1-Китоб: Бу – Қуръон бўлиб, у бебаҳо хазина, дин асоси, мусулмон миллати суянчиғидир. Аллоҳ таоло Қуръонда ҳамма нарсанинг илмини жамлаган, тўғри йўлдан эгри йўлни ажратиб берган. У ҳикмат чашмаси, рисолат ҳужжати, қўз ҳамда қалб нуридир. Уни яхши билган олим шаксиз шариатни мукаммал билибди. Аллоҳ таоло:
وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً وَبُشْرَى لِلْمُسْلِمِينَ
яъни: “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 89-оят), деган. Бошқа бир оятда:
مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْءٍ
яъни: “Китобда бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз” (Анъом сураси, 38-оят), деган.
Шунингдек, ҳадисда: “Ҳақиқатан, бу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони, ёрқин нур, фойдали шифо, уни тутган киши адашмайди, унга эргашган киши нажот топади”, дейилган.
Қуръони карим аҳкомларнинг аксарини умумий маъноларини келтирган, уларни батафсил баён қилмайди. Уларнинг тафсилотларидан хабардор бўлиш учун эса, шарҳ вазифасини бажарувчи Суннатга мурожаат қилиш лозим бўлади. Бу ҳам бўлса Аллоҳнинг ушбу умматга бўлган меҳрибончилигидир. Яъни, Аллоҳ таоло инсонларнинг ақллари ожиз эканлигини эътибордан четда қолдирмаган ҳолда, уларга ҳудди аввалги умматларга келгани каби аҳкомларни тафсилотлари билан баён қилмади. Чунки, Ислом шариати омма учун мос келадиган, қоидалари ўзгармас бўлиб, улар мукаммал бўлганидан сўнг ҳеч қандай насх ёки ўзгариш киритилмайдиган бўлиб қолиши лозим эди. Усул илми мутахассислари (яъни шариат қонунлари асосини ўрганувчи олимлар) Қуръонга таъриф бериш билан шуғулланганлар. Бундан мақсад қайси ҳолатда намоз ўқиш жоиз, қайси ҳолатда ножоиз, қайси нарса ҳукм чиқаришга ярайди, қайси нарса ярамайди, нима нарсани инкор қилса кофир бўлади, нима нарсада кофир бўлмайди ва ҳоказоларни аниқлаб олмоқлик эди. Ваниҳоят улар Қуръонга шундай таъриф бердилар: “Қуръон – бу, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га араб тилида нозил қилинган, мутавотир тарзда нақл қилинган, Фотиҳа сураси билан бошланиб Ан-Нос сураси билан тугаган китобдир”. Ушбу таърифга биноан Қуръоннинг таржимаси Қуръон деб номланмайди, балки у тафсир деб аталади. Бунда таржиманинг сўзма сўз бўлиши ёки маъносининг таржимаси бўлиши ҳам бир. Бундан ташқари мутавотир тарзда нақл қилинмаган нодир қироатларнинг таржимасининг ҳукми ҳам шундай. Мутавотир тарзда нақл қилинмаган нодир қироатларга мисол тариқасида Ибн Масъуд ва Убай ибн Каъбнинг ушбу қироатлари:
( للذين يؤلون من نسائهم تربص أربعة أشهر فإن فاءوا فيهن فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ) ( سورة البقرة : 226 )
яъни: “Хотинларидан қасам билан воз кечганлар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида) “уларга” қайтсалар (жоиздир), зеро, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 226-оят), шунингдек, Бақара сурасининг 233-оятидаги:
(وعلى الوارث ذي الرحم المحرم مثل ذلك )
яъни: “Меросхўр – “маҳрам бўлган қариндош”нинг зиммасида ҳам худди шундай (нафақа масъулияти бор)” жумлаларни зикр қилиш мумкин.
Қуръони каримнинг нозил бўлиш кайфияти
Воқеа-ҳодисаларга муносабат тарзида нозил бўлиши
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وَقُرْآَنًا فَرَقْنَاهُ لِتَقْرَأَهُ عَلَى النَّاسِ عَلَى مُكْثٍ وَنَزَّلْنَاهُ تَنْزِيلًا
яъни: “Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик”, деган (Исро сураси, 106-оят). Бошқа бир оятда эса:
وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْلَا نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآَنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً كَذَلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا
яъни: “Кофир бўлган кимсалар: “Нега бу Қуръон унга (пайғамбарга) яхлит бир тўплам ҳолида нозил қилинмади?”, – дедилар. (Эй, Муҳаммад!) Биз у (Қуръон) билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан (равон) ўқиб бердик”, деб марҳамат қилган (Фурқон сураси, 32-оят).
