Улуғлардан бири айтади:”Илм ўрган! Чунки илм ёшликда сенга куч — қувват бериб, тўғриликка бошлайди, улғайганда сени саййидга айлантириб, обрўйингни оширади, ёмон ва фосид хулқларингни тузатиб, душман ва ҳасадчиларингни хорлайди. ”
Ислом дини илмга катта баҳо бериб, унинг қадрини улуғлайди. Мамлакатимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб олимлар ва маърифатпарвар зотлар илм-фан ривожига жонбозлик кўрсатганларига гувоҳ бўламиз. Бунинг сабаби, Қуръони Каримнинг илк оятлари илм олишга, китоб ўқишга буюриш — тарғиб қилиш билан нозил бўлиб бошланганидир. Буюк бобокалонларимиз ўз юртларида илм олиш билан биргаликда узоқ юртларга бориб, қанчадан қанча машаққатлар ва синовлар билан илм ўрганганлар. Қайси юртда илм олишга, китобхонликка эътибор кучайса, яъни кашфиётларга йўл очилса, бундай юрт тезда қаддини кўтариб, дунёга танилади. Китоб ўқиб илм ўрганиш туфайли инсон жаҳолатдан қутулади, икки дунё саодатига эришади. Илм – инсонийлик тожидир. Инсон илм билан шараф топади. Илм ўрганиш ва ўргатишнинг фазилати ҳақида пайғамбаримиз с.а.в. шундай деганлар: “ Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчига салавот айтадилар”, дедилар. (имом Термизий ривояти).
Маҳмудхўжа Беҳбудий миллат келажаги ҳақида қайғуриб фикр юритар эканлар, “Дунё турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деб таъкидлаган эдилар.
Бугунги кунда илм ва таълимнинг қадр- қиммати янада ошиб бормоқда. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Республикамиз миқёсида китоб ўқишга тарғиб қилиш, китобхонлар кўрик танловларини ўтказиб, уларга катта-катта совринлар бериш орқали китоб ўқиш, илм ўрганишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Афсуски, кўпчилик ота – оналар фарзандларини китоб ўқишга эмас, мол – дунё ва мўмай пул топишга ўргатаётгани ёки шунга тарғиб қилаётгани сир эмас. Агар юртимизда илмни қадрлаб, уни ҳурмат – эҳтиром қиладиган кишилар кўпаймаса, фарзандларимиз илмсиз, жоҳил бўлиб вояга етса, жамиятимиз инқирозга юз тутиши ҳақида жиддий бош қотиришимиз лозимдир. Тарбия деганда ёшларга диний ва дунёвий илм бериб бирон касб –корга ўргатиш ва мустақил ҳаётга йўллаб қўйиш тушунилади. Бизнинг олий мақсадимиз илм-фан туфайли мамлакатимизни тараққиёт чўққисига эриштиришдир.
Бизнинг фарзандларимиз ҳам дунё иззати ва охират шарафи ва саодатини топадиган илмли зиёли, баркамол авлодлар бўлишсин.
Пулхоким жомеъ масжиди
Имом-хатиби: А.Тошматов