“ШУРУТ АС-СОЛАТ”

(“Намоз шартлари”)

Ибн Камол пошшо лақаби билан танилган ҳанафий олими Аҳмад ибн Сулаймон ар-Румий ал-Бурсавий (ваф. 940/1533) раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг етук фақиҳларидан бири ҳисобланади. У қадим Туркия диёридан етишиб чиққан энг таниқли олимлардан биридир. Уни Камолпошшозода деганлар ҳам бўлган. У зот Адирна шаҳрида мударрис ва қози, кейин Истанбулда қозиаскар бўлганлар. Қоҳирада уламолар билан илмий баҳслар олиб борганлар. 932/1525 йилдан умрининг охиригача эса Истанбулда бош муфтий бўлиб илмий фаолият юритганлар. Унинг 300 (уч юз)дан ортиқ асарлари бўлгани маълум. Ана шулардан бири “Шурут ас-солат” (“Намоз шартлари”) деб аталган бўлиб, қўлёзмалари кўп тарқалган. Ушбу мўжаз рисолада ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига кўра намознинг шартлари, вожибу суннат ва мустаҳаблари, намозни бузувчи амаллар ҳамда таҳорат ва ғусл масалалари жуда қисқа равишда кўриб чиқилган.

“ШУРУТ АС-СОЛАТ”

(“Намоз шартлари”)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Оламлар раббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Саловат ва саломлар саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг барча саҳобаларига бўлсин!

Намознинг шартлари боби

Улар олтитадир:

Аввалгиси, пок сув билан таҳорат олмоқ ёки ер жинсидан бўлган тупроқ, қум, тош сурмаси, зарра, тош, ганч каби нарсалар билан қачонки сув топилмаса дуруст бўлади. Шунингдек, таяммум агар киши хаста бўлса, агар сув ишлатса касали зўрайиш хавфи бўлса, ёки жунуб бўлса ва совуқ сув билан ғусл қилишликдан ва совуқлик уни ўлдириши ва соғлиғига зарар етказишидан қўрқса ҳам дуруст бўлади. Иккинчиси, намоз ўқигувчининг бадани, либоси, намози ўрни ҳукми енгил ва оғир бўлган нажосатлардан пок бўлишидир. Ҳукми енгил бўлган нажосатларга от сийдиги (бавли), гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги киради. Агар намоз ўқувчининг баданида ё кийимида ёки намоз ўрнида бир қаричга бир қарич миқдоридан ортиқ (яъни, бўйи ва эни бир қарич миқдоридан кўп) нажас бўлса, улар билан намози дуруст бўлмайди. Қачонки, бу ўша нажосатларни тозалашга қодир бўлсадир. Агарда уларни тозалашга қодир бўлмаса, (тозалашнинг иложи топмаса), барча олимлар иттифоқига кўра, (келишувларига кўра), у намоз ўқийверади, унга ўша намозини қайтадан ўқиш лозим ҳам бўлмайди. Ҳукми оғир нажосатларга қон, сийдик, одамзот ахлати, спиртли ичимликлар, товуқ тезаги, эшшак, мушук ёки сичқон сийдиги, гўнг ва тезаклар кабилар киради. Агар намоз ўқувчининг бадани, кийими ёки намоз ўрнида бир танга миқдори қуюқ (қаттиқ) нажасдан ортиқроқ бўлса ёки суюқ нажасдан кафт ояси (ўртаси) миқдоридан кўпроқ бўлса, ўшандай нажаслар билан унинг намози раво бўлмайди. Учинчиси, авратни беркитишдир. Эркак кишининг аврати киндикдан тиззага қадар аъзоларидир. Тизза ҳам авратдир. Аёлларнинг барча аъзолари авратдир, бундан фақат юзи, икки кафти, икки қадами мустасно. Карнизак аёллар аврат бобида эркакларга ўхшаш, лекин, уларнинг орқа ва қоринлари ҳам аврат ҳисобланади. Тўртинчиси, намоз вақтининг киришидир. Бешинчиси, қиблага юзланишдир. Олтинчиси, ният, яъни, ўқиётган муайян намозини кўнглида қасд этиш.

