Муқаддас динимиз инсонларни ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, мехр-оқибат кўрсатиб яшашга асрлар давомида ундаб келган. Бу эса жамият равнақига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, жамиятда Маънавий-аҳлоқий муҳит барқарорлигини таъминлайди. Шундай алоқалардан бири силаи-раҳм муносабатларидир. Халқимизда “Меҳр кўзда” деган нақл бор. Яъни, киши ўз яқинлари, қавм-қариндошлари билан тез-тез учрашиб, ҳол сўрай турса, дарду-қувончига шерик бўлса, атрофдаги инсонлардан ёрдамини аямаса, муносабатлар ҳеч бир ғаразсиз, фақат Аллоҳ таоло розилиги учун, ҳолис бўлса, албатта, жамиятда тотувлик мустаҳкам, меҳр-оқибат кучли бўлади. Ҳасан Басрий (р.а) Аллохнинг каломига асосланган ҳолда қайсики одамларга илм кўриниб, унга амал қилишмаса, тил билан айтишни яхши кўришиб, қалблари билан ғазабланишса, қариндошлари билан силаи-раҳм муносабатларини узишган бўлишса, Аллоҳ уларни лаънатлайди, кар қилади ва кўзларини кўрмайдиган қилиб қўяди”- деганларида айнан жамиятда силаи-раҳм муносабатларига бепарво бўлган кимсаларни назарда тутганлар. “Албатта, Аллоҳ адолатли, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошларга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликдан қайтарур. У зот шояд Ибрат-эслатма олурсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилу”. (Нахл сураси, 90-оят) “Муфассирлар шоҳи” деб эъзозланган Абдуллоҳ ибн Маъсуддан (р.а) қилинган ривоятда у киши: “Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб, зикр қилинган”,- дейилади. Бу хусусда Расуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилганларким; “Ким ризқининг мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин”. Марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадиси – шарифларида: Расулуллоҳ (с.а.в): дедилар: “Аллоҳнинг ғазабидан қўрқинглар ва силаи-раҳм қилинглар. Чунки у сизлар учун дунёдаги ҳамма нарсадан яхшироқдир, мустаҳкамроқдир. Оҳиратда сизлар учун янада яхшироқдир”-ҳолбуки кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсаларнинг барчаси неъматдир. Неъматни Аллоҳдан деб билиш инсонни Аллоҳга яна ҳам яқин бўлишга, унга яқинлик ҳосил қилишга ундайди. Барча яхши ҳулқлар бўйича энг гўзал ибрат Расулуллоҳнинг (с.а.в) суннатларидир: Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилади: “Қуръони Каримда Эй Муҳаммад: сен ўзингга яқин бўлган уруғ-аймоқларингни менинг азобимдан қўрқит, уларни огоҳлантир (Шуора сураси) деган оят нозил бўлган вақтда Расулуллоҳ (с.а.в) туриб;” Эй Каъб Ибн Луай болалари, Эй Абду Маноп болалари, Эй Ҳошим болалари, Эй Абдулмуталлиб болалари, сизлар ўзларингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима Сен ҳам ўзингни жаҳаннам ўтидан қутқаз: Менга эътиқод қилма, чунки қиёмат куни ташвишлардан мен сени қутқазишга қодир эмасман. Аммо сизлар билан албатта, қариндошлигим бор. Уни мен сизлардан узмайман”,-деб ошкора нидо қилдилар. Бу хақда Пайғамбаримз (с.а.в) меҳр-оқибатсиз одам жаннатга кирмайди”-деб марҳамат қилганлар. Афсуски, кейинги пайтларда бу каби муқаддас ришталарни асраб-авайлашга эътиборсизлик кўп кузатилмоқда. Моҳиятига чуқур ёндашилса, қавм-қариндошлар орасидаги ўзаро муносабатларнинг бузилишига бир қарашда, арзимасдек кўринган омиллар сабаб бўлиб, уларнинг мустаҳкамлигига раҳна солар экан. Ё Раббимиз Аллоҳ! Барчаларимизни силаи-раҳмни узмайдиган бандаларингдан қил. Меҳрибон Парвардигор ҳаммамизга ўзи буюрган, жаноби Пайғамбаримиз тавсия этган йўллардан юришни насиб этсин!
Шурчи туманидаги
“Имоми Аъзам Абу Ханифа”
жоме масжиди имом –хатиби Х.Хасанов