Шундан кўринадики, демак, Қуръон Пайғамбар алайҳиссаломга ҳудди Таврот Мусо алайҳиссаломга нозил бўлганидек бирданига тушмаган. Балки, у ҳар хил воқеа ҳодисалар сабабли, муайян масаланинг ҳукмини баён қилиш учун саволга жавоб тариқасида секин-аста нозил бўлган. Масалан,
وَلَا تَنْكِحُوا الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلَأَمَةٌ مُؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِنْ مُشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ
яъни: “Мушрика аёлларни, то имон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Зеро, ҳур мушрика аёлдан кўра, имонли чўри яхшироқдир, гарчи у (мушрика) сизларга манзур туюлса ҳам” (Бақара сураси, 221-оят) ояти уламоларнинг сўзларига биноан Марсад ал-Ғанавий разияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ с.а.в. у кишини Маккага у ердаги заиф мусулмонларни олиб келиш учун юборганларида бир мушрика аёл уни ўзи билан зино қилишга чорлайди. Аёл бағоят гўзал ва қадди қомати келишган бўлади. Марсад Аллоҳдан қўрқиб аёл билан зино қилишдан бош тортади. Кейин аёл ундан ўзига хотинликка олишни таклиф қилади. Марсад эса, аввал Расулуллоҳ с.а.в.дан маслаҳат сўраб, шундан кейин унга уйланиши мумкинлигини айтади. Мадинага қайтиб келганидан сўнг Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган воқеани айтиб, ўша аёлга уйланишга изн сўраганида юқоридаги оят нозил бўлади. Шунингдек,
إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِتَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ بِمَا أَرَاكَ اللَّهُ وَلَا تَكُنْ لِلْخَائِنِينَ خَصِيمًا
яъни: “Албатта, Биз Сизга ушбу Китоб (Қуръон)ни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун барҳақ нозил этдик. Хиёнатчиларга эса, ҳимоячи бўлманг!” (Нисо сураси, 105-оят) ояти ва ундан кейинги оятлар Бани Зуфар қабиласидаги Тоъма ибн Убайриқ деган киши ҳақида нозил бўлган. У киши қўшнисининг совутини ўғирлаб, ўғрилиги ошкор бўлиш хавфи туғилганда у совутини бошқа бир одамнинг уйига олиб бориб беркитади. Шундан кейин Тоъманинг қабиладошлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келишиб, уни оқлаб гапирадилар. Уларга ишониб Пайғамбар алайҳиссалом Тоъмани одамлар олдида ҳимоя қиладилар ва уни ўғри деганларга қарши гапирадилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлган.
Саволларга жавоб тариқасида келган оятларга мисоллар жуда ҳам кўп бўлиб, улардан баъзиларини намуна учун келтирамиз:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْيَتَامَى قُلْ إِصْلَاحٌ لَهُمْ خَيْرٌ وَإِنْ تُخَالِطُوهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ
яъни: “Сиздан, шунингдек, етимлар тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизга) уларнинг молларини қўшиб юборсангиз (зарари йўқ), зеро, улар (бамисоли) ўз биродарларингиздир” (Бақара сураси, 220-оят).
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى فَاعْتَزِلُوا النِّسَاءَ فِي الْمَحِيضِ وَلَا تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّى يَطْهُرْنَ فَإِذَا تَطَهَّرْنَ فَأْتُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ أَمَرَكُمُ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ
яъни: “Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз). Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).
وَيَسْتَفْتُونَكَ فِي النِّسَاءِ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِيهِنَّ
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) аёллар тўғрисида фатво сўрайдилар. Айтинг: “Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ фатво берур” (Нисо сураси, 127-оят).
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْأَنْفَالِ قُلِ الْأَنْفَالُ لِلَّهِ وَالرَّسُولِ
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир” (Анфол сураси, 1-оят).
Қуръон камдан-кам ҳолатда ҳеч қандай саволсиз, ҳеч қандай воқеа-ҳодисасиз нозил бўлар эди. Бироқ, гоҳида бирорта саволга жавоб бўлиб ёки бирорта воқеанинг ҳукмини баён қилиб нозил бўлган оятга боғлиқ бўлган бошқа ҳукм ҳам келар эди. Бунга мисол тариқасида шуни келтириш мумкин:
وَيَسْتَفْتُونَكَ فِي النِّسَاءِ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِيهِنَّ
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) аёллар тўғрисида фатво сўрайдилар. Айтинг: “Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ фатво берур” (Нисо сураси, 127-оят). Ушбу оятдаги савол етим аёлларга уйланишнинг ҳукми ҳақида эди. Оятда сўралган фатвога жавоб нозил бўлиш билан бирга болаларга яхшилик қилиш, етимларга нисбатан адолатли бўлиш ҳақида қўшимча ҳукмлар ҳам нозил бўлди.
Шунингдек,
وَلَا تُنْكِحُوا الْمُشْرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُوا وَلَعَبْدٌ مُؤْمِنٌ خَيْرٌ مِنْ مُشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ
яъни: “Мушрик эркакларга ҳам, то имон келтирмагунларича, (мўмина қизларни) никоҳлаб бермангиз. Зеро, ҳур мушрикдан кўра имонли қул яхшироқдир, гарчи у (мушрик) сизларга манзур туюлса ҳам” (Бақара сураси, 221-оят) ояти юқорида зикр қилинган Марсад ал-Ғанавий ҳақида нозил бўлган оят билан бирга тушурилгандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг
биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.