Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма нарсани инсон фойдаси учун унга буйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган. Ҳаводан тортиб тоғу-тошгача, навоботу жамодот, катта-кичик жонзотлар инсон манфаъати учун яратилди. Иброҳим сурасининг 33-оятида: “(У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизларга бўйинсиндирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйинсиндирди”, дейилади.
Қуёш билан Ой тинимсиз ҳаракатда бўлиб, доимий равишда инсонга хизмат қилади. Кеча билан кундуз ҳам доимо бир-бири билан алмашиб туради. Шу билан бирга, ҳамиша инсоннинг хизматида бўлади. Уларни Аллоҳ таоло шундай яратиб қўйган. Инсонларга манфаъат келтириш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ёрдамини аямаслик динимизда мақталган, эзгу фазилатлардан саналади. Бу Қуръони карим оятларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида кўп бора таъкидланган. «Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ таоло яхши кўради» (Бақара, 195 ).
Абу Ҳурайра розиллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса , Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айбини беркитади. Модомики банда ўз биродарига ёрдам қилишда давом этар экан , Аллох таоло ҳам унга ёрдам қилаверади» , дедилар” (Имом Муслим).

Ҳар биримиз халқ манфаати, юртимиз келажаги, осмонимиз мусаффолиги, мамлакатимизнинг янада ривожланиши йўлида қўлимиздан келганча хайрли ишларда бардавом бўлсак, дунё ва охиратда ажру мукофотини оламиз ҳамда юзларимиз ёруғ, қадримиз баланд бўлади, иншоаллоҳ.

Олтинсой туман «Хидиршо Ота» жоме масжиди имом-хатиби Султонов Абсалом

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here