Агар ушбу олти шартнинг бирортасини тарк этса ёки қилмаса, у кишининг намози дуруст бўлмайди. Хоҳ уларни қасддан тарк қилсин, хоҳ унутиб тарк қилсин, фарқи йўқ. (Ҳар қандай ҳолатда, ушбу амаллар қилинмаган тақдирда намози дуруст бўлмайди).

Намознинг фарзлари боби

Улар ҳам олтитадир:

Аввалгиси, бошланғич такбирлари (намозга киришдаги илк такбирлар). Иккинчиси, оёқ узра туриш. Учинчиси, қироат (бир узун оят ёки уч қисқа оят). Тўртинчиси, рукуъ қилмоқ (эгилмоқ). Бешинчиси, сажда қилмоқ (пешонасини ерга текказиш). Олтинчиси, намоз охирида “аттаҳиёт” миқдори ўтирмоқ.

Кимки ушбу олти фарзлардан бирини тарк этса, унинг намози бузилади.

Намознинг вожиблари боби

Улар ўн иккитадир:

Аввалгиси, (фарз намозларининг аввал икки ракатда ва суннатларда ҳам) “Фотиҳа” сурасини ўқиш. Иккинчиси, (фотиҳага) бир сура қўшиш. Учинчиси, (намоздаги) такрорий қилинадиган амалларда тартибга риоя қилиш (масалан, рукуъ, сажда, қиём ва қироатларни ўз ўрнида бажариш). Тўртинчиси, аввалги қаъда ўтириши (уч ва тўрт ракъатларли намозларнинг иккинчи ракъатидан сўнг ўтирмоқ). Бешинчиси, аввалги ўтиришда “аттаҳиёт” ўқимоқ. Олтинчиси,охирги ўтиришда “аттаҳиёт” ўқиш. Еттинчи, витр намозида дуо ўқимоқ (айнан қунут дуосини ўқимоқ суннат). Саккизинчиси, бошланишдаги илк такбирлардан бошқа икки ҳайит такбирлари. Тўққизинчиси, ошкора ўқиш керак бўлган ўринларда ошкора қироат қилиш (имом бомдод, шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракъатида, шунингдек, жума, ҳайит ва таровеҳ намозларини баланд овоз билан қироат қилиши). Ўнинчиси, паст ўқиш керак бўлган ўринларда паст овозда қироат қилиш (имом пешин ва аср намозларида паст, ўзи эшитгудек овоз билан қироат қилиши). Ўн биринчиси, рукнларни адолат билан тўғри адо қилиш (рукуъ, сажда, ўтиршда аъзоларни тебранишидан тўхтагунча туриш). Ўн иккинчиси, салом лафзига етказиш (намоздан салом бериб чиқиш).

Агар ким ушбу вожибларнинг бирини янглишиб тарк этса, унга саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Агар ким (бу вожиблардан бирортасини) билиб қасддан қилмаса, унга саждаи саҳв лозим бўлмайди (балки, тавба ва истиғфор қилиш лозим бўлади).

Намознинг суннатлари боби

Улар йигирма бештадир:

