Яқиндагина муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва ушбу ойда кўпроқ хайрли амалларни бажариш учун интилган эдик. Яна саноқли кунлардан кейин муборак Рамазон ойи ҳам якунланади. Ҳозир кечаларнинг афзали Қадр кечаси ҳақида сўз юритсак.
Рамазон ойининг кечаларидан бири бўлмиш Қадр кечаси ҳақида сўз юритар эканмиз, бу кеча, дунё тарихидаги энг муборак кечадир. Чунки, бу кечада Аллоҳ таолонинг охирги, баркамол ва бутун инсониятга қиёмат кунигача бахту саодат йўлини кўрсатиб берувчи китоби туша бошлаган. Ва яна Аллоҳ таоло Қадр кечасининг улуғлигини Духон сурасида ҳам келтиради: “Албатта, Биз у (Қуръон) ни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантирувчи бўлдик. Ўша (кеча) да барча пухта-аниқ ишлар ажратилиб, ҳал қилинур”. Бу муборак кечада ҳамма нарса ажратилиб жой-жойига қўйилади.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин қилса, Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади” деганлар. Қадр кечасида ер юзига шунчалик кўп фаришталар тушадиларки, ер юзининг бирор ери бўш қолмайди, ҳатто “сидратул мунтаҳо” даги фаришталар ҳам тушадилар. Ер курраси фаришталарга тўлиб кетади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қиладики: “У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдадир”. У кечада тонг оттириб, ибодат қилиб чиққанларни саломатлик бўлсин иймонинга, дийнингда саломат бўл, амалда саломат бўл, ҳаётингда саломат бўл, танингда саломат бўл деб дуо қиладилар.
Бу кечани яхшилик қилиб ўтказиш, қалбни ва руҳни поклаш, дуо-ю зикрда бўлиш, таҳажжуд намозини ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, истиғфор ва такбир айтиш керак бўлади. Шундагина инсон ўзидаги ўзгаришларни, қалбига яхши нарсалар қуйилиб келаётганини англайди. Мана шу кечада мусулмон тахминан 10 соатни ичида бир умрлик ибодатларни қилиб қўяди, яъни 83 йилу 4 ойда зикр қилди, намоз ўқиди, дуо қилди ва ҳоказо хайрли амалларни қилди деган ажр номаи аъмолига китобат қилинади.
Бу дунёда қанча яхшилик бўлса барчаси ўша кечада бўлади. Ким ўша кечада ғафлатда қолса, тамоман яхшиликлардан бебаҳра қолади. Қулай фурсатни бой бергани учун, осмон фаришталари билан саййидул малоика Жаброил алаҳиссалом тушадиган кечадан, Аллоҳнинг раҳматидан, аниқ ойдан ва яна охирги ўн кунликдан ўзини маҳрум қилган бўлади. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Ким Лайлатул қадрни иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”.
Шунинг учун бу улуғ кечада қоим туриб, ғафлатда қолмасдан, тоат ибодатда бўлиб, ажру-савоблардан бебаҳра қолмасдан, Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрашлик ва гуноҳларимизни мағфират бўлишидан умид қилишлик барчаларимизга насиб айласин.
Олтинсой туман бош имом хатиби: М.Маматқулов