Мусулмон инсон хар бир нарсада бўлгани каби, ижтимоий тармоқдан фойдаланишда ҳам яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга муофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу қилаётган ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернет тармоқ орқали олган фойдасига қўшимча равишда, динининг таълимотларига амал қилгани учун савоб ҳам эга бўлади. Чунки мусулмон киши бир яхшиликни ният қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.
Ибн Аббос (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) дан ривоят қилган хадисда “Албатта, Аллоҳ таоло яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди, сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ таоло буни ўз хузурида комил бир яхшилик деб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз хузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади” деб мархамат қилган. Интернет тармоқларидан фойдаланишда вақтни зоя қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиши, унинг ҳар бир лаҳзаси хисобли эканини, қиёмат кунида ҳисоб китоб бўлишини эсга олиш зарур. Айнан шу ҳис-туйғу бўлмагани учун бугунги кунда кўпчилик инсонлар соатлаб вақтини, азиз умрининг ғанимат кунларини зоя қилмоқда. Мусулмон инсон эса доимо, жумладан, ижтимоий тармоқдан фойдаланишда ҳам умрининг хар лаҳзаси борасида охиратда сўралишини зинхор унутмаслиги лозим. Ибн Масъуд (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) дан ривоят қилган хадисда “Қиёмат куни одам боласининг қадами то унда беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ҳақида сўралмагунича Роббининг ҳузуридан узилмайди” деганлар. Инсонлар хар бир ишдаги каби, ижтимоий тармоқдан ҳам мақсадли ва фойдали қилиш керак. Ижтимоий тармоқда қўриладиган, ўқиладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси шариат рухсат берган нарсалар бўлиш шарт.Зотан, мусулмон инсоннинг ҳамма ерда, барча замонларда ва маконларда қиладиган гап-сўзлари-ю, иш фаолияти шариатга мувофиқ бўлиши талаб этилади.
Аммо, минг афсуслар бўлсинки, баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни интернет сайтларида бемалол кўришади. Улар ўзларича, “бу иш ҳаётдаги савияда эмаску”, деган хаёлга боришлари мумкун. Аслида эса бу ношарьий ишларни ижтимоий тармоқда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон борлигидан. Хаётда одамлар уни кўриб билиб тургани учун, ўзгалар гапирмасин дея ўзини ёмонликдан тийган бўлади. Интернетда эса одамлар кўрмайди ҳам билмайди ҳам, бунинг устига исмини ҳам ўзгардириб, тамоман бирор киши танимайдиган бўлиб олади. Демак, унинг шариат талабларига амал қилиши хўжакўрсинга, тўғрироқ айтганда, мунофиқликка асосланган бўлади. Шунинг учун ҳам интернет тармоқларига кирган ҳар бир инсон ўзининг мусулмонлик бурчини унутмаслиги керак. Одамлар кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло кўриб турганини эсдан чиқармаслик лозим. Аллоҳ таоло қуръон каримнинг Ғофур сураси 19-оятида “У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур” деб мархамат қилади.
Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ, у зот ҳамма нарсани билади.
Яъни кимнингдир бировга билдирмасдан, ўғринча кўз қирини ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин, бошқа нарсаларни билишида асло шак-шубҳа йўқдир. Али ибн Хусайин (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) дан ривоят қилади “Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши Исломнинг хуснидандир” деганлар.
Демак фахш ва беодобликга тарғиб қилувчи, бефойда машғулотларга, вақтни беҳуда ўтказадиган нарсаларга ихтисослашган интернет сайтларига кирмаслиги керак. Мусулмон инсондан вақти, кучи, ақли ва зеҳн-заковатини фақат фойдали нарсаларга сарфлаши талаб этилади.
Жарқўрғон туман “Исломобод”
жомеъ масжиди
имом хатиби А.Халилов