Аввалгиси, бошланғич такбирларида икки қўлни то икки бош бармоғи қулоқларининг юмшоғи баробарига етгунча кўтаришдир. Иккинчиси, киндик остидан ўнг қўлини чап қўлининг устига қўйишдир. Учинчиси, сано (“субҳонака” дуосини ўқиш). Тўртинчи, “аузу” ни айтиш. Бешинчиси, ҳар бир ракъатда “бисмиллоҳ” айтиш. Олтинчиси, сураи фотиҳани охирги ракъатларда, яъни, шом каби уч ракъатли фарз намозларнинг учинчи ракъатида ёки тўрт ракъатли фарз намозларнинг сўнгги икки ракъатида ўқишдир. Еттинчиси, “омин” дейишдир. Саккизинчиси, намоз орасидаги такбирларни айтишдир. Тўққизинчиси, (рукуъда эркаклар) икки қўли билан тиззаларига таянади. Унда бармоқларининг орасини очиқ тутади ва икки тиззани қўллари билан қўлтиқдан очиқ тутган ҳолда ушлайди. Ўнинчиси, (яна рукуъда) боши билан орқасини текис тутиш. Ўн биринчиси, рукуъда уч маротаба “Субҳана роббийа-л-ъазийм!” деб тасбеҳ айтишдир. Тасбеҳларни учдан зиёда тоқ қилиб орттириш мастаҳаб амаллардан саналади. Ўн иккинчиси, рукуъдан бошини кўтарган пайтда оёқ узра тик тургунча “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ!” дейиш. Ўн учинчиси, “Роббана лака-л-ҳамд!” деб айтиш. Ўн тўртинчиси, (саждага боришда) қўлларини (ерга) қўйишдан аввал икки тиззасини қўяди. Ўн бешинчи, тиззаларини қўйгандан кейин икки қўли билан ерга таянади. Қўллари ва оёқлари бармоқларини қибла тарафга юзлантиради. Жой кенг бўлганида қўлтиқлари орасини очиқ тутади. Сонларидан қорнини айирган ҳолда тутади. Аммо икки оёқни ерга қўйиш масаласига келсак, Имом ал-Қудурий раҳимаҳуллоҳ зикр қилишларича, бу сажда вақтида фарздир. Ўн олтинчиси, юзини икки кафти орасига, икки қўлини қулоқлари тўғрисига қўяди. Ўн еттинчиси,пешонани қўйишдан аввал бурнини қўяди, бурнини қўйгандан кейин эса пешонани қўяди. Агар саждада қисқартса, яъни, бурнинигина қўйса, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздларида дуруст бўлади. Имоми Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ва Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ фикрича, жоиз бўлмайди. Фатво ушбу (сўнгги) сўзгадир! Ўн саккизинчиси, саждада уч мартаба “Субҳана роббийа-л-аъло!” деб тасбеҳ айтишдир. Учдан зиёда тоқ қилиб орттириш мастаҳаб амаллардан саналади. Ўн тўққизинчи, аъзолари тебранишдан тўхтагунча сажда қилган ҳолида ором олиб турмоқ. Агар оёқ узра тик туришни хоҳласа, (бир пас) ўтирмасин ва ерга таянмасин. Йигирманчиси, агар қаъда қилишни хоҳласа, чап оёғини тўшасин ва унинг устига ўтирсин ва ўнг оёғини тик тутсин. Йигирма биринчиси, бармоқларини тўшаган (ишорати саббоба қилмаган) ҳолда, икки қўлини тиззасига қўймоқ. Йигирма иккинчиси, таҳҳиётдан сўнг охирги ўтиришда Пайғамбар алайҳиссаломга саловат айтишдир. Йигирма учинчи, (саловатдан сўнг) Қуръон сўзларига ўхшаш ёки Пайғамбар алайҳиссаломдан айтилган дуолардан олиб дуо қилишдир. Йигирма тўртинчи, намоз сўнггида ўнгга салом берганда ўнг томондаги кишиларни, чап томонга салом берганда чап томондаги кишларни ният этиш. Соқчи фаришталарни ва агар имом бўлса, уни ҳам нияти қилади. Агар ёлғиз ўқувчи бўлса, соқчи фаришталардан бошқани ният этмайди. Йигирма бешинчиси, ўнг ёнига қараганда ўнг чаккасининг оқлиғи ва чап ёнига қарашда чап ёноғининг оқлиғи кўрингунча қараб салом беради.

