Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

“Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик”, деган

(Кавсар сураси, 1-оят).

“Кавсар” сўзи луғатда “кўп яхшилик”, “жуда ҳам кўп яхшилик” маъносини англатади. Арабларда сон жиҳатидан, қадр-қиймат жиҳатидан ва аҳамияти жиҳатидан кўп бўлган нарсага “кавсар” дейилади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:

“Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан; тупроғи мискдан хушбўй, суви асалдан ширин, қордан оқдир. Ким ундан бир нарса ичса, кейин абадий чанқамайди”.

Муслим ва имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса қуйидагилар айтилади:

“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турган эдилар, бир оз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар.

“Нега куляпсиз, эй Аллоҳнинг расули?” дедик.

“Менга ҳозиргина бир сура нозил қилинди”, деб, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Иннаа аътойнаакал-Кавсар” сурасини қироат қилдилар. Сўнгра:

“Кавсар нималигини биласиларми?” дедилар.

“Аллоҳ ва Унинг расули билувчидир”, дедик.

“У роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб, ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир банда суғуриб олинади.”У менинг умматимдан!” дейман. Шунда: “Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан”, дейилади”.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича:

“Албатта, ҳар бир пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг катта, энг ширин ва энг кўп одам келадиганидир”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийлаадан Яманнинг Санъоси қадардир. Унда осмондаги юлдузлар сонича идишлар бордир”, деган ҳадислари ҳам Кавсар ҳавзаси мавжудлигига далолат қилади.

Ҳовуз тўғрисидаги ҳадислар жуда кўпдир.

Уламоларимиз: “Ҳовуз ҳақида келган ҳадислар мутавотир даражасига етган” дейдилар.

“Сунний ақидалар” китобидан.

Денов туман “Мулло Файзулло” жомеъ  масжиди  имом ноиби

Шахбоз қори Абдуллаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here