Бисмиллохир раҳмонир рахийм. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадислари орқали биз умматларини ҳалоллик, поклик ва гўзал ахлоқ-одобга чақириш билан бирга, инсоннинг шаънига хилоф бўлган иллатлардан қайтарганлар. Қуйида ана шундай ҳадислардан бири билан танишиб чиқамиз.

Абу Кабша Амр ибн Саъд ал-Анморий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганлар: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа қилиш билан камаймас. Банда бирор зулм қилиниб, унга сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади. Банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақрлик эшигини очади…” (Имом Термизий ривояти).

Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида биз умматларини иккита хайрли ҳамда савобли амалга тарғиб қилиб, битта иллатдан қайтардилар ва сўзларини қасам ичиш билан бошладилар. Қасам ичишларининг маъноси шундан иборатки, қуйида айтилаётган учта нарсанинг ҳақиқат эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Акс ҳолда, У зот бунга қасам ичмаган бўлар эдилар.

Биринчиси: банданинг моли садақа қилиш билан камаймас. Бундай дейиш билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини садақа қилишга тарғиб қилмоқдалар. Ҳеч ким молим камайиб қолади, деган ҳаёл билан хайру садақа қилишдан қўрқмасин. Садақа қилган билан мол камаймайди, аксинча, у зиёда бўлади ва барака киради. Билингки, мол-дунё кўпайишининг сабабларидан бири, ўз вақтида унинг закотини бериш, фақир ва муҳтожларга хайр-садақа қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда этади…”, — деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 276-оят). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ушбу оятга монанд тарзда:

“Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини ўрнини тўлдиргин”, деса, иккинчиси: “Эй Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талофат етказгин”, — деб дуо қилади”, — деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ). Демак, моддий имкониятга эга бўлган киши садақа қилиш, муҳтожларга моддий ёрдам беришдан ҳечам қўрқмаслиги, балки, молидан хайру эҳсон қилиб улкан савобларни қўлга киритишга ошиқмоғи лозим.

Иккинчиси: банда бирор зулм қилиниб, унга сабр қилса, Аллоҳ унинг иззатини оширади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан бизларни кечиримли бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Кимнинг жонига, ёки молига, ё бўлмаса обрў-иззатига бирор кимса томонидан жабр-ситам қилинган бўлса, у киши ўша нарса учун ўч олишга, ҳаққини ундиришга қодир бўлсада, сабр қилиб, кечириб кетса Аллоҳ таоло унинг иззат-шарафини оширади. Кечиримли бўлиш Аллоҳ таолога ҳуш келадиган амаллардандир. Аллоҳнинг Ўзи бандаларининг қилган гуноҳларини кечиргувчи Зот, шунинг учун, бандаларини ҳам кечиримлиларини яхши кўради. Қуръони каримда тақводорларнинг сифатларидан бири кечиримли бўлиш эканлиги баён қилиниб: “(У тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни авф этадиганлардир…”, — дейилган (Оли-Имрон сураси, 134-оят).

Учинчиси: банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади. Ислом дини таълимотида тиланчилик билан шуғулланишга салбий назар билан қаралади. Айниқса, қўл-оёғи бутун, меҳнат қилишга лаёқатли кимсанинг тиланчилик қилиши қаттиқ қораланади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида, дала-даштдан ўтин териб, уни бозорга олиб бориб сотиб, ана шу билан тирикчилик қилиш, тиланчилик қилиб яшашдан кўра яхшироқ эканлигини Аллоҳ номига қасам ичиб баён қилганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса, дунёда тиланчилик билан кун кечирган кимсанинг қиёмат кунида юзида эти қолмаган ҳолда тирилишини айтганлар. Зеро, бировлардан тиланаётган кимса юз терисини шилиб ташлаб, ор-номусини оёқости қилиб, ўзини бечораҳол қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Шунга монанд, Аллоҳ таоло ҳам охиратда уни ана шундай ҳолатда тирилтиради. Билагида кучи бўлатуриб тиланчиликни ўзига касб қилиб олган инсон ҳеч қачон рўшнолик кўрмайди. Чунки, Аллоҳ таоло унга фақрлик, камбағаллик эшигини очиб қўяди.

Денов туман “Чамбил” жомеъ масжиди имом ноиби:   Усмон Камолов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here