Намознинг мустаҳаблари боби

Улар саккизтадир:

Аввалгиси, иқоматда “Ҳаййа ъала-с-солат!” дейилган пайтда туришдир. Иккинчиси, агар имом бўлса, “Қод қомати-с-солат!” дейилган пайтда намозга киришишдир. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ муаззин иқоматни тугатган вақтда имом (намозга) киришади, деганлар. Учинчиси, қулоқ қоқиш такбирлари айтаётганда икки енгидан қўлларини чиқаришдир. Тўртинчиси, намоз ўқувчининг қиёмда турганда сажда ўрнига қарашидир. Бешинчиси, намоз ўқувчининг рукуъда икки оёғи устига қарашидир. Олтинчиси, қиём ва рукуъда икки оёқ орасини товонлари томондан қўлнинг тўрт бармоғи миқдори очиб туриш. Еттинчиси, саждада намоз ўқувчининг бурнининг учига қарамоқлигидир. Саккизинчиси, ўтиришда намоз ўқувчининг қўйнига қарамоқлигидир.

Билгинки, (намозда) ўн турли ишда аёллар эркакларнинг аксини қиладилар: (яъни, аёллар билан эркакларнинг намоз ўқишларида ўн жойда фарқлар бор). Аёллар (такбири таҳрима айтишда) икки қўлларини елкалари баробар кўтарадилар. Аёллар (қиёмда) кўкраклари остида ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб турадилар. Аёллар (саждада) қорнини икки сонидан очиқ тутадилар. Аёллар (қаъдада) икки қўлини сонлари устига қўядилар. Бармоқларининг учи тиззаларига етиб туради. Аёллар саждаларида икки қўлтиғини очиқ қилмайдилар. Аёллар ташаҳҳудда ҳар икки оёғини ўнг томондан чиқариб ўтирадилар. Аёллар рукуъда бармоқларини очиқ қилмайдилар.  Аёллар эркакларга имом бўла олмайдилар. Аёлларнинг ўзаро жамоат бўлиб намоз ўқишлари ҳам макруҳ бўлади. Агар жамоат бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсалар, имомлари ўртада (сафдан олдинга чиқмасдан) туради.

  

Намознинг макруҳлари боби

Улар ўн биттадир:

Аввалгиси, (намозда) узрсиз чордона қуриб ўтирмоқдир. Иккинчиси, бармоқлар билан оят ва тасбеҳларни санамоқдир. Учинчиси, саждада икки тирсагини ерга тўшамоқдир. Тўртинчиси,ўнгга ва чапга қарамоқдир. Бешинчиси, узрсиз икки кўзини юммоқдир. Олтинчиси, сажда ўрнидан тошчалардан тозаламоқдир. Фақат агар сажда қилиш мумкин бўлмайдиган бўлса, бир ё икки маротаба тозалайди. Еттинчиси, узрсиз салласининг четига ёки кийимининг чокига сажда қилмоқдир. Саккизинчиси, намозда сабабсиз қадам ташламоқдир. Тўққизинчиси, тишлари билан ёки қўлининг орқаси билан бекитмасдан эснашдир. Ўнинчиси, танасидаги ёки кийимидаги ёки сочидаги ёки тилидаги бирор нарсани ўйнашдир. Ўн биринчиси, қачонки масжидда бўлса, бирор сафда бўш ўрин бўлса, орқадаги сафда турмоқдир.

