Террорчилик ҳаракатлари ҳамма даврда учраб турган бўлсада, уларнинг тутган йўллари ҳар хил даврда ҳар хил кўринишда бўлган бўлсада лекин, қилаётган ишлари бир хил, яъни одамларнинг тинч турмуш тарзини бузиш. Улар инсонларни ҳаётда қўрқиб яшаши ғояси остида ҳаракат қилишади.
Бугунги кунда дунёда шарт-шароитларнинг илғор ривожланиб бориши, терроризм кўринишларини ҳам ўзгартириб юборди. У янги-янги шароитлар, янги воситалар ва технологиялардан фойдаланиб, кун сайин ўзининг қабоҳотли кураш усулларини кучайтириб боряпти. Айниқса интернет тармоғи террорчилар учун анча қўл келиб уларнинг доирасини анча кенгайтирди ва уларнинг ваҳшиёна режаларини амалга оширишга янги имкониятлар яратмоқда. Тарихга назар соладиган бўлсак, бундай ғаразли ишлар турли хил тоифа кишилари томонидан қилинган. Аммо энг ачинарлиси шуки улар терроризмни ислом ниқоби остида амалга оширмоқдалар. Лекин ислом дини бутун дунёда тарқалган, тинчлик ва меҳрибонлик, одамларга раҳм-шафқатли ва адолатли бўлишни, муҳаббат ва биродарликни буюрадиган диндир. «Ислом» ва «террор» сўзлари ёнма-ён ишлатилиши асло мумкин эмас. Аслида ҳеч бир илоҳий дин турли зўравонлик ва зулмни оқламайди.
Ислом олимлари ўзларини мусулмонман деб даъво қилаётган ва бу каби қабиҳ ишларни амалга ошираёган кимсаларни ҳозирги замон хаворижлари деб эълон қилишган. Уларнинг аввалгилари Усмон р.а. ва Али р.а.ларни ўлдириб мусулмонларга қарши
чиқишган бўлсалар, охиргилари лаънати Дажжол билан бирга чиқиб, унга хизмат қилишади. Расулуллоҳ (с.а.в.) хабар берганларидек, улар мусулмонларни ўлдирадилар, Қуръон ўқийдилар лекин, ўқиган Қуръонлари ҳалқумларидан ўтмайди. Улар дўзах аҳлининг итларидир. Бу йўлга кирган кўпгина ёшлар олийгоҳни тугатиши биланоқ илмда бошқалар етмаган чўққиларга етдик, ижтиҳод даражасига эришдик, салаф солиҳ мужтаҳидлардан қолишмаймиз, ижтиҳод қилишимиз керак деб, ҳамма нарсага ўзлари ҳукм чиқариб фатво беришмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мусулмонлар яшайдиган юртни бошқариб турган ҳукумат ва унинг фуқароларини ҳам кофирга чиқардилар. Ислом ўлкаларини “куфр юрти” деб эътиқод қилиб у ерларда террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга ва тинч аҳолини ўлдиришга фатво бермоқдалар. Ўлдирилаётганлар ичида ҳар хил диндаги кишилар ҳатто ёш болалар, аёллар ва кексалар ҳам бор. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг дини, ирқи ва миллатидан қатъий назар ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарганларини ҳатто уруш чоғида ҳам ёш болалар, аёллар ва кексаларни кофир бўлсаларда ўлдирмасликка буюрганларини эътиборга олмайдилар. Ана шундай қабиҳ ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларининг динга қаттиқ эътиқод қўйганлари ҳақида қанчалик лоф урмасинлар, аслида бу ишларни одамлар қалбидан дин-иймонни йўқотиш учунгина қиладилар.
Уларнинг ягона мақсади қон тўкиш ва одамларга кулфат-алам келтириш.
Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради.
Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради.

Бойсун туман «Саид Баҳромхон» жомеъ масжиди имом-хатиби
Ў.Алимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here