Жорий йилнинг 28 март куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Нарх қимматлашган, халқ норози, давлат ходимлари томошабин бўлиб ўтирибди”, деган мазмундаги видеоматериалга Сурхондарё вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Ушбу видеода акс этган бозор туманнинг Орият маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, у ҳафтанинг ҳар жума куни фаолият юритиши сабабли ҳам халқ тилида “Жума бозори”, деб ном олган,– дейилади жумладан унда.

2020 йилнинг 27 март куни Ангор туманидан ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ушбу бозорда сотиш учун келган тадбиркор томонидан картошканинг нархи сунъий равишда оширилгани туфайли аҳолининг норозилигига сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат шу куннинг ўзидаёқ бартараф этилиб, бозордаги нарх-навонинг сунъий ошиб кетишига йўл қўйган тадбиркорга нисбатан тегишли чора кўрилди. Ижтимоий тармоққа жойлаштирилган видеода тегишли мутасадди идора вакилининг харидорлар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлган бу ҳолатни бартараф этиш жараёни ҳам акс этган.

Шу боисдан фуқароларимиздан “… давлат ходимлари томошабин бўлиб ўтирибди”, деб ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинган ҳолда тарқатилган, миш-мишларга сабаб бўладиган бундай ёлғон маълумотларга ишонмасликларини сўраймиз.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 30 март ҳолатига, Музработ туманида жами – 987,2 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилган. Унинг 265,7 тоннаси картошка, 139,7 тонаси пиёз, 117, 7 тоннаси сабзи ҳамда 464,1 тоннасини гуруч маҳсулоти ташкил этади. Жамғарилган захира махсулотларнинг шу кунгача 776,3 тоннаси яъни 78,5 фоиздан кўпроғи ички бозор ва истеъмолга чиқарилган.

Бундан кўриниб турибдики, Музработ туманида етарли озиқ-овқат захира бор. Айни пайтда туман марказий деҳқон бозори кучайтирилган назорат тартибида фаолият юритмоқда. Аҳоли ўртасида ортиқча ваҳима уйғотмаслик, бозордаги нарх-навонинг сунъий ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида арзонлаштирилган савдо шохобчалари ташкил этилган. Туман ҳокимлиги, солиқ ва департамент идоралари ходимлари томонидан деҳқон бозорида мониторинг ишлари олиб борилиб, нархларни асоссиз оширганларга қонуний чора кўрилмоқда.

Муносабатда фуқаролардан айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига гувоҳ бўлишса, туман давлат солиқ инспекциясининг (76) 34-91-451, прокуратура ҳузуридаги департаментнинг (76) 34-91-417 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат этиш сўралган.

uza.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here