Намозда муфсидлар боби

Улар ўн тўрттадир:

Биринчиси, узрсиз йўталиб томоқ қирмоқдир. Иккинчиси, акса урган кишига “Ярҳамукаллоҳ!” деб (ёки ўзбек тилида “Саломат бўлинг!” деб) жавоб бермоқдир. Учинчиси, намоз ўқувчининг имомдан бошқа кишига луқма бермоғидир. Тўртинчиси, “Ла илаҳа иллалоҳ” деб жавоб бермоқдир. Агар шу сўз билан бировнинг сўзига жавобни ният қилса, унинг намози бузилади. Агар имомга луқма беришни хоҳласа, намози бузулмайди. Бешинчиси, аврат аъзоларидан бирининг (тўртдан бири) очилишидир. Олтинчиси, оғриқдан ёки қайғудан баланд овозда йиғламоқдир. Фақат жаннат ва дўзахни эслаб йиғласа, бундан мустаснодир. Еттинчиси, қўли ёки тили билан саломга жавоб қайтармоқдир. Саккизинчиси, агар тартиб соқит бўлмаган бўлса, қазо қилган намозининг эсга тушиб қолишидир. (Яъни, агар бировнинг умрида беш намози ўқилмай қолиб қазо бўлган бўлса, у қазоларини аввал тартиби билан ўқиб, сўнг адони ўқишга киришмоғи фарз бўлади. Шу киши бир намозни адо қилаётганда, аввал қазо қилган намозини эслаб қолса, ушбу намози бузилади). Тўққизинчиси, амали касир, яъни, одатда икки қўли билан қилинадиган ишни бажармоқдир. Ўнинчиси, гапирмоқдир. Ўн биринчиси, емоқ. Ўн иккинчиси, ичмоқдир. Ўн учинчиси, ҳушнинг кетимоқдир. Ўн тўртинчиси, (ёнидаги киши эшитадиган даражада) кулмоқдир.

Ушбу ўн тўрт турли ишнинг ҳаммаси намозни бузади. Уни қилувчи хоҳ қасддан қилсин, хоҳ билмасдан қилса, баробардир, фарқи йўқ.

Таҳоратнинг фарзлари боби

Улар тўрттадир:

Биринчиси, юзни ювмоқдир. У бошдан узунасига соч чиққан жойдан (яъни, манглайдан) эяги остига қадар, кенглигида эса қулоғининг бу юмшоғидан иккинчи юмшоғига қадардир. Иккинчи,тирсаклари билан бирга қўшиб икки қўлини ювмоқдир. Учинчи, бошининг тўртдан бирига масҳ тортмоқдир. Тўртинчи, тўпиқлари билан бирга қўшиб икки оёқни ювмоқдир.

Бас, кимки ушбу зикр этилган тўрт нарсадан бирини ёки бир қисмини тарк қилса, (ўша таҳорат билан ўқиган) унинг намози дуруст бўлмайди.

Таҳоратнинг суннатлари боби

Улар ўн учтадир:

Аввалгиси, (таҳоратдан олдин) ният қилиш ва “бисмиллоҳ”ни айтишдир. Иккинчиси, идишга қўлларини киритишдан олдин (умуман таҳоратни бошлашда илк бор) икки қўлни бўғинларига қадар ювмоқдир. Учинчиси, мисвак ишлатмоқдир. Тўртинчиси, оғизни чаймоқдир. Бешинчиси, бурунни қоқиб ювмоқдир. Олтинчиси, оғиз ва бурунни чайишда муболаға қилмоқдир. Оғиз чайишдаги муболаға: сувни оғизнинг бир четидан иккинчи бир тарафига чиқармоқ ёки ғарғара қилмоқ ёки сувни кўпроқ олиб, оғиз тўлдириб чаймоқдир. Бурунни чайишдаги муболаға: сувни бурун тешигидан кўтарилгунча (ачишгунча) тортмоқдир. Еттинчиси, бошнинг ҳаммасига масҳ тортмоқдир. Саккизинчиси, бошига масҳ тортиш учун олган суви билан икки қулоғига ҳам масҳ тортмоқдир. Тўққизинчиси, матнда келган тартибда бажармоқдир (яъни, аввал юзни, кейин икки қўлни, сўнг бошга масҳ тортишни, сўнгра икки оёқни ювмоқ). Ўнинчиси, туташ бажармоқдир (яъни, аъзоларни ювишда бошқа иш қилмасдан пайдар-пай ювиб, таҳоратни тугатмоқ). Ўн биринчиси, ювиладиган аъзоларни уч маротабадан ювмоқдир. Ўн иккинчиси, бармоқларини хилол қилмоқдир (яъни, қўл бармоқларни устидан бир-бирига киритиб-аралаштирмоқ, чап қўлнинг кичик бармоғи билан эса оёқ бармоқларнинг остидан ўтказиб ювмоқ). Ўн учинчиси, бармоқлари билан соқолни хилол қилмоқдир (яъни, соқол ости-устидан ўнг қўл бармоқларининг орқаси билан киритиб тузатмоқ).

