Баъзан “Қуръонни ўпиш бидъат, салафи солиҳлардан бундай қилганлари ривоят қилинмаган, бундай қилиш гуноҳ” деган сўзларни эшитиб қоламиз. Бу масаланинг шаръий ҳукми не бўлади? Ҳақиқатан ҳам Қуръонни ўпиш бидъат ва гуноҳми ёки шаръан жоиз бўлган мандуб ишми?

Ҳанафий, шофеъий, ҳанбалий мазҳабининг жумҳур фуқаҳолари шундай дейишади: «Мусҳаф (Қуръон) ни ўпиш жоиздир. Шофеъийлар эса бу мустаҳаб амал», деб айтишган.

Қуръонни улуғлашдаги асл қоида ва комил эҳтиром уни хушуъ ва тадаббур ила доимий тарзда тиловат қилиш, унга амал қилишдир!

Қуръонни ўпиш амали ила мусҳафни улуғлаш, эҳтиром ва муҳаббатни қасд этилса жоиз ва мустаҳабдир.

Мисрлик аллома шайх Алий Жума айтади:»Баъзи инсонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўпмаганлар, бу бидъат бўлади, дейишади. Биз айтамизки, бу нотўғри гап. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўпишлари мумкин бўлмаган, зотан у зот алайҳиссалом ҳаёт эканларида Қуръон жам қилинмаган эди”.

Қуръонни ўпиш бидъат дейдиганлар бу сўзларига ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг жамодот (жонсиз нарсалар) ни то шу ишга шаръий далил бўлмагунча ўпиш ҳаром деган қавлини далил  ўлароқ келтирадилар. Ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг ушбу фатвоси тўғри. Аммо бу қавл Ҳажарул асвад ҳақида айтилган. Шунингдек, Қуръонни ўпишга саҳобийлар амалидан ҳужжатлар бор.

Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумо Қуръонни ўпар эдилар. Агар бу иш ҳаром бўлса бу саҳобалар бу ишни асло қилмаган бўлар эди».

Баъзилар: «Қуръонни юзга суртиш бидъат», дейишади.

Биз бунга ушбу далилни келтирамиз:

Миср фатво ҳайъатидан Қуръонни ўпиш ҳукми ҳақида сўралганида улар бундай жавоб беришган эди: «Уламолар Қуръоннинг шаънини улуғлаш, ҳурматини қадрлаш қасди ила ўпиш жоиздир. Зотан, Қуръон  Аллоҳнинг китоби ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ато этилган улкан мўъжизадир. Қуръонни ўпиш бирон бир зарари  бўлмаган яхши ишдир, деганлар”.

Ҳанафий уламолардан Муҳаммад Ҳаскафий «Дуррул мухтор» китобида бундай дейди: «Қуня» китобида Қуръонни ўпиш бидъат дейилган. Аммо, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳар кун эрталаб Қуръонни олиб ўпиб:

«Роббимнинг аҳди, Роббим азза ва жалланинг рисоласи», деб айтгани ривоят қилинган.

Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни ўпар ва юзига суртар эди».

Шунингдек, Имом Нававий «Тибён» да будай айтган: «Дорамий муснади»да Абу Мулайкадан келтиришича, Икрима розияллоҳу анҳу Қуръонни юзига қўйиб, «Роббим каломи, Роббим каломи», дер эди.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий Шофеъий “Туҳфатул муҳтож фий шарҳил манҳаж” китоби (1/155) да бундай келтирган: «Имом Субкий Қуръонни ўпиш жоиз эканига Ҳажарул асвадни, олим, солиҳ ва ота-онанинг қўлини ўпиш жоизлигини қиёсан келтиради. Зотан бу ишларнинг энг афзали Қуръонни ўпиш экани маълум.

Демак, Қуръонни ўпиш мустаҳаб амал ва бу ишни саҳобалар розияллоҳу анҳум қилишган. Кимдир Қуръонни эҳтиром маъносида ўпса жоиз амал. Мабодо ўпмаса ҳам ҳеч бир зарари йўқ.

Аммо, Қуръонни ўпиш, юзга суриб эҳтиром қилиш бидъат дейишнинг ўзи бидъатдир.

“Мавсуатул фиқҳийя”, “Шарҳ Сунан ибн Можа”, “Ат-тибян фий адаб ҳамалатил Қуръан”, Дорул ифто ал-Мисрия ва бошқа манбалар асосида тайёрланди.

 

Денов туман Имом Буҳорий жомеъ масжиди имом ноиби

Абдумўмин Абдулазизов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here