орасида Бухорий ва Хоразмий нисбасидаги икки шахс ҳам бор) ривоят қилган. Улардан энг аввал вафот этгани 243/857-858 йилда, Имом Аҳмад эса 241/855 йилда вафот этган. Демак, Имом Термизий Имом Аҳмаднинг вафотидан сўнг Бағдодга келган ва бу 241-243/855-857 йиллар орасида бўлиши мумкин.
Ибн Нуқта ва бошқаларнинг асарларидан маълум бўладики, Термизий Мовароуннаҳр ва Хуросонда Бухоро, Насаф, Самарқанд, Бухоро, Рай, Марв ва бошқа шаҳарларга, Ироқда Кўфа ва Басрадан ташқари Воситда ҳам бўлган. Чамаси, Имом Термизий 250/864 йилдан олдин ўз юртига қайтган ва машҳур китобларини битган.
Шўрчи тумани «Хидирали ўғли эрали» жоме масжиди имом хатиби Музаффаров Муминхон