Таҳоратнинг мустаҳаблари

Улар аввал ўнг аъзоларидан бошлаб ювмоқ ва бўйнига масҳ тортмоқдир.

Таҳоратнинг одоблари боби

Улар тўққизтадир:

Аввалгиси, таҳорат олаётганда одамлар гапи билан гаплашмасликдир. Иккинчиси, ўнг қўли билан оғзи ва бурнига сув олмоқдир. Учинчиси, чап қўли билан бурун қоқмоқдир. Тўртинчи,ҳар бир аъзони ювганда “Ашҳаду анла илаҳа иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу” деб айтади. Бешинчиси, таҳорат ишини ўзига юкламоқ, ўзи бажармоқ. Олтинчи,таҳорат олганда қибла томонга йўналади. Еттинчиси, таҳоратдан қолган сувнинг қолгани ёки озроғини тик туриб қиблага қараб туриб ичади. Саккизинчи, таҳоратдан бўшагандан сўнг қиблага қараб туриб, “Ашҳаду анла илаҳа иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу. Суҳанака, аллоҳумма, ва биҳамдика! Ва ашҳаду анла илаҳа илла анта, ваҳдака ла шарика лака. Ва астағфирука ва атубу илайка!” деб айтмоқдир. Тўққизинчиси, таҳоратдан бўшагандан кейин икки ракъат (“шукри вузуъ” ёки “таҳорат ҳаққи” дейиладиган) намоз ўқийди.

Сўнгра, билгинки, таҳорат уч турга бўлинади:

Аввалгиси, фарздир. У (рукуъ ва саждали) мутлақ намоз, жаноза намози ва саждаи тиловат учун таҳорат олмоқдир. Иккинчиси, вожибдир. У Байтуллоҳни тавоф қилиб айланиш учун таҳорат олмоқдир. Учинчиси, мустаҳабдир. У ухлаш учун, (шунингдек), ғийбат ва ёлғон сўзлаб қўйганлик учун, шеър ёзгандан сўнг, қаҳқаҳа отиб кулгандан кейин таҳорат олмоқдир. Яна таҳорат устига таҳорат олмоқ ва ўлик ювиш учун таҳорат олмоқ ҳам мустаҳабдир.

Таҳоратнинг макруҳлари боби

Улар учтадир:

Аввалгиси, сувни юзига қаттиқ зарб билан урмоқдир. Иккинчиси, сувга бурун қоқмоқ ва тупук ташламоқдир. Учинчиси, чап қўли билан оғзига ва бурнига сув олмоқдир.

Сўнгра, билгинки, истинжо вақтида сўзламамоқ, катта ва кичик ҳожат пайтида тупук ва манқани ташламоқ, ҳожатхонада авратга қарамоқ ҳам макруҳдир.

Таҳоратда қайтарилган нарсалари боби

Улар бештадир:

Аввалгиси, сувни исроф қилмоқдир. Иккинчиси, ювиш фарз бўлган аъзоларни уч мартадан кўп ёки оз ювмоқдир. Учинчиси, таҳорат олаётганда авратни очмоқдир. Тўртинчиси, ўнг қўли билан истинжо қилмоқдир. Бешинчиси, сувга сиймоқ ва ахлат ташламоқдир.

