Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий томонидан “Маҳорат дарси” ташкил этилди.
“Мотуридия таълимоти ва замонавий тараққиёт” мавзусида ўтказилган маҳорат дарсларида Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар мутасадди ходимлари иштирок этди.
Кейинги йилларда юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва фаолияти, уларнинг маънавий меросини ўрганишга қаратилган алоҳида эътибор туфайли Имом Мотуридий ва унинг мотуридия таълимоти ҳам кенг тадқиқ этилмоқда. Зеро, бугун глобал дунёда ислом динини тўғри англаш ва талқин қилиш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мотуридия таълимотининг ўрни беқиёслиги, илмий-маънавий бой мероси давлат ва жамият тараққиёти, инсонийлик тамоийлларига асослангани қатор хорижий ва маҳаллий олимлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Бунинг яққол мисолини куни кеча Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияга дунёнинг 70 га яқин давлатидан кўзга кўринган уламмолари, етакчи олий таълим муассасалари олимлари иштирок этганида ва улар томонидан Имом Мотуридий маънавий меросини ўрганиш борасидаги тадқиқотлар, алломанинг дунё тараққиёти, халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда тинчликни таъминлаш хусусида билдирган фикр-мулоҳазлари дунё олимлари томонидан эътироф этилганида яна бир бор ўз исботини топди.
Мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурий томонидан ташкил этилган ушбу маҳорат дарслари ҳам халқаро анжуманнинг мантиқий давоми бўлди. Олим тўрт кун давомида академия профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун “Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти”, “Бағрикенглик ва кенгфикрлилик маданияти. Мутаассиблик ва терроризмга қарши курашда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти”, “Имон ва эътиқод масаласи. Такфирчиликнинг олдини олишда мотуридий таълимотининг ўрни” ва “Комил илм. Илмий тараққиёт ва маърифат моделининг мотуридийлик бўйича талқини” каби мавзуларда дарс машғулотлари олиб борди.
Мотуридий ҳикматларида соғлом эътиқод, теран фикр, тўғри талқин ислом таълимотини тушунишда катта омил саналади. Зеро, диннинг вазифаси тўғри йўлга мулойимлик ва насиҳат ила чақириш, қоқилганни ўрнидан туришига кўмаклашишдир.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий томонидан ўтказилаётган “Маҳорат дарси” 12 мартга қадар давом этади.