Халқимиз ўз асрий орзуси — мустақилликка эришгач, барча соҳада ўсиш-ўзгариш, жадал ривожланиш бошланди. Ҳаётимиз тобора гўзаллашиб бормоқда. Ҳолбуки, ҳар қандай давлат тараққиёт йўлига киргунга қадар қийинчиликларни босиб ўтишига тўғри келади. Ана шундай пайтда унинг фуқаролари ўзларининг нафақат меҳнати, балки сабр-бардоши, фидойилиги билан ҳаммага ўрнак бўлиши, борига қаноат қилиб, шукрона келтириб яшаши лозим.
Йўлга чиққан, аммо кийишга оёқ кийими (кафши) бўлмаган киши ўзининг ночорлигидан, лойда кийишга кафши йўқлигидан шикоят қилиши, хафа бўлиши ўринсиз. Аксинча, у шукр қилсинки, кийишга кафши бўлмаса, юришга оёғи бор. Кўрсинки, -бировларнинг юришга оёғи йўқ. Уларнинг олдида у қанчалик бахтли. Моддий етишмовчилик меҳнату изланишлар билан барҳам топади. Ва албатта, ўзининг кафши ҳам, ўзи орзу қилган фаровон ҳаёт ҳам бўлади. Фақат бунинг учун шукр ва қаноат қилиш ҳамда тер тўкиб, ҳалол ишлаш лозим.
Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато қилди. Шу билан бирга берган неъматларига шукр айтишга ҳам буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилиш ваъда қилди:
“Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.
Демак, Парвардигоримиз биз бандаларга берган тансиҳатлик, фаровонлик, бахту саодат, тинчлик ва осойишталик каби улуғ неъматларга шукр айтсак, қадрига етсак – Аллоҳ биздан рози бўлар экан.
Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража экани алоҳида қайд қилинган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Шукр қилиш имоннинг ярмидир”, деган эканлар. Бошқа бир ривоятда эса “Имон — сабр ва шукрдан иборат” дейилган.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларининг янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилган.
Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтиришича, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.
Кўчага чиққанимизда эзгу ният, ширин ташвишлар билан ишга, ўқишга ёки бошқа манзилга йўл олган кишиларни кўрганимизда, неъматларнинг улуғи — тинчликка шукр қилиш даркор. Айни шу осойишталик туфайли биз эмин-эркин яшаймиз, ишлаймиз, меҳнат қиламиз. Деҳқон ҳосилни йиғиб олишга, уни ҳеч ким топтамаслигига ишонгани учун экин экади, парвариш қилади. Она олам осудалигидан фарзанди қўлига илм олиши учун китоб беради. Тунлари ёки дам олиш кунлари ҳамма кумуш фавворалар, оромбахш сайилгоҳлар, кўркам боғлар сари ўзаро суҳбатлашиб йўл олади. Чунки тинч юртнинг ҳар куни байрам. Бинобарин, Навоий таъкидлаганидек, қалбда шукроналик ҳисси билан яшаш лозим. Шунингдек, осуда-фаровон ҳаётимизни кўролмайдиган ғаламислар ҳам йўқ эмаслигини ёдда тутиш, огоҳ бўлиш керак.
Тинч-хотиржам ҳаётимиз, фаровон ўтаётган кунларимизга шукр қилиб, энг аввало, ҳушёр бўлмоғимиз, ана шу неъматлардан айирмоқчи бўлаётган ғаразли кучлар, нопок тоифаларнинг найрангларидан огоҳ бўлиб, уларга муносиб жавоб қайтаришимиз керак. Манфур кимсаларнинг ҳийлаларига алданиб, пировардида оиласидан, яқинларидан, тинчлигидан ажралиб қолган кишилар қисматига назар солсак, бу кунларимизга қанчалар шукр келтиришимиз лозимлигини янада теранроқ ҳис қиламиз.
Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, У берган неъматларига шукр айтувчи бандаларига беадад мукофотлар ваъда қилиш билан кифояланмасдан уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлаган. У зот айтди: “…Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз”.
“Ниҳоя” китобида бундай нақл қилинади: “Бирор бандага биров яхшилик қилса-ю, унга ташаккур айтмаса, Аллоҳ таоло ўша банданинг Ўз неъматларига қилган шукронасини қабул қилмайди”.
