Мавжудотлар орасида энг юксаги, энг шарафлиси инсондир. Аллоҳ таоло дейди: «Биз
инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик», («Ваттийн» сураси, 5-оят). Ислом
уламолари: «Инсонга боқсанг, Аллоҳнинг улуғлигини, буюклигини кўрасан, чунки инсон каби
мукаммал бир махлуқни ёлғиз Аллоҳгина ярата олади», -деганлар.
Аллоҳ инсонни яратганда унга ҳурмат кўрсатган. Шу сабабли фаришталар одам
яратилганда, сажда қилганлар. («Бақара» сураси, 30-34-оятлар.) Пайғамбаримиз ҳам ҳамиша
одамларни ҳурматлаб, уларни эъзозлашга даъват этардилар. Бир ҳадисларида дегандилар:
«Катталарга ҳурмат, кичикларга Шавқат кўрсатмаган биздан эмас».
Пайғамбаримиз одамларни жуда қадрлаб, уларга ҳамма вақт шафқат ва марҳамат
кўрсатар эдилар. Ул зотнинг саҳобаларидан ҳазрати Анас шундай дейдилар: «Мен
пайғамбаримизга ўн йил хизмат қилдим. Бирон маротаба ҳам дағал сўз сўзлаганларини
эшитмадим. «Бу ишни нега бундай қилдинг?» — деб аччиқланганларини бирон марта ҳам
кўрмаганман».
Ҳазрати Муҳаммад(САВ) замондошларининг айтишларича, бир жанг маҳали душман
сафлари орасида кичкина болаларнинг ҳам ўлдирилганини пайғамбаримизга хабар қилдилар.
Буни эшитган пайғамбаримиз ғоят қаттиқ қайғурдилар. Ёнларидаги саҳобалар: «Улар
кофирларнинг болалари, душманларимизнинг болалари, улар учун нега қайғурмоқдасиз, ё
Расулуллоҳ?» -дедилар. Пайғамбаримиз: «Улар сизлардан яхшироқдир. Улар туғилган
вақтларидагидек ётибдилар. Вояга етмаганлари учун улар соф ва гуноҳсиздирлар», — деб жавоб
қайтардилар.
Бир сафар пайғамбаримизга: «Ё Расулуллоҳ, душманларимизга лаънат ўқинг: Аллоҳ
уларнинг жазосини берсин», — дедилар. Пайғамбаримиз уларга: «Мен одамларга лаънат ўқиш
учун эмас, раҳмат айтиш учун юборилганман», — дедилар ва душманларини лаънатламадилар.
Пайғамбаримиз дўстлари ва танишларини қадрлар, кексаларни ҳурмат қилардилар.
Баъзида уларга кулгили сўзлар айтардилар. Бир куни пайғамбаримизнинг уйларига бир кампир
кириб келди. Пайғамбаримиз уни ҳурмат билан кутиб олдилар. Рўпарама-рўпара ўтириб ғоят
кўнгилли сўзлашиб турганларида, у кампир пайғамбаримизга қараб: «Е Расулуллоҳ, мени дуо
қилинг, токи мен ҳам жаннатга кирай», — деди.
Пайғамбаримиз: «Сиздек кампирларни Аллоҳ ўз жаннатига киритмайди», — деб жавоб
қайтардилар. Кампир жуда хафа бўлиб йиғлашга тушганда, пайғамбаримиз дедилар:
«Йиғламанг, ҳазиллашган эдим. Сиз иншоаллоҳ жаннатга кирганингизда, ёш қиз
кўринишида бўлурсиз. Аллоҳ одамларни яшартириб жаннатга киргизади».
Катталарга ҳурмат савобдир ва дунёдаги ҳаётимизнинг тинчликда ўтишига сабаб бўлур.
Аллоҳ соф кўнгил кексаларнинг дуолари туфайли одамларга марҳамат кўрсатади ва
ризқларимизга баракат беради. Бир йиғинда пайғамбаримизга бир идишда шарбат тутдилар.
Пайғамбаримиз шарбатни ўзларидан каттароқ ёшдаги Абу Убайда исмли саҳобаларига тақдим
этдилар. Абу Убайда: «Ё Расулуллоҳ, аввал сиз ичинг. Сиз мендан муносиброқсиз, сиз
пайғамбарсиз», — деганда, пайғамбаримиз: «Сиз ичинг, баракат кексаларимиздадир», —
дедилар ва Абу Убайдага шарбатни ичирдилар.
Пайғамбаримиз болаларни яхши кўрар ва уларни ардоқлашга даъват этардилар.
Болаларни кўрганларида, муборак юзлари нурланиб, уларни қучоқлар эдилар. Маҳаллада
учрашган болалар билан саломлашиб сўзлашар эканлар, уларга қизиқ-қизиқ гапларни
айтардилар. Туяси билан юрган бўлса, уларни туяга миндириб қўярдилар. Ҳатто бир марта
мусобақалашаётган болалар билан бирга югуриб, уларни ниҳоятда хурсанд қилган эдилар.
Усама бинни Зайд шундай ривоят қилган эди: «Пайғамбаримиз мени бир тиззаларига,
неваралари Ҳасанни бир тиззаларига олиб ўтириб, бизларни қучоқлаб туриб, «Аллоҳим,
болаларга марҳамат айла, тавфиқли, бахтли қил. Мен буларнинг яхши ҳамда
бахтли бўлишини истайман «, — дедилар».
Болалар бу дунёдаги ҳаётнинг безаги, кексалар эса ҳаётнинг баракоти. Кичик болаларга
шафқат, кексаларга ҳурмат динимизнинг негизларидандир.

ШЎРЧИ ТУМАНИ “ ТОЛЛИ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here