Аллоҳ таоло ер юзида яратан жонзотлар ичида нутқ ато қилиб, овоз орқали фикрини баён қила олиш қобилиятини берган жонзот бу инсон ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсонга бу қобилиятни бермаганида эди, ер юзидаги ҳаётни тасаввур қилиш қийин бўларди. Исломда инсоннинг каломига, унинг сўзлашув одобига катта эьтибор берилган. Тилдан чиққан ёмон сўзлар ўз эгасига ҳам ўзгаларга ҳам офат келтиради. Шу сабабдан Ислом дини кишиларни тил офатларидан ҳимоя қилиш чораларини кўради. Бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ сўзларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш , сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат қилиш, чақимчилик ва бошқалар тил офатлари сирасига киради.
Халқимиз ичида оз сўзла-соз сўзла деган мақол ҳам бор. Ота-боболаримиз бу мақолга амал қилиб оз сўзлашни, кўп фикрлашни, сўзлаганда ҳам фақат зарур, рост, фойдали сўзларни гапиришни одат қилганлар. Ҳамда фарзандларига ҳам шуни ўргатиб келишганлар. Молнинг, вақтнинг, неъматнинг исрофи бўлгани каби сўзнинг ҳам исрофи бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин, ёки жим турсин”. Тил инсонга фақат тўғри сўзни айтиш ва Аллоҳни зикр қилиш учун берилган. Сўзламоқчи бўлган инсон чиройли ва тўғри сўзларни танлаб гапириши керак. Ёшда илмда ва обрўда ўзидан юқори бўлган кишилардан олдин гап бошламаслик гапиришга оид одоблардан ҳисобланади. Бир одам гапираётганида унинг гапини кесмасдан охиригача диққат билан тинглаш инсонийлик одобларидандир. Ҳар бир гапни гапирганда, оқибати нима бўлишини ҳисобга олиб гапириш лозим. Эшитаётганда эса, гапираётган одамга юзланиб диққат билан эшитиш лозимдир.
Ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби гапиришликнинг ҳам ўзига яраша одоблари бўлади.Баъзи ҳолларда кўрамиз гувоҳ бўламизки, ёшлар катталарга сўз навбатини бермай ўзларининг билимларини кўз-кўз қилишгандай тинмасдан гапиришади. Ҳақиқатдан ҳам балки илми бошқалардан зиёда бўлиши мумкин, аммо кўп гапириш жараёнида бу илми мақтанишдан бошқа нарсага ярамай қолади.
Учинчи одам ҳузурида икки киши ундан яшириб гаплашиши одобсизлик ҳисобланади. Сўзлашаётган пайтда ортиқча ҳаракатлар қилмаслик лозим. Имкони борича чиройли сўзлар ва жумлаларни ишлатиб, қўпол, маьносиз ва нохушликка сабаб бўладиган сўзлардан сақланиш керак. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таолога амалларнинг энг севимлиси, Аллоҳ зикридан тилинг нам бўлиб вафот этишингдир”, дедилар. Исломда ҳар қандай сўзнинг ўз ўрни, аҳамияти салмоғи бор. Инсон бир сўз билан мўмин бўлиши ҳам мумкин ва бир сўз билан имондан чиқиши ҳам мумкин. Сўзга эьтиборли бўлиш, унинг қийматини тўғри англаш, оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзга жиддий муносабатда бўлиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Аллоҳ таоло ҳар бир сўзига диққат эьтиборли бўладиган бандаларидан қилсин.

Манбалар асосида

Олтинсой туман бош имом хатиб котибаси Давлатова Турдихол

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here