Терроризм ҳаракатлари инсоният тарихида янгилик эмас. У ҳамма вақт инсоният ҳаётига таҳлика ва таҳдид солиб, турли ғаразли мақсадларнинг, ғоялар ва ҳоҳиш- иродаларнинг тимсоли сифатида яшайди.
Терроризм — инсоният душмани, тараққиёт ва юксалиш кушандаси.
Терроризм маълум бир гуруҳнинг шахсий манфаатлари, ўз орзу-умидлари ва ғайриинсоний ҳатти-ҳаракатларининг мажмуасидир. Айни пайтда у ана шу мақсадларнинг амалга ошиши учун ҳар қандай хунрезликлардан, қотилликлар ва зулмдан қайтмайди.
Терроризм ҳатти-ҳаракатларининг мазмуни ва моҳияти бевосита зўравонлик, инсон ҳаётига таҳдид ва унинг ҳуқуқларини поймол этиш билан боғлик бўлган, бутун мамлакатни хонавайрон қилишга олиб келадиган, халқ миллат ва мамлакат тақдирини бутунлай бошқа ўзанга буриб юбориб, ўз мақсади ва ғояларининг рўёби учун хеч нарсадан тап тортмасликдир. Айни пайтда у ҳар қандай фикрлаш, ақл-идрок доирасида иш юритишдан ҳоли бўлган шафқатсизлик, ашаддий хунхўрлик, жазава ва тазйиқ билан ёвуз ниятини амалга оширадиган бир тўда оломон фаолиятидир.
Терроризм турли мамлакатларда турли шаклларда ва ҳар-хил мақсадлар асосида дунёга келади, урчийди, кўпаяди ва яшайди. Маълум бир мамлакат халқларининг дунёқараши, маънавий-руҳий қиёфаси, аниқроғи, эҳтиёжлари, турмуш тарзи бевосита ана шундай жараёнларнинг шаклини, қиёфасини, моҳиятини ва ривожланиш жараёнларини, бошкача қилиб айтганда, эволюциясини белгилайди.
Ўзбекистонда юз берган террорчилик ҳаракати айни халқимиз турмуши, анъаналари, урф-одатлари ва ақидаларини ўзида мужассам этган, унинг энг нозик ҳис-туйғуларини ҳисобга олган холда юзага келди. Дарҳақиқат, халқни қўзғатиш ва уларга ўз таъсирларини ўтказиш учун ҳудди ана шу нозик ва таъсирчан омиллардан ислом омилидан устомонлик билан фойдаландилар.
Зотан, ислом дини ўзбек халқи маънавий, маърифий ва руҳий оламига катта таъсир ўтказган, халқимиз турмуш тарзидан жуда чуқур ўрин олган катта ижтимоий ҳодиса хисобланади. Ҳақиқатдан ҳам ислом дини юксак маданият ва ахлоқий мезонларни ўзида мужассам этган қудратли мафкура, илоҳий таълимот сифатида ҳаётимиздан, қалбимиздан, онгимиз ва шууримиздан алоҳида ўрин эгаллаган. Террорчилар миллат ҳиссиёти, туйғулари ва эҳтирослари билан боғлик бўлган ана шу омилдан айёрлик билан фойдаландилар.
Инсоният душмани бўлган диний экстремизм, фундаментализм ва терроризм сингари жирканч кучларга қарши курашиш ва огоҳ бўлиш, шу муқаддас ва жаннатмакон ватанимизни бундай оқимларнинг ёвузликларига қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимизга айланиши шарт.
Навруз Қурбонов