Мўмин-мусулмон банда Қуръонни кунда-кунора ўқиб туради. Ойда-йилда бир бор кўлга олиб, у ер-бу ерини варақлаб қўйган билан иш битмайди. Агар биз сидқидилдан Қуръон ўқишга, мазмунига тушунишга ҳаракат қилсак, Аллоҳ қулфи дилимизни очади, йўлимизни равон қилади.
Уламолар ҳар бир мўмин-мусулмон кишига кунда 10 бет Қуръон ўқишни тавсия этишган. Шунда бир ойда Китобни охиригача ўқиб чиқади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Аллоҳ учун амалларнинг энг яхшиси – оз бўлса ҳам – давомлисидир. Кучингиз етганича ўзингизга амалларни лозим тутинг!” дейилган.
Ҳар қандай инсонда турли-туман жумбоқли саволлар туғилади. Ана шу саволларга Қуръонни қунт билан ўқиш орқали жавоб топилади. Қолаверса, ташқи таъсирлар натижасида инсон қалбига қора доғлар тушади, бирон нохуш нарсадан кўнгли хижил бўлади. Қуръон ўқилса, дилдаги ана шундай ғашликлар арийди.
Кунда-кунора уйда, кўчада ѐки ишхонада асаббузарликлар бўлиб туради. “Ўзимни қўлга оламан. Энди асабийлашмайман”, деб минг ҳаракат қилсангиз ҳам, кимдир жаҳлингизни чиқариши, жиғингизга тегиши мумкин. Агар Қуръон ўқиб юрсангиз, шундай маҳалда ҳиссиѐтларни жиловлаш, ғазабни босиш осон кечади. Чунки Қуръон ўқиган одамнинг иродаси тобланади, имони кучаяди.
Қолаверса, Аллоҳни зикр қилган банданинг қалби ором олади, дилдаги ғазаб, ҳасад, адоват ўти сўнади.
Қуръонни муттасил ўқиб турсак, унда-бунда қулоғимизга чалинадиган тўқима қиссаларга, чўпчакларга ишонавермаймиз, тарихий ҳақиқатни афсонадан ажрата оламиз. Чунки Қуръонда энг рост, ибратли қиссалар келтирилган. Уларни ўқиган инсон тарихни, ҳаѐтни ўрганади, инсон руҳиятининг энг нозик жиҳатларидан воқиф бўлади.
Бой-бадавлат одамларга, шоҳона ҳаѐт кечираѐтганларга кўзингиз тушса, уларга ҳасад қилманг.
Қуръони каримдаги Қорун қиссасини ўқинг, қалбингиз анча таскин топади. Бу қиссани ўқиб дунѐ ўткинчилигини, уюм-уюм тиллоси бўлса ҳам бошга тушадиган балодан қочиб қутулиб бўлмаслигини англаб етасиз. Шунда мол-дунѐга муносабатингиз ўзгаради.
Кунда-кунора Қуръони каримга ошно бўлсак, қалбимиздаги ѐмон гумонлар, шумланиш, руҳий безовталиклар арийди. Безовта диллар Қуръон ўқиш билан тинчланади.
Фойдасиз ишларга вақтини сарфлаган одам умридан барака кетади. Аксинча, Қуръон ўқиган, Қуръон эшитган инсон умрига, қилаѐтган ишларига барака киради. Буни ўзингиз бир синаб кўринг! Ҳар куни маълум вақтингизни Қуръон ўқиш ѐки эшитишга ажратинг, кўрасиз, ишларингизни бароридан келади, мушкулларингиз осон ҳал бўлади. Бунинг сабаби оддий: Аллоҳ таоло Қуръон ўқиган банда умрига файз-барака, ишига ривож беради.
Қуръони карим фақат муборак рамазон ойида ѐки баъзи маросимларда эмас, доим ўқилиши керак. Шунда Аллоҳнинг Каломи ҳақларини адо этиш томон қадам ташлаган бўламиз. Агар биз Қуръонни ихлос билан ўқисак, маъноларини дилимизга жойласак, унга риоя этсак, Қуръон қалбимизни поклайди, охиратда бизга шафоатчи бўлади.
Бухорий ривоят қилган.
Ангор тумани «Намоз хожи бобо» жоме масжиди имом хатиби А. Саидов