Ҳар бир инсон киндик қони тўкилган ва вояга етган ватанига нисбатан қалбида чексиз муҳаббати бўлади. Зеро Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам ўз она Ватанлари – Маккаи мукаррамага қараб шундай деган эдилар:

“Қандай ҳам ҳушбўй ва менга маҳбуб бўлмасанг. Агар менинг қавмим сендан чиқармаганида эди, сендан бошқасини маскан тутмас эдим.” (Имом Термизий ривояти)

Шундай экан кишининг ватанига ёвузлик қилмоқчи бўлган одамни душман билиши, юртига бўлган муҳаббатнинг белгисидир. Уни ташқи ёвдан ҳимоя қилиш эса ҳар бир инсоннинг юксак вазифаси ва динимиз кўрсатмаси ҳам ҳисобланади. Шунингдек, бу вазифани ихлос билан бажарган кишига битмас-туганмас савоб ваъда қилинган.

Бу хақда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида қуйидагича марҳамат қиладилар:

عَنْ سَلْمَانَ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ  رِبَاطُ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ خَيْرٌ مِنْ صِيَامِ شَهْرٍ وَقِيَامِهِ

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Бир кеча-кундуз чегарани ҳимоя қилиш, бир ой рўза (нафл) тутган ва бир ой кечалари қоим тургандан яҳшироқдир. (Имом Бухорий ривояти)

Ҳанафий мазҳабининг муҳаддис олими Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарида ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди. Ҳадиси шарифдаги “Рибот” сўзининг маъноси бу душман тарафга қараб туриш, чегарани ҳимоя қилиш ва  ёвларни юртига бостириб киришдан муҳофаза қилишдир.

Бундай маънодаги ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин. Барча муҳаддислар “рибот” сўзини “чегарани ҳимоя қилиш” деб шарҳлайдилар. Бу юртимиз чегараларида ҳизмат қилаётган ҳар бир ватан ҳимоячисига тегишли ва улар учун хушхабардир. Юртдошларимиз тинч ва осуда ҳаёт кечирмоқдалар. Бунинг сабабларидан бири ҳам чегараларимизда юртимизни туну кун ҳимоя қилиб турган аскарлар ва миллий армиямизнинг хизмати натижасидир.

Аллоҳ таоло юртимизни фаровон қилсин.

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари А.Фатуллаев

ПОДЕЛИТЬСЯ
Олдинги мақолаДЎСТЛИК ҲАҚИДА
Кейинги мақолаИСТИҒФОР

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here