Ҳадиси шариф мазмунига мувофиқ бизлар давлатимизнинг халқимиз бахту саодати, фаровонлиги, осойишталиги ва тинчлиги йўлида қилаётган хайрли ва эзгу амалларидан миннатдор бўлмоғимиз лозим. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, муҳтарам юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари ила маънавий қадриятларимизни тиклаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Дунёнинг турли мамлкатларида юз бераётган нотинчликлар, иқтисодий-сиёсий низолар, хунрезликлар ва миллатлараро келишмовчиликлар оқибатида инсонларнинг бир бурда нонга зор бўлаётганини кўрганда Ўзбекистондаги тинч-осуда ҳаёт ва тўкин дастурхонимиз учун Аллоҳ таолога чексиз шукрлар айтишимиз лозимлиги янада яққолроқ намоён бўлади.
Аллоҳ бизга берганига шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Банда икки қоидани билиб олиши керак, яъни бир инсонга икки қанот керак, биласизми у нима? Бири шукр, иккинчиси сабрдир. Масалан: машаққат устида сабр қилиб, борига шукр қилсак, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ила енгилликни ато қилади. Енгилликда ҳам шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Бизнинг ҳамёнимиз сабр ва шукр бўлсин.
Қаранг, Юртимиз тинч. Ўқишга, ишга кетаётган одамнинг ота-онаси нима дейди? «Болам, яхши ўқиб келгин», «Ўғлим, ишинг бароридан келсин» ёки «Яхши бориб келгин» дейишади.
Бугун бошида уруш кечаётган диёрлардаги ота-оналар эса “Болам, дийдор қиёматга қолмаган бўлса, кўришамиз” деб фарзандларини кузатишади.
Бугун мустақил Ўзбекистонимизда кўпдан кўп фахрланса арзигулик ислоҳатлар, янгиланишлар бутун жаҳон кўз ўнгида амалга оширилмоқда. Қайси соҳага қарамайлик ўзгаришлар, янгиланишлар. Муҳтарам юртбошимиз томонидан олиб борилаётган барча ишлар замирида фақат бир мақсад, у ҳам бўлса, халқ фаровонлиги, халқ тинчлиги, халқ ободлиги. Халқ илмли бўлсин, халқ тўқ фаровон ҳаёт кечирсин, деб тун-у кун меҳнат қилмоқдалар.
Шу ислоҳатлар, ўзгаришлар билан бир қаторда юртимизда Ислом дини ва муҳтарам имом домлаларимизга ҳам эътибор ошди. Бу соҳада ҳам жуда кўп ўзгариш, ислоҳатлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Ислом дини ва унинг соф ақидаларини халқимизга тўғри ва соф ҳолда етказиш имом-хатибларимиз зиммасига юкланиб, уларга катта ишонч билдирилмоқда. Муҳтарам юртбошимизнинг “Шаҳидлар майдони” мажмуасида сўзлаган нутқларида ҳам ҳозирги кунда ҳаётимизда имом-хатибларнинг ўрни беқиёслиги, халққа тўғрилик, ҳалолликни ўргатиш, адашганларга тўғри йўлни маънавият, маърифат, босиқлик билан кўрсатиш кераклиги тўғрисида сўз юритгандилар.
Шу сабабдан Республикамиздаги барча имом-хатибларимизнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон имомларининг таълим савиясини ошириш йўлида янги тизим ишга тушди. Бу тизимга кўра, имомлар имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади ва уч йил мобайнида бакалавр олий шаҳодатномасига эга бўлишади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ва унинг жойлардаги филиаллари ташкил этилди. Ушбу марказда бугунги кунда вилоят, туман, шаҳар бош имом-хатиблари ва туман, шаҳар масжидлари имом-хатиблари малакали устозлар томонидан таълим олмоқдалар.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмон Алимов ҳазратларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл юрт ҳурмати” ордери билан тақдирлашлари. Сурхондарё виоятида президентимиз ташаббуслари билан мадраса “Ўрта махсус ислом билим юрти” нинг очилиши. Исо Термизий номидаги Термиз халқаро тадқиқот марказида имом хатиблар малака ошириш арказининг очилиши. Ушбу марказда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан келган имом хатиблар имом-хатиблар малакали устозлар томонидан таълим олмоқдалар.
Умумий қилиб айтадиган бўлсак, бугун бизнинг жонажон юртимизга Аллоҳнинг неъматлари беҳисоб ҳолда ёғилмоқда. Энди биз томонимиздан қилинадиган вазифа ушбу неъматларни қадрига етиб, шукрона қилиб, зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш лозим бўлади.
Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлигини, ободлигини, халқимиз ҳаётининг фаровон бўлишлигини сўраймиз. Ҳар бир ўтаётган вақтимизнинг қадрига етиб, ҳар бир неъмат учун Ўзига шукр қиладиган инсонлардан қилишини сўраймиз.
Денов туман бош имом хатиби: П.Тошбоев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here