Таҳоратни бузувчи нарсалар боби

Улар саккизтадир:

Аввалгиси, (инсоннинг орқа-олд аъзолари бўлмиш) икки йўлнинг биридан чиққан барча нарса. Иккинчиси, соғлом танадан чиққан (яъни, албатта ярадан ташқари оққан) қон ва йиринг. Учинчиси, оғизни тўлдириб қайт қилмоқдир. Агар бу зардоб ёки таом ёхуд сув қайт қилсадир. Балғам қусса, қачонки у бош томондан тушса, уч имом (Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ва Имоми Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ) наздида таҳорати синмайди. Агар (балғам) ичдан чиқувчи бўлса ва бу оғиз тўлгунча бўлса, Абу Юсуф раҳимаҳулоҳ фикрларича таҳорати синмайди. Иккови (Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ билан Имоми Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ фикрларига кўра эса ундоқ эмас. Тўртинчиси, чалқанчасига ёки ёнбошлаб ёки бирор нарса суяниб ухламоқдир. Бу агар ушбу нарса олинса, у (ухлаётган кимса) йиқиладиган бўлсадир. Бешинчи, ҳушидан кетмак девона бўлмоқдир. Олтинчиси, рукуъ ва саждаси бор намозда қаҳқаҳа отиб кулмоқдир. Еттинчиси, агар орқа тешикдан қурт чиқса таҳорат бузилади. Агар бошдаги жароҳатдан чиқса, таҳорат бузилмайди. Яна этдан тушса ҳам бузилмайди. Саккизинчиси, эр-хотин қип ёлонғоч бир-бирларига суйкалишмоғидир. (Жинсий алоқа қилиш эса таҳорат билан бирга ғуслни ҳам синдиради). Закарни ушламоқ ва хотинни ушламоқ (аъзосини силаш ёки қўл тегиб кетиши) таҳоратни синдирмайди.

Ғуслнинг фарзлари боби

Улар учтадир:

Аввалгиси, оғиз ичини ювмоқдир. Иккинчиси, бурун ичини ювмоқдир. Учинчиси, қолган барча танасини ювмоқдир.

Ғуслнинг суннатлари боби

Улар бештадир:

Бошланишда икки қўлини бўғинларигача уч мартаба аввал ювади. Сўнг, жинсий аъзосини ювади. Сўнг, агар баданида нажосат бўлса, уни кетказади. Сўнг, намоз таҳорати каби таҳорат қилади, лекин, оёқларини (сув пастда тўпланадиган бўлса,) ювмай туради. Сўнг, бошидан ва танасининг бошқа жойларига (ўнг ва чап елкаларидан бошлаб) сувни уч мартаба қуяди. Сўнг, ушбу макондан (ғусл қилинган жойдан) чиқиб, икки оёқларини ювади. Ғусл қилганда аёлларга, модомики сув соч тагларига етадиган бўлса, соч турмак (ўрим)ларини бўшатмоқ (ёздирмоқ) вожиб эмас.

Бундан кейин, билгинки, ғусл ўн бир хил бўлади:

Улардан бештаси фарз. Улар икки уят аъзо қўшилганда ғусл қилмоқ; маний (отилиб) чиққанда ғусл қилмоқ; эҳтилом бўлганда (уйқуда булғанганда) ғусл қилмоқ; ҳайз ва нифос қони келиб битганда ғусл қилмоқдир. Улардан биттаси вожиб. У эса маййитни ювишдир. Улардан тўрттаси суннат. Улар жума ва арафа кунларидаги ғусл, эҳром боғлаш чоғидаги ғусл, икки ҳайит кунларидаги ғуслдир. Улардан биттаси мустаҳаб. У эса кофирнинг агар жунуб бўлмаган бўлса, мусулмон бўлган чоғидаги ғусли ҳисобланади. Агар жунуб бўлган бўлса, ғусл вожиб бўлади.

Рисола тамом бўлди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here