Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди.
Бир куни унга хотини:
— «Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман” — деди.
У:
— Нима учун бундай деяпсан?” — деди.
Хотини:
— Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди” — деди.
Толҳа хотинига қараб:
— Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди” — деб жавоб берди.

Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб шундай дейди:
— Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!

Салаф солиҳлардан бири:
“Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни вино) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман, агар унинг тоғнинг тепасида туриб олиб: “أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى” (яъни, мен сизларнинг олий Роббингизман), деётганини кўрсам, Қуръон оятини ўқиётган бўлса керак, деб гумон қиламан.” — деган экан.

Уламолар айтадилар:
“Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар:
“Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”.

Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар:
“Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” — дегин”.
Шеробод тумани “Шеробод” жоме
Масжиди имом ноиби: С.